ЕТТБ ва Ўзбекистон кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга интилмоқда

    Инвестициялар 22 март 2022 776

    Жорий йил 22 мартда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков ҳамда Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Президенти Одил Рено-Бассо ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу унинг Банк раҳбари сифатида Ўзбекистонга илк ташрифидир.

    Учрашув чоғида ЕТТБ ва Ўзбекистон ўртасида устувор йўналишлардаги ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва уни чуқурлаштиришнинг истиқболлари муҳокама қилинди.

    Хусусан, хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, минтақавий ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат иқтисодиётининг барча тармоқларида экологик тоза энергия ва ресурсларга доир ечимларини илгари суришдан иборат бўлган ЕТТБнинг 2018-2023 йилларга мўлжалланган Мамлакатлар стратегиясини амалиётга жорий қилиш бўйича навбатдаги тадбирлар кўриб чиқилди.

    Инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ўрганилди. Ҳозирги кунда ЕТТБ молиявий ресурсларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳалар портфелининг умумий қиймати 1,7 миллиард еврога тенг 57 та лойиҳадан иборат. Томонлар жорий лойиҳаларни илгари суришни жадаллаштириш бўйича кейинги қўшма ҳаракатларни муҳокама қилдилар, шунингдек, Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида имзоланиши режалаштирилган янги лойиҳавий ташаббусларининг муҳим жиҳатларини муҳокама қилдилар.

    Тўқимачилик саноатида кооперацияни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. ЕТТБ Президенти «Cotton Campaign» халқаро коалицияси томонидан ўзбек тўқимачилигига эълон қилинган бойкотни бекор қилинишини олқишлаб, Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишга хорижий хусусий сектор компанияларини жалб этиш борасида кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

    Шунингдек, ЕТТБ Бошқарувчилар Кенгашининг шу йил Марокаш шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги йиллик йиғилишини ўтказиш билан боғлиқ масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Учрашув доирасида Ўзбекистоннинг инвестициявий истиқболларига бағишланган алоҳида сессияни ташкил этишга келишиб олинди. Унда халқаро ҳукумат ва ишбилармон доиралар вакиллари эътиборига мамлакатимизнинг тармоқлар ва ҳудудлар кесимидаги инвестициявий ва иқтисодий салоҳияти тўғрисида маълумот тақдим этилади.

    Учрашув кун тартибида ЕТТБ фаолиятини Ўзбекистон ҳудудларида кенгайтириш истиқболларига алоҳида ўрин берилди. Мамлакатнинг турли ҳудудларининг иқтисодий хусусиятлари ва салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда 3 та манзилли инфратузилма ва саноатни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш тўғрисида келишувга эришилди. Бунда танланган лойиҳаларни амалга оширишда ЕТТБ томонидан молиявий ва техник ёрдам кўрсатилиши назарда тутилади. Лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва танлаш Банк мутахассислари томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида ташкил этилган «лойиҳа гуруҳлари» билан биргаликда амалга оширилади.

    Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш соҳасида муносабатларни чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди. ЕТТБ Президенти Банк томонидан гендер тенглиги масалаларини ҳал этиш бўйича лойиҳа ва дастурларга инвестицияларни кўпайтириш ва уларнинг умумий инвестиция ҳажмидаги улушини 40 фоизгача оширишни режалаштираётганлигини маълум қилди. Шу нуқтаи назардан, Банк раҳбарияти «Аёллар бизнесда» дастурини кенгайтириш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун мамлакатимиз тижорат банкларига мақсадли кредит линиялари тақдим этиш орқали Ўзбекистонда аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини қўллаб-қувватлашни кучайтиришга тайёрлигини билдирди.

    Бундан ташқари, конструктив мулоқот чоғида «яшил» энергетика, тоғ-кон саноати, транспорт ва фармацевтика соҳаларида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳалар сонини кўпайтириш масалалари кўриб чиқилди.

    Учрашув якунида музокаралар чоғида муҳокама қилинган қўшма дастур ва ташаббусларни илгари суриш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар белгиланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates