Эртаси умидбахш, келажаги буюк юрт

    Суҳбат 2 январ 2023 1056

    Хорижлик педагогларни жалб этган ҳолда таълимга чет эл тажрибасини олиб кириш ва ўзимизда ҳам қўллашга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда хорижий олийгоҳда деканлик лавозимида ишлаган ўзбек аёли Мунира Аминова билан “Ватандош” ташкилоти ёрдамида суҳбатлашдик.

    Қаҳрамонимиз Президентимизнинг “Халқаро қишлоқ хўжалиги университетини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий йил май ойида фаолият бошлаган янги олийгоҳда ректорлик вазифасини бажариш баробарида соҳага илғор хориж тажрибаларини татбиқ этишга ҳам ҳисса қўшмоқда.

    Илм сабаб чет элда қолиб кетдим

    – Самарқанддаги оддий ўрта мактабни тамомлаганман. Инглиз тилини китобдан ўрганиб, шаҳримиздаги чет тиллар институтига ўқишга кирдим. 2-босқичда ўқиётган пайтим Тошкент давлат техника университетига ҳужжат топшириб, таҳсилни шу ерда давом эттирдим.

    1998 йил. Ҳали қўшма дастур ёки бирор халқаро факультет, олийгоҳлар бўлмаган пайтлар. Малайзиядан профессорлар келиб, Тошкент давлат техника университети ҳузурида Малайзиянинг “Ренонг Берхард” компанияси билан бизнес бошқаруви факультетини ташкил қилишган. Омадим келиб, ана шу факультетга ҳам қабул қилиндим. Унда дарслар чет эллик профессорлар томонидан тўлиқ инглиз тилида ўтилган. “Умид” жамғармаси орқали чет элларда ўқиб келган талабаларга ҳавас қилиб, 2-3 бор шу жамғармага ҳам имтиҳон топшириб кўрганман. Жамғарма кўмагида Буюк Британиянинг Бирмингем университети магистратурасини тамомладим. Тошкентга қайтиб, иш фаолиятимни Молия вазирлигида бошладим. Ўша пайтда ўзимизда ҳам Вестминстер университети энди очилганди.

    Мени ҳам янги университетга профессор сифатида ишга қабул қилишди. Кейин

    Мулк қўмитасида ишладим. Қўмита 6 ойлик дастур доирасида АҚШга юборди. Ундан сўнг 3 йиллик Эрасмус дастури билан Бельгиянинг Вриже университетига кетдим. Дастурни якунлаб, илмий унвонга эга бўлганимдан кейин шу университетда ишга олиб қолишди.

    Ватанга қайтиш истаги бир нафас тарк этмаган

    Шу тариқа қаҳрамонимиз чет элда фаолиятини бошлади.

    — Ўзга юртнинг ҳавоси, турмуш тарзи, қолаверса, маданиятига мослашиш осон эмас, сиз учун Бельгия ҳаётига кўникиш қай даражада кечди, — деб сўраймиз ундан.

    — Ўзбекистондан бориб хорижда, айниқса, Европада яшаш жуда қийин. Яқинларимизни соғинамиз, кўргимиз, дилдан суҳбатлашгимиз келади. Шунинг учун икки йил давомида фақат Ўзбекистонга қайтадиган кунларни санаб вақт ўтказдик, — дейди Мунира Аминова. — Ҳар байрамда она юртимизга келардик. Учинчи йилдан Бельгияга кўника бошладик. Болалар баҳона мактабда ота-оналар билан мулоқот қилишга тўғри келди. Бельгияда репетиторга бориш йўқ, ўрта мактаб юкламаси эса жуда оғир. Баъзи пайтларда уй вазифаларига ёрдам берадиган махсус муассасаларга боришга тўғри келади. Топшириқларни ота-оналар мунтазам назорат қилиб боришади. Ҳар хил тадбирларга қатнашиш, болаларни турли гуруҳларга қўшиш, умуман, ижтимоий ҳаётга мослашиб кетиш учун Бельгия маданияти, қонун-қоидаларини чуқурроқ ўргана бошладик. Лекин Ўзбекистонга қайтиш нияти бизларни бир муддат тарк этмаган.

    Бельгияда солиқлар нисбатан анча кўп ва юқори — ойлик маошга қараб 30 фоиздан 45-50 фоизгача. У ерда кишини ушлаб турадиган жиҳат — яқинроқда жойлашган давлатларга чиқиш имконияти борлиги. Яъни машинада, поезд, автобус ёки арзимаган пулга самолётда 2-3 соатда кўп давлатларга бориб келиш, дам олиш ва зиёрат қилиш мумкин. Шанба, якшанба кунлари бемалол музейларни, диққатга сазовор жойларни томоша қилсангиз бўлади. Қисқача айтганда, Бельгияда транспорт хизмати жуда яхши йўлга қўйилган.

    ***

    — Мутахассислигингизга кўра, молия соҳасида ишлагансиз. Аграр соҳада фаолият юритиш қийинлик туғдирмайдими?

    — Тўғри, аграр соҳа мен учун янги, лекин олий таълимда 20 йилдан зиёд тажрибага эгаман. Ўзбекистон, Европа, Буюк Британия ҳамда АҚШ таълим тизимларида ишлаганман. Ҳар бирининг ўзига хос ижобий ва салбий жиҳатлари бор. Тошкент давлат аграр университетида ректор маслаҳатчиси бўлиб ишлаганим соҳанинг ўзига хос хусусиятларини Германия, Нидерландия ва Буюк Британия моделлари билан таққослашимга ёрдам берди.

    — Сиз таклиф қилинган, янги очилган Халқаро қишлоқ хўжалиги университети истиқболини қандай тасаввур қиласиз?

    — Янги университет ўзбекистонлик ёшларнинг аграр соҳадаги энг охирги ютуқлар ва илмий изланишлар натижалари базасида билим эгаллашига йўналтирилган. Дарсларнинг инглиз тилида ўтилиши талабаларнинг бу борадаги билимини янада ўстириб, дунёдаги янгиликлардан, илм-фан ихтироларидан бохабар бўлишига ёрдам беради. Уларнинг халқаро бизнес ва тижорат ишларини юритишига, ҳамкорлар топиб, улар билан яқин алоқа ўрнатишига катта устунлик беради.

    Бундан ташқари, талабалар нафақат илм, балки кўникма ҳамда малакага эга бўлишади. Жумладан, танқидий таҳлил, тақдимот маҳорати, нутқ кўникмаларига эга бўлиши кўзда тутилган.

    Энг муҳими, соҳага фидойи, давлатимизни дунёга танитадиган ёш авлод вакилларини тайёрлаш янги халқаро университетнинг бирламчи мақсади этиб белгиланган.

    Эндигина фаолият бошлаган бўлса-да, Халқаро қишлоқ хўжалиги университети якунланаётган йилнинг 2 декабрь куни “Озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилди. Анжуманда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа манфаатдор мамлакатлардаги университетларнинг экспертлари ва тадқиқотчилари, шунингдек, озиқ-овқат саноати вакиллари (кластерлар, фермерлар, улгуржи савдогарлар, экспортчилар ва бошқаларни) иштирок этди. Конференцияда Сингапур бизнес палатаси делегацияси Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида озиқ-овқат маҳсулотлари савдосига оид масалалар ҳақида тақдимот қилди.

    Айни пайтда 19 та давлатнинг аграр университетлари ректорлари иштирокида 2023 йилнинг баҳорида ўтказиладиган “Аграр йўналишида таълим келажаги” номли конференцияга тайёргарлик кўряпмиз.

    — Президентимиз бу йилги Мурожаатномасида “Биз қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни қатъий давом эттирамиз. Агар шу ислоҳотни қилмаганимизда, бозор ва дўконларимиз ҳозиргидек тўкис бўлармиди, экспорт шу даражага етармиди, жон бошига даромад ўсармиди”, деди.

    — Ислоҳотларни изчил давом эттириш, соҳани етук, малакали кадрлар билан таъминлаш бу борада асосий вазифалардан, тўғрими? Шу маънода, бугун Ўзбекистоннинг аграр тизимига қандай кадрлар керак?

    — Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиёти учун жуда муҳим йўналиш. Ялпи ички маҳсулотнинг 24 фоиздан ортиғи қишлоқ хўжалиги асосида шакллантирилади. Aҳолининг тахминан 24 фоизи шу соҳада меҳнат қилади. Президентимиз айтиб ўтганидек, 1 миллион 200 мингдан зиёд одам қишлоқ хўжалигидан даромад топяпти. Шундай экан, соҳада кадрлар етишмаслиги табиий. Олий таълимда ҳам қишлоқ хўжалиги бўйича сўнгги тадқиқот натижалари, илмий ва амалий адабиётлар камлиги муаммоси мавжуд. Яқин кунларга қадар совет адабиётларига таяниб дарс берилган, улардан фойдаланилган. Лекин бу адабиётлар дунё миқёсидаги инновациялар ёки қишлоқ хўжалиги йўналишидаги янгиликларга эришишга имконият бермайди. Шунинг учун дунё миқёсидаги янгиликларни билиш ва уларни ҳар куни татбиқ қилиб бориш учун, албатта, инглиз ёки бошқа тиллардаги хорижий адабиётларни ўқиш ва тушуниш қобилияти жуда муҳим. Афсуски, Ўзбекистоннинг аграр тизимида хорижий тилларни ўзлаштирган, хорижий билим ва кўникмаларга эга кадрлар етишмайди. Юртимизда аграр соҳа бўйича кўплаб янгиликлар қилинган, янги ўсимлик навлари, янги технологиялар ўйлаб топилган, лекин уларнинг жуда кам миқдори жаҳон ҳамжамиятига таништирилган. Сабаби, хориж тилини биладиган аграр соҳа вакиллари кам. Шу маънода, юқорида таъкидлаганимиздек, Халқаро қишлоқ хўжалиги университетининг асосий вазифаларидан бири — аграр соҳада инглиз тилини биладиган ва хорижий билим ва кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаб бериш.

    ***

    — Миллийликни қай даражада қадрлайсиз?

    — Брюcселда қаерга борманг, қайси семинар, конференцияда бўлманг, биринчи сўраладиган савол қайси миллатга, қайси давлатга мансублигингиз. Лекин бу шаҳарнинг ўзида миллатсиз одамлар ҳам бор. Албатта, уларга қийин. Ота-онаси ёки бобо-бувалари ҳар хил миллатга мансуб бўлса, бола бошқа давлатда яшаса, бошқа тилда гапирса, у қайси миллатга ҳақлилигини ҳам аниқ билмайди-да. Биз эса ўзбекман, деб айта оламиз. Номини фахр билан тилга олгулик миллатимиз бор. Миллийлик, қадриятлар халқимизнинг қон-қонига сингган. Ўзини тутиш, муомала одоби, каттани ҳурмат қилиш кабилар шулар жумласидан. Ёзилмаган қоидага ўхшайдиган одатларимиз маҳаллаларда, оилада авлоддан авлодга ўтиб бораверади. Эрталаб чой дамлаш, тўй ва бошқа маросимлардаги урф-одатлар ҳеч қаерда ёзилмаган, лекин уларни ҳамма билади ва риоя қилади. Бундай тартиблар ичида ўсган инсон эса ҳеч қачон миллийликни унутмайди. Шунинг учун узоқ юртларда қадриятимизга яқинроқ бўлиш учун Ўзбекистон элчихонасига бориб, тадбирлар ўтказилишига имкон қадар кўмаклашардик. Умуман, миллийлигимиз билан боғлиқ ҳар қандай қадриятни юксак қадрлайман.

    Ўзбекистоннинг ҳавоси хуш кайфият бағишлайди

    Ҳар сафар она юртимга келганимда кундан кунга ривожланиб бораётган ва, энг муҳими, тинчлик ҳукм сураётган, меҳмондўст давлатни кўраман. Брюсселда меҳмондўстлик йўқ деса ҳам бўлади. Одамларга ишониш жуда қийин масала. Дунёнинг турли давлатларидан келган одамларнинг ўзига яраша маданияти бор. Уларга кўникиб олгунча анча вақт керак.

    Шунингдек, у ерда криминал вазият жуда юқори. Айрим кўчаларда юриш тақиқланган. Масалан, сумкани қўлда олиб юриш керак, телефонни чўнтакка солиб юриш мумкин эмас, ўғирлаб кетишади.

    Ўзбекистонда эмин-эркин юрамиз. Ҳавоси бетакрор, қуёшли кунлари кўп. Брюсселда жуда кўп ёмғир ёғади, ҳавоси тунд. Бундай об-ҳаво, доимий ёмғир кишида тушкунлик кайфияти уйғонишига олиб келади. Ўзбекистоннинг ҳавоси эса ҳар қандай кишини хурсанд қилади. Иқлими мўътадил, тупроғи унумдор.

    Меваларимиз жуда ширин, таъми бетакрор. Фақат улар экспортбоп бўлиши учун сертификациядан ўтказиш, ҳосилдорликни ошириш, логистикани янада яхши йўлга қўйишимиз керак бўлади. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва сифатини юқори даражада ушлаш учун эса стандартларимизни янада такомиллаштиришга тўғри келади.

    ***

    Ҳар келганимизда, албатта, янги-янги бинолар, янги йўллар, янги боғлар, дўконлар, ресторанлар барпо бўлади. Бу янгиликларни кўриб ғурурланиб кетамиз.

    Бундан 6-7 йил аввал Ўзбекистонда катта-катта савдо дўконлари – маркетлар деярли йўқ эди. Ҳозир бундай савдо мажмуалари сафи кенгайган. Болаларни олиб борадиган жойлар ҳам анча кўпайибди. Четдан қараган одамга бу каби ўзгаришлар аниқ кўринади. Энг муҳими, одамларимиз меҳмондўст ва самимий.

    Бугун ўзбек ёшлари нафақат ўзбек, балки инглиз тилини ҳам яхши билади. Замонавий технологияларга асосланган соҳаларда тобора фаоллашиб, интеллектуал салоҳиятли аждодлар авлоди эканини намойиш этяпти. Янги-янги таълим муассасаларини тамомлаб, малакали кадр сифатида жамиятга қўшилаётган йигит-қизлар сафи кенгаяётганини кўриб, одам жуда ҳурсанд бўлади. Бу ҳаммаси Ўзбекистоннинг эртаси умидбахш, келажаги порлоқ эканидан далолатдир.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates