Эт билан тирноқни ажратиб бўлмайди

    Фикр 6 июл 2022 1931

    Мақолани нега бундай номладим?! Тасаввур қилинг, этни тирноқдан ажратиб бўладими?! Ахир танангизнинг бир бўлагига айланиб улгурган бўлса?! Наздимизда ажратиш асло мумкин эмас. Бугун дунё харитасида Марказий Осиё номи билан эътироф этиладиган Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон халқлари айниқса эт билан тирноқ. Азал азалдан барча қадриятлари бир бўлган, мақсади муштарак бўлган юрт. Энди шу ўринда мана шу эт билан тирноқлардан биридаги тинч ҳаётни кўра олмаётган ғаламислар ундаги энг олий неъматлардан бири тинчликка раҳна солса, юрагингиз ларзага келмайдими?! Қалбингиз титрамайдими?! Дилингиз оғримайдими?! Ўйлайманки, юрагида юртга дахлдорлик ҳисси бор ҳар бир инсон оний лаҳзаларда шу оғриқни бир лаҳза бўлсада, кўнглидан ўтказади.

    Албатта, тинчлик бўлган жойда ҳаёт гўзал, яшамоқ бахти туҳфа этилгани унданда гўзал туюлади. Айни шу онларда Муҳтарам Юртбошимизнинг қуйидаги пурмаъно сўзларини ёдга олгим келди: «Одамларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш-инсонийликнинг энг олий мезонидир». Ҳа, дарҳақиқат, бугун юртимизда инқилобий сиёсий ўзгаришлар кетаётгани, ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қилинаётган улкан ҳаракатларнинг ижобий натижасини кўриб, Ал-Муаллим ас-соний» –«Иккинчи муаллим», «Шарқ Арастуси» деган номлар билан улуғланган Абу Наср Форобийнинг «Одамларга нисбатан уларни бирлаштирувчи бошланғич асос инсонийликдир. Одамлар инсоният туркумига кирганликлари учун ўзаро тинчликда яшамоқлари лозим», — деган сўзлари беихтиёр ёдимга тушади.

    Бугун жаннат ўлкаси Янги Ўзбекистонда ҳукм сурган тинчлик ва осойишталик яна қаерда бор дегингиз келади. Ҳа ҳазрати инсон мақомига лойиқ бўлган одамзод учун барча барчаси шу табаррук заминда яратилган. Тинч элга байрамлар, шодиёналар, тўйлар ярашади. Ҳофизлари ялла айтган, шўх қизлари ўлан айтган, раққослари чарх уриб ўйнаган гўзал рақслар, болаларининг шўх-шодон кулгулари бетиним янграйдиган мунаввар маконни ўзга жойдан топа олмаслигингиз аниқ. Ҳа, қалбингиз беихтиёр тинчлик бахш этган сурурдан тўлқинланади. Аммо...Жаннат ўлкаси бўлган Янги Ўзбекистондаги тинчликни кўра олмаган ғаразгўйлар, ҳасадчилар, инсон номига номуносиб бўлганлар Қорақалпоғистонда амалга оширган тартибсизликларни эшитиб, воқеаларни ижтимоий тармоқ саҳифаларидан кузата туриб, юрагим ларзага келди. Дунёга донғи кетган Тўлаберган Қаипбергенов, Бердақ, Ибройим Юсуповлардек буюк ёзувчи, шоирларни берган халққа нима бўлди?! Нега тинчликни қадрига етмаяпмиз?! Муҳтарам Юртбошимиз томонидан қанчадан қанча бедор тунлар эвазига фидоийлик билан қилинаётган меҳнатга, яратилаётган шароитга миннатдорлигимиз шуми?!

    Тартибсизликлар оқибатида вафот этган 18 нафар юртдошларимизнинг фарзандлари кўзлари тўла жиққа ёш мўлтираб сўраган саволларига жавобни қаердан излаймиз?! Ахир бу юрт ягона. Биз бир халқмиз. Ўз тарихида не-не азобли кунларни, қонли воқеаларни бошидан кечирган, ҳамиша ҳар қандай ҳолда ҳам боши сарбаланд бўлган, эл фарзанди эканлигимиздан қалбимиз фахр ва ғурурга тўлади. Дунё хобида «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» асари билан машҳур бўлган Беруний, юрт учун жонини фидо қилган Жалолиддин, 27 та давлатни Турон байроғининг остига бирлаштириб, марказлашган давлат туза олган ҳамда бугунги кунда ҳарбий санъатини дунё ўқиётган Амир Темур авлоди эканлигим, сўз мулкининг султони ҳазрат Навоий уммонидан терилган дурларимни Бердақ ижоди билан тугата олишим юрагимга чексиз ифтихор бағишлайди.

    Мен қорақалпоғим севган машҳур бахши Жиен Жировман, умри муҳтожликда ўтган Кунхўжа Иброҳим ўғлиман, ўз асарлари билан ватанпарварлик ғоясини тараннум этган шоир Ажиниёзман. Биласизми, азиз замондошим, мен юрагим билан айта оламанки, мен қорақалпоқман, ҳа тўғри эшитяпсиз, мен қорақалпоқман. Ҳар бир қорақалпоқ, ҳар бир ўзбек менинг қондошим, жондошим! Сиздан илтимос, ҳайратланманг! Чунки Сиз тўғри эшитяпсиз, мен ҳам нотўғри гапирмаяпман. Бугун ҳар бир ўзбек қорақалпоқ, ҳар бир қорақалпоқ ўзбекдир. Мен даҳшатли уруш олови ёнган дамларда турли миллатга мансуб 14 нафар боланинг бошини силаган Баҳри ая ва Шомаҳмуд Шораҳмедовларнинг боласи, меҳрибон ўзбекман, 5 нафар фарзандини тупроққа топширсада, юрт учун жонини хатарга қўйган Зулфия момонинг боласи бўлган ўзбекман, эл озодлиги, мустақиллиги учун ўз умрини берган Қодирийман, ўз халқини денгизга қиёс этган оловқалб Чўлпонман, қамоқхонанинг даҳшату азобларини тортиб турсада, овқат ўрнига қоғоз сўраб тинмай ёзавериб, маърифат тарқатган Усмон Носирман, бурро тилини берган Ойбекман, соғлигидан кечган Абдулла Қаҳҳорман, минбарда бўғзига шеър тиқилиб қолган Муҳаммад Юсуфман. Энди айтингчи, азиз замондош, очликда хиёнат қилмай, турли миллат боласини ўз бағрига олган ўзбек, тўқликда кимга хиёнат қилади?! Йўқ, асло!!! Аслида она алласидан бошланадиган муқаддас Ватанни асраш, уни ардоқлаш ҳар бир ўзбек, ҳар бир қорақалпоқнинг зиммасидаги шарафли бурчидир. Ҳар бир ўзбек, ҳар бир қорақалпоқ миллатнинг асл фарзандлари билан фахрлана олади. Демак, ана шундай буюк миллат авлодлари эканмиз, келинглар аждодимизга муносиб бўлайлик! Биз бир муштмиз. Биз бирлашсаккина, улкан кучга айланамиз. Бошқача айтганда, ўзбек билан қорақалпоқ эт билан тирноқ. Эт билан тирноқни эса ажратиб бўлмайди.

    Кези келганда айтиш жоизки, тинчлик хотиржамликка муқаддас динимизнинг дастури, энг улуғ китобимиз Қуръони карим оятларида ҳам эътибор қаратилганидан англаш мумкинки, тинчлик хотиржамлик масаласи ҳамиша диққат марказидаги муҳим масала бўлиб келган. Қуръони Каримнинг «Исро» сураси 83-оятида «Аллоҳ таоло: «Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур деб, тинчлик-осойишталик тўғрисида марҳамат қилади»лар. Кўринадики, ушбу оятда тинчлик осойишталик фаровон яшашнинг энг муҳим шартларидан бири эканлиги уқтирилган. Ва яна шунинг билан бирга «Ҳужурот» сурасининг 9-оятида «Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро иттифоқликда, аҳилликда, тинчлик-омонликда яшашга даъват этиб: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!» деган инсонпарварлик тамойилини яратишга чақиради». Албатта, тинчлик бўлган жойда барака, файз бўлади, ривожланиш бўлади. Тараққиёт юксак нуқталар сари дадил одимлайди. Мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эркинлик шабадасидан роҳат қилиб яшайди. Шу фурсатдан фойдаланиб айтиш ўринли деб биламан. Биз аввало кимларнинг авлоди эканлигимизни унутмайлик! Ахир, икки тилли бир миллатмиз!!!

    Биз инсон қадри улуғланган, эзгу қадриятлар барқарор бўлган Янги Ўзбекистонда яшар эканмиз, дунё хобида шу юртнинг борлигини намоён этиб, маънавиятимизнинг асл сарчашма намуналарини яратиб кетган улуғ аждодларимиз билан фахрланадиган ҳамда ғурурланадиган, юксак маънавият соҳиблари жамланган диёрга муносиб бўлайлик, ҳар хил иғволарга, турли фасод, фитналарга учмайлик!!! Инсон бахтиёрлигининг рамзи бўлган тинчликни доимо қадрлайлик!!!

    Мирзоҳид Ботиров,

    ФарПИ биринчи проректори.