Мамлакатимиз пойтахти, Марказий Осиёнинг аҳолиси энг кўп бўлган Тошкент шаҳрида ҳам бугун транспорт сони йил сайин ортиб, шаҳримизнинг асосий кўчаларида тирбандликлар тобора ортиб боряпти. Айниқса, сўнгги беш йил давомида пойтахтимизда катта қурилиш ишлари олиб борилди, кўп қаватли аҳоли турур жойлари массивлари барпо этилди. Автомобиль йўллари кенгайтирилди, янги ва замонавий йўл ўтказгичлар қурилди, шаҳримиз ҳудуди кенгайиб бормоқда.
Бугунги кунда шаҳримизда уч ярим миллион аҳоли муқим истиқомат қилаётган бўлса, бир сутка давомида республикамизнинг бошқа вилоятлари, қўшни давлатлар ҳамда дунёнинг турли ҳудудларидан 1 миллионга яқин аҳоли Марказий Осиёнинг энг катта шаҳрига келиб кетади. Қолаверса, айни пайтда Тошкент шаҳрида 630 мингдан ортиқ автомобиллар рўйхатга олинган бўлса, бир сутка давомида шаҳримизга яна 300 мингга яқин енгил ва оғир машиналар келиб кетади.
Тошкентнинг йил сайин ривожланиб, фаровон шаҳарга айланиб бориши келгусида аҳоли ҳамда автомобиллар сонини янада ортишига сабаб бўлади.
Мамлакатимизда илк бор қурилиш соҳасида катта тажрибага мутахассислар ва замонавий техникаларга эга «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг «Кўприкқурилиш» Трести унитар корхонаси жамоаси томонидан эстакада шаклида ер усти метро линияси ҳамда ер ости йўналишларини қуриш бошланди. Шундан сўнг темирйўлчилар томонидан Тошкент ҳалқа ер усти метрополитени линиясининг 1-босқичи бўлган «Дўстлик – Қўйлиқ» участкаси ҳамда Тошкент метрополитенининг ер усти Сергели йўналиши ва Юнусобод йўналишининг ер ости 2-босқичлари қурилди.
2020 йилнинг декабрь ойида эса «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Кўприкқурилиш трести» унитар корхонаси томонидан ер усти метро линиясининг 2-босқичи бўлган 11,62 километрлик «Қўйлиқ – Қипчоқ» участкасида қурилиш ишлари бошланган эди. Айни пайтда ушбу участка ҳудудларида янги лойиҳа бўйича қурилиш ишлари жадаллик билан олиб бориляпти.
Тошкент ҳалқа ер усти метро йўлининг 2-босқичи Қўйлиқ бозоридан Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Тошкент катта ҳалқа йўли, пойтахт вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ва Янги ҳаёт туманидаги Тошкент металлургия заводи ҳудудигача етказилади. Ушбу участкада 7 та бекат қурилиши режалаштирилган бўлиб, айни пайтда Қўйлиқ бозори ҳудудидаги «7-бекат»дан Сергели-қурилиш мавзесидаги (Строительний) «12-бекат»гача қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда лойиҳанинг 2-босқичида 11,62 километрлик «Қўйлиқ – Қипчоқ» участкасида қурилиш ишлари жадаллик билан амалга ошириляпти.
Ер усти метро йўналишининг биринчи босқичи бўлган Дўстлик – Қўйлиқ йўналишида 7 та бекат қурилган бўлса, Қўйлиқ бозори ҳудудидаги «7-бекат» биринчи босқичнинг сўнгги бекатидир. Айни пайтда Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб қурилаётган 2-босқичда 8-,9-,10-бекатлар оралиғида пойдевор, устун ҳамда ригеллар ва уларга 26 метрлик балкалар ўрнатиб бўлинди.
Бекатларда эса қурилиш ишлари давом этяпти. Хусусан, 8-бекатнинг биринчи қаватида асосий қурилиш ишлари деярли тугатилиб, сўнгги пардозлаш ишлари бажариляпти. Бино деворлари ҳар қандай об-ҳавога чидамли, мустаҳкам кафеллар ҳамда мармарлар билан қопланмоқда. Бино ичи ҳам миллий дизайн асосида безатилиб, замонавий эшик-ромлар қўйилиб, йўлакларга кўркам мармарлар ўрнатилмоқда. Станциянинг 2-қаватдаги перрон қисмида ҳам қурилиш ишлари бошлаб юборилди.9- ҳамда «10-бекат»да ҳам асосий қурилиш ишлари тугатилиб, бинонинг 1-қаватидаги ички ва ташқи қисмида пардозлаш, электр, сантехника ва алоқа тизимини монтаж қилиш бажарилмоқда. «11-бекат»да снослар мавжудлиги боис ҳали қурилиш ишлари бошланмаган бўлса, «12-бекат»да ғишт териш ишлари олиб бориляпти. Айни пайтда лойиҳанинг энг мураккаб қурилиш ҳудудидан бири бўлган Тошкент ҳалқа автомобиль йўлини Хонобод кўчасига туташган бурилиш қисмида монолит усулида эстакада қурилиши амалга ошириляпти.
Қипчоқ кўчасида ҳам пойдеворлар қазилиб, устунларни ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. Эътиборлиси Қўйлиқ бозоридан Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб қурилган метро йўналишининг 8-, 9- ҳамда «10-бекат»лари оралиғида эстакада шаклидаги қурилишнинг темир-бетон ишлари якунига етиб қолгани боис «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг Йўл хўжалиги бошқармаси мутахассислари томонидан дастлабки рельсларни ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди. Унга кўра айни пайтда «7-бекат»дан 8-,9- ҳамда «10-бекат»лар оралиғига 2 минг 500 метрдан ортиқ янги рельслар ётқизилди.
Тошкент ер усти ҳалқа метро йўналишининг 2-босқичида амалга оширилаётган қурилиш ишларига 110 та техника, машина ва механизмлар ҳамда 2 500 нафарга яқин малакали муҳандис ва ишчи-ходим жалб қилинган. Ишчи-қурувчилар кунига уч маҳал иссиқ овқат билан таъминланган. Уларнинг меҳнат муҳофазасига қатъий амал қилган ҳолда фаолият кўрсатиши назоратга олинган. Қурилиш объектига зарур маҳсулотлар ҳам ўз вақтида етказиб бериляпти.
«Қўйлиқ – Қипчоқ» участкаси фойдаланишга топширилгач, суткасига 46 минг йўловчи ташилиши режалаштирилган. 700 га яқин янги иш ўрни ҳам яратилади.
Мутахассисларнинг фикрича ҳозирга келиб қурилиш ишларининг қарийб 60 фоиздан ортиғи бажарилди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ маълумотига таяниб.