Эронда уранни бойитиш умумеътироф этилган ҳақиқат бўлиб, Ғарб давлатларида унинг даражаси бўйича эҳтимолий хавотирларга қарамай, уранни бойитиш масаласи АҚШ билан музокараларда муҳокама қилинмайди, деди Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи.
“Уранни бойитиш – бу ҳақиқат, қабул қилинган факт ва биз (Америка томони билан) потенциал хавотирларга қарамай, ишончни мустаҳкамлашга тайёрмиз, бироқ уранни бойитиш масаласи муҳокама қилинмайди”, дея Арагчи сўзларидан иқтибос келтиради Эроннинг SNN давлат агентлиги.
12 апрел куни Ўмонда АҚШ Президентининг Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арагчи ўртасида билвосита музокаралар бўлиб ўтди. Америка етакчисининг махсус элчисига кўра, улар ижобий ва конструктив тарзда бўлиб ўтган. Арагчи ҳам музокаралар муҳитини конструктив ва осойишта деб баҳолади, Ўмон ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдийга Эрон ва Америка делегациялари ўртасида фикр алмашишдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди ва Эрон Ислом Республикаси ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг иккинчи босқичи 19 апрель куни бўлиб ўтишини маълум қилди, деб хабар беради ria.ru.