Эпизоотик барқарорлик нега муҳим?

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 10 март сонида академик Жалолиддин Азимовнинг “Эпизоотик барқарорлик нега муҳим?” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Бугун жаҳон миқёсида антропоген омиллар кучайишининг атроф-муҳит биоиндикаторлари — ҳайвонот оламига таъсири тобора ортмоқда. Натижада унинг айрим турлари кескин камайиши ва йўқ бўлиб кетиш хавфини юзага келтирмоқда. Шу боис, ҳайвонот дунёси хилма-хиллигини асраш дунё миқёсидаги долзарб масалалардан бирига айланди. Мамлакатимизда ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, аҳоли саломатлигини сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш борасида изчил ишлар бажарилмоқда.

    Жумладан, ҳайвонларни табиий муҳитда муҳофаза қилиш жараёнини такомиллаштириш, уларнинг яшаш муҳити ва хилмахиллигини сақлаб қолишга эътибор қаратилган. Кўрилаётган чора-тадбирлар туфайли муҳофаза этиладиган ҳудудлар кенгайтирилиб, янгилари ташкил этилмоқда. Бу эса ҳайвонот олами хилма-хиллигини сақлаш ва экологик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, илм-фандаги тадқиқотларни мақсадли йўналтириш, изланиш ва ишланмаларни амалиётга татбиқ этишда катта аҳамиятга эга.

    Бу борада Фанлар академияси Зоология институти катта илмий мактаб вазифасини ўтаяпти. 1950 йили ташкил этилган институт дастлаб юртимизнинг ёввойи ҳайвонот оламини ўрганиш борасидаги илмий тадқиқот ишлари билан шуғулланган. Кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Ботаника илмий ишлаб чиқариш маркази ва Зоология институти бирлаштирилиб, Ўсимлик ва ҳайвонот олами генофонди институти ташкил этилди.

    Шундан сўнг институт мамлакатимиздаги ҳайвонот ва ўсимлик оламини ўрганиш борасида тадқиқот ишларини ўтказа бошлади. Президентимизнинг 2017 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ботаника институти ва Зоология институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан алоҳида илмий-тадқиқот институти сифатида қайта ташкил этилди.

    Унга кўра, Зоология институти зиммасига Ўзбекистон ҳудудидаги ҳайвонот олами, хилма-хиллиги ва биологияси, экологияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион ишланмаларни тартибга солиш, ҳайвонот оламидан оқилона фойдаланиш вазифаси юклатилди. Бу илм-фанимиз учун катта воқеа бўлди. Ҳозир институтда 7 та лаборатория, Термитларга қарши курашиш маркази ва унинг ҳузурида ноёб объект сифатида зоология коллекцияси фаолият юритади.

    Жумладан, Умумий паразитология лабораториясида умуртқали ҳайвонлар гельментофаунасининг шаклланиш йўллари, таксономияси ва қарши кураш чораларини такомиллаштириш бўйича илмий ишлар олиб бориляпти. Асли, ветеринар врачман. Лекин институтдаги узоқ йиллик амалий ва илмий фаолиятим мутахассислигимни ривожлантириш, тажрибамни қўллаш, миллий кадрлар тайёрлаш, ветеринария хизматини такомиллаштириш, ҳайвонлар касаллигини ташхислаш ва даволашда профилактик чораларни ишлаб чиқиш, биохилмахилликни сақлашга қаратилди.

    Кўплаб давлатларда бўлгани сингари аксарият вилоятларимизда ҳам қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари орасида паразитар касалликлар тарқалиши катта иқтисодий зарар етказади. Бу чорва ҳайвонларининг ривожланишдан қолиши, маҳсулдорлиги пасайиши, нобуд бўлиши, озиқ-овқат сифати бузилиши каби ҳолатларда кузатилди. Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1985–1986 ва 2004- йилларда шистосомоз (ориентобильгарциоз) касаллиги тарқалиши жуда катта талафотга сабаб бўлди.

    Хусусан, 2000-йилларгача Бўзатов туманида 56 минг қорамол бор эди. Бироқ шистосомоз касаллигининг эпидемиологияси туфайли уларнинг 80 фоизи қирилиб кетди. Натижада Еркиндарё, Шахаман далаларидан то Мўйноққача чўзилган ҳудудда илгари уюр-уюр йилқиси, подапода қорамол, сурув-сурув қўй, Дауткўлдаги маржон балиқлари билан машҳур бўлган туман 2004 йили тугатилди.

    Ушбу шароитдан келиб чиқиб, фундаментал ва амалий тадқиқотлар соҳадаги муаммоларни ечишга қаратилиб, қатор чоралар кўрилмоқда. Албатта, айни пайтда мамлакатимизда ветеринария ва чорвачилик хизмати анча яхши йўлга қўйилган. Бу эса, ўз навбатида, қишлоқ хўжалигида чорвачиликнинг барча соҳаси бўйича маҳсулдорликни ошириш, экологик тоза маҳсулотлар олиш, ҳайвонларни паразитар касалликлардан ҳимоя қилиш, эпизоотик барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда.

    Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 4 сентябрдаги сессиясида Бўзатов туманини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, умумий майдони икки минг ўттиз беш квадрат километр бўлган ушбу туман ташкил этилди. Давлатимиз раҳбарининг чорвачиликни ривожлантириш мақсадида Бўзатов туманини қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифи халқимизни беҳад қувонтирди.

    Эндиликда Бўзатов, Мўйноқ, Тахтакўпир, Қўнғирот туманлари чорвачиликка ихтисослашган ҳудудлардир. Ҳозир бу туманларда чорва ҳайвонлари касалликларининг олди олиниб, эпизоотик барқарорлик таъминланган, чорвачилик ривожланиб, тоза маҳсулотлар етиштириш йўлга қўйилган. Илмий тадқиқотларнинг амалиётга жорий қилиниши туфайли Қўнғирот, Мўйноқ, Тахтакўпир, Бўзатов туманларида йилига 10 миллиард сўмдан кўпроқ иқтисодий самарадорликка эришилмоқда. Бу эса илм-фан, таълим, инновацион тадқиқотларнинг биргина кўрсаткичидир.

    Озиқ-овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан. Сабаби, табиатга бефарқ муносабат, унга антропоген таъсирнинг кучайиб бориши, исрофгарчилик, илғор ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги озиқ-овқат мувозанати бўйича фарқнинг ўсаётгани, иқлим ўзгаришлари қатор салбий омилларни келтириб чиқаряпти. Ноз-неъматларимиз, чучук сув, уммонлар, ўрмонлар, биологик хилма-хиллик кескин суръатда камаймоқда. Ер унумдорлиги пасайиб, тупроқ деградацияга учраётир.

    Бугуннинг талаби эса биохилмахилликни асраб қолиш, қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг саломатлигини сақлаш, касалликларни бартараф этиш ва тоза маҳсулот олиш, озиқ-овқат жиҳатидан экологик хавфсизликни таъминлашдан иборат. Буларнинг барчаси Зоология институтининг умумий лабораториясида тадқиқ этилмоқда. Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг биохилма-хиллиги ҳозирги пайтда маълум бўлган 27 мингга яқин турни ўз ичига олади. Улар орасида ўсимликлар дунёси 11 мингга яқин ва ҳайвонот дунёси 15,6 минг турдан ортиқ.

    Мамлакатимизда уй ҳайвонлари — қорамоллар 13 миллиондан ортиқни, майда шохли чорва 23–24 миллионни ташкил қилади. Шу маънода, мамлакатимиз шароитида қишлоқ хўжалигида олинадиган ҳайвонлар организми паразитар касалликларни юзага келтириши ўрганилган. Айни пайтда шистосомоз касаллиги дунёнинг 72 давлатида учрайди, 2,5 миллион одамда клиник белгилари ҳам кузатилган. Хусусан, Африка, Лотин Америкасида бу касаллик анча авж олган.

    Бизда ҳайвонлар касаллигининг ҳар бир турини аниқлаб, аксарият қисмининг биологик, экологик хусусиятини ўрганиб, уларга нисбатан кўриладиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Қишлоқ хўжалигида профилактик тадбирларни амалга ошириш баробарида аҳолини ҳам шу каби касалликлардан ҳимоя қилишга ҳисса қўшамиз. Қолаверса, ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини узлуксиз ошириб боришга қаратилган махсус дастур мавжуд.

    Давр шиддат билан ўзгарар экан, биз — илм-фан кишиларидан тадқиқот ишларини мақсадли йўналтириш, ишланмаларнинг амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш, соҳада олинган натижа ва ютуқларни халқаро нуфузли журналларда чоп этиш орқали бутун дунё олимларига етказиш талаб қилинмоқда. Шу мақсадда ҳозирга қадар шогирдларимиз мингдан ортиқ илмий мақола чоп этди. Уларнинг аксарияти хорижий нашрларда берилди.

    Чорва ҳайвонлари касалликлари чет давлатларда ҳам учраётгани боис, бундай мақолаларга қизиқиш ва талаб катта бўлмоқда. Қолаверса, ишланмаларимиздан кенг фойдаланган ҳолда юқори натижаларга эришиляпти. Бугунги кунда илмий тадқиқотлар натижасида 30 дан зиёд монография ва соҳага оид кўплаб китоблар яратилган. Улар илм аҳли ва ишлаб чиқариш соҳаси ходимларига тарқатилди. Шунингдек, яна бир монографиямиз Европада инглиз тилида чоп этилиш арафасида.

    Демак, илм-фандаги ютуқларимиз нафақат юртимиз, балки чет давлатларда ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Шу билан бирга, кўплаб шогирдларимиз Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия каби давлатларда фаолият юритяпти. Институтимиз мамлакатимиз учун малакали кадрлар тайёрлаш билан бирга хорижий давлатларнинг ҳам мутахассисларга бўлган талабини қондиряпти, десак муболаға бўлмайди.

    Зоология институтининг Германия, Швейцария, Хитой, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Буюк Британия қироллиги илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан меморандумлар имзолаб, ҳамкорликни йўлга қўйгани фаолиятимиз кўламини кенгайтирмоқда. Бир сўз билан айтганда, институт юртимиз ҳайвонот дунёси хилма-хиллик жиҳатидан бой таркибга эгалигини ҳисобга олган ҳолда, ноёб, камайиб бораётган ва эндемик турларни муҳофаза қилиш чораларини ишлаб чиқиб, уларни махсус питомникларда кўпайтириш орқали экспорт салоҳиятини оширишга ҳисса қўшмоқда. Келгусида ҳам мақсадли ишларни бажариб, иқтисодиётимизни ривожлантиришга хизмат қилади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates