«Европа иттифоқи – Марказий Осиё» Вазирлар учрашуви бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 23 ноябр 2021 2827

    2021 йил 22 ноябрда Душанбе шаҳрида «Европа Иттифоқи - Марказий Осиё» шаклидаги 17-вазирлар учрашуви бўлиб ўтди.

    Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили иштирок этди. Унда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги муносабатларнинг долзарб масалалари, хавфсизликнинг умумий муаммолари, савдо, инвестиция, экология соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, минтақалараро алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилинди.

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ўз нутқида Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг инновацион моделини шакллантириш, узоқ муддатли истиқболда янги ўсиш нуқталарини аниқлаш бўйича қатъий чораларни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

    Тарифларни уйғунлаштириш, божхона тартибларини соддалаштириш, барча бизнес субъектлари учун тенг шароитлар яратиш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш, транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш орқали ҳудудлараро ва минтақалараро савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

    Афғонистонда гуманитар фалокатнинг олдини олиш, мамлакатни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб этиш, афғон томони билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш бўйича тезкор ва ўзаро келишилган чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

    Учрашув иштирокчиларига Ўзбекистон томонидан яшил иқтисодиёт тамойилларини жорий этиш, экология ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Ўзбекистон томони Европа Иттифоқи билан ушбу йўналишдаги алоқаларни, жумладан, БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фонди доирасида ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрлиги билдирилди.

    Учрашув якунида Қўшма коммюнике қабул қилинди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.