Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича Ҳукумат қарори имзоланди

    Ижтимоий ҳаёт 24 ноябр 2020 2216

    Ҳукуматнинг "Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори (739-сон, 21.11.2020 й.) қабул қилинди. 

    Қарорга кўра, етим болалар ва ота-онаси ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар таълим муассасалари (давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасалари, академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникумлар)да, шунингдек, ОТМда таълим-тарбия оладиган муддатда тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

    Таълим муассасаларида ўқувчиларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида (446 минг сўм) пул маблағлари тўланади.

    Тўлиқ давлат таъминоти пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, транспортда юриш карточкаларидан иборат бўлади.

    Давлат таъминотида бўлган болаларга таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа буюмлар сотиб олиш учун БҲМнинг 100 баравари (22 млн 300 минг сўм), йўл харажатлари учун БҲМнинг 5 баравари (1 млн 115 минг сўм) миқдорида битирув нафақаси берилади.