Европа давлатларига экспорт ҳажмини ошириш масаласи кўриб чиқилди

    Мамлакатимизда 1 декабр 2022 1468

    2022 йил 29 ноябрда Ташқи ишлар вазири В.Норов раислигида Ўзбекистон Республикасининг тармоқ бошқармалари, Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Экспортни рағбатлантириш агентлиги ва бошқа идоралар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.

    Тадбирда Ўзбекистоннинг Европа мамлакатларидаги элчилари видеоконференсалоқа орқали боғланди.

    Мақсад – Ўзбекистон Президентининг 2023 йилда Европа мамлакатларига экспорт ҳажмини ошириш, шу жумладан, GSP+ имкониятларидан самарали фойдаланиш ҳисобига кўпайтириш бўйича топшириқларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун идоралараро яқин мувофиқлаштириш ва ўзаро ҳамкорликни таъминлашдан иборат.

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири В.Норов белгиланган вазифаларга эришиш учун саъй-ҳаракатлар ва мавжуд имкониятларни бирлаштириш муҳимлигини таъкидлади. Европа давлатларига саноат маҳсулотлари экспорти ҳажмини 700 миллион долларга, товарлар номенклатурасини 600 номгача ошириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқиш зарурлигига эътибор қаратди.

    Мулоқот давомида Савдо саноат палатаси раиси Д.Ваҳобов, «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раҳбари И.Хайдаров ва «Ўзчармсаноат» уюшмаси раҳбари Ф.Бобоев, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги директори Д.Саттаров ва бошқалар амалий ташаббуслар билан чиқди.

    Ўзбекистоннинг Германия, Латвия, Италия ва Польшадаги элчилари сертификатлаштириш ва стандартлаштириш, маркетинг, кадрлар тайёрлаш, электрон тижорат соҳаларида маҳаллий экспортчилар салоҳиятини мустаҳкамлаш учун европалик ҳамкорларни жалб этиш имкониятлари билан ўртоқлашди. Транспорт-логистика масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Р.Алимов мазкур тадбирнинг муҳимлиги ва долзарблигини таъкидлаб, сенаторлар парламентлараро дипломатия орқали мақсадларга эришишга ҳисса қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

    Тадбир якунлари бўйича идоралараро ишчи гуруҳини шакллантириш ва аниқ вазифалар, уларни амалга ошириш механизмлари ва муддатларини ўз ичига олган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.