Фалсафа бўйича илк инновацион лойиҳа

    Лойиҳада кўзда тутилган муаммони ҳал этиш орқали миллий ва диний қадриятларни ўрганиш методологияси тарихий-фалсафий, илмий анъаналар асосида яратилади.

    Инновацион ривожланиш вазирлиги эълон қилган “Олима аёллар грантлари” танловида Ўзбекистон Миллий университети ёш олималари жамоасининг “Ўзбек халқи диний ва миллий қадриятлари комплексининг электрон-трансдициплинар платформасини яратиш” мавзусидаги инновацион лойиҳаси барча босқичларда ижобий баҳоланиб, молиялаштиришга тавсия этилди. Бу фалсафа фани бўйича лойиҳа танловлари тизимидаги илк лойиҳа ҳисобланади.

    Ўзбекистон Республикасининг 2017–2021 йиллар учун миллий тараққиёт дастури сифатида эълон қилинган Ҳаракатлар стратегияси янги қиёфадаги глобал дунёга интеграциялашаётган Ўзбекистоннинг келажакда ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ва маънавий жиҳатдан яхлит давлат сифатида қўядиган қадамини аниқлаб берди. Хусусан, ҳозирги кундаги вазифалардан бири илм-фан, маданият, таълим ва иқтисодиёт бўйича дунёнинг энг ривожланган давлатлари билан тенглар ичида тенг тараққий этишдир.

    Ушбу тараққиёт нафақат замонавий билмларни эгаллашни, балки ноёб миллий, диний қадриятларни сақлаб қолиш, уларни келажак авлодларга етказишни ҳам тақозо этади. Чунки глобаллашув чақириқлари инсоният борлиғининг кибертехнология сабабли виртуал макон таъсирида диний, миллий, гендер ва оилавий қадриятлар ўзгариб кетишига, ўз-ўзини англашнинг ташқаридан таъсир орқали киритилган моделлари пайдо бўлишига олиб келмоқда. Бу эса ягона ватан, давлат, миллий тараққиёт ҳудудида рангли инқилоблар, космополитизм, ислом динини ўзига ниқоб қилиб олган ноанъанавий диний оқимларнинг вужудга келишига сабаб бўлмоқда.

    Дунё миқёсидаги глобаллашув жараёни, аҳоли миграциясининг кучайиши, иқтисодий тангликлар, айрим ҳудудлардаги нотинчликлар диний ва миллий қадриятларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, оила ва гендер муносабатлари, уларнинг миллий ва диний ўзига хос хусусиятлари, таълим, анъанавий тарбия ва инсон шахсининг шаклланишига таъсир кўрсатувчи омиллар фуқаролар, хусусан, ёшларнинг рационал тафаккури ҳамда жамиятдаги фан ва яратувчилик қадриятларига муносабатига ҳам боғлиқ. Асрларбўйи анъанавий ҳаёт тарзи таъсирида шаклланган иррационал тафаккур бугунги кунда жамиятимиз кишилари, хусусан, ёшлар тафаккурида ҳам етакчи. Шу боис, халқимизнинг диний ва миллий қадриятлари замиридаги бунёдкорлик, илм-маърифатга интилиш, креативлик каби сифатларни тизимли равишда ривожлантириш ва уларнинг тарғибот усули методологияси ва амалиётини ишлаб чиқиш долзарб вазифадир. Бу муаммони ҳал этиш бевосита ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий соҳани ривожлантиради. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи бандидан ўрин олган ижтимоий соҳа, айниқса, таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалалари шу муаммонинг келажакдаги ечими билан чамбарчас боғлиқ.

    Юртимиз Фанлар академияси тизимида юз берган даврий ўзгаришлар, олий таълимдаги ислоҳотлар ижтимоий фанлар, фалсафа, тарих, диншунослик соҳаларининг замонавий парадигмалар билан бойишига, лекин шу билан бирга авлодлар, фанлар ўртасидаги ворисийликнинг баъзи тамойиллари узилишига олиб келди. Тарихий хотира, миллий давлатчиликнинг ижтимоий-гуманитар фан билан боғлиқ назарий асослари, миллий ҳамда диний қадриятларни тарғиб қилиш методологияси бўйича миллий модел концепцияси ва тамойилларида ҳали йўлга қўйилиши, ҳал қилиниши керак бўлган масалалар борлиги маълум бўляпти.

    Юқоридаги асосдан келиб чиққан ҳолда мазкур лойиҳа ўзбек халқи диний ва миллий қадриятлари мажмуининг электрон-трансдициплинар платформасини яратишни мақсад қилиб қўяди. Лойиҳа якунида “Ўзбек халқи диний ва миллий қадриятлари” электрон веб-сайти ишга туширилади.

    Веб-сайтда миллий ва диний қадриятларимизни ўрганишнинг тарихий-фалсафий, илмий анъаналари, миллий ва диний меросимизда оила ва гендер, таълим ва инсон тарбиясига оид қадриятлари таҳлили ўрин олади.

    Мазкур портал фаолияти диншунослик, тарих, фалсафа ва бошқа гуманитар фанларга доир илмий ишларни кенг омма, хусусан, ёшлар аудиториясида тарғиб қилиш, уларда таҳлилий, мантиқий, креатив тафаккурни шакллантириш, ўзбек халқининг диний ва миллий қадриятлари асослари, анъанавий шаклланиш йўли, тарихи, ватанга меҳр, эътибор, масъулият ва ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга қаратилади. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида иш юритади.

    Лойиҳада кўзда тутилган муаммони ҳал этиш орқали миллий ва диний қадриятларни ўрганиш методологияси тарихий-фалсафий, илмий анъаналар асосида яратилади. У ижтимоий, маданий, маиший, сиёсий, давлатчилик анъаналарини қамраб олади. Миллий ва диний қадриятларни анъанавий ўқитиш усулларида кўзда тутилмаган методлар асосида ёшлар онгига сингдириш усуллари ишлаб чиқилади. Оила ва гендер муносабатларининг миллий ва диний ўзига хос хусусиятлари, таълим, анъанавий тарбия ва инсон менини шаклланишига таъсир кўрсатувчи асосий омиллар тарих, фалсафа, социология фанлари доирасида очиб берилади. Ишлаб чиқилган метод ҳамда усуллар ёшларни тарбиялашга, миллий менталитет ва замонавий шахс концепциясини ишлаб чиқишга асос бўлади. Шунингдек, диний ва миллий қадриятларга оид тадқиқотларнинг янги илмий парадигмаси инновацион-электрон портал кўринишида тармоқлар доирасида яратилиб, у ёшларда миллий ва диний қадриятларга асосланган кўникмаларни ривожланишига хизмат қилади.

    Шаҳноза МАДАЕВА,

    фалсафа фанлари доктори, профессор

    Дилдора ЮСУПОВА,

    фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates