Фан ва таълим замонавий босқичда

    Жаҳоннинг етакчи давлатлари сингари мамлакатимизда ҳам таълим тизимини ислоҳ этишга биринчи галдаги вазифа сифатида қаралмоқда. Бунинг боиси, ҳозирги глобаллашув шароитида таълим ҳар қандай соҳанинг стратегик истиқболини белгилайдиган, ислоҳотларни ҳаракатга келтирадиган таянч омилга айланди.

    Ички ишлар вазирлиги академиясида бўлиб ўтган халқаро илмий-амалий анжуман илм-фанни ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, парламент аъзолари, юртимизнинг етакчи олий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот институтларидан вакиллар, шунингдек халқаро эксперт ва мутахассислар иштирок этишди.

    Сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган ўнлаб қарор ва фармонлар, истиқболли дастурлар ҳаётга татбиқ этилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси қабул қилиниб, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнига рақамли технологиялар ва замонавий усулларни жорий этиш, олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари натижадорлигини ошириш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантириш, таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги ва барқарорлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашиш ва шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмларини жорий этиш каби йўналишлар бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

    — Инновацион ўзгаришлар юз бераётган, интеллектуал ва маънавий ривожланган ёшлар тараққиётнинг қудратли кучига айланаётган бир даврда яшаяпмиз, — деди ИИВ академияси бошлиғи Рустам Ҳотамов. — Бугунги глобаллашув даврида давлатларнинг ривожланганлик даражаси нафақат ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлар, балки илм-фан салоҳияти билан ўлчанмоқда. Шу боис, юртимизда таълим соҳасининг барча бўғинларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Мамлакатимизда инновацион фикр ва ғояларни илгари сурувчи янги авлод кадрларига эҳтиёж ортиб бормоқда. Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади таълим ва илмий фаолиятни ривожлантириш, замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали рақобатбардош кадрлар тайёрлашни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, соҳага замонавий инновацион технологияларни жадал татбиқ этишга хизмат қилади.

    Илмий-амалий анжуманда фан ва таълим соҳасидаги замонавий ёндашавлар юзасидан “Research Support Center” илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш маркази асосчиси Алия Оспанова, Жанубий Кореянинг АДЖУ университетининг Тошкент филиали профессори Пак Ву, Россия Федерациясининг Илмий-тадқиқот молия институти профессори Кристина Швандар ва бошқа экспертларнинг маърузалари тингланди.

    Конференцияда Қирғизистон Республикаси ИИВ Академияси бошлиғининг ўринбосари, юридик фанлар доктори, профессор Арзыгуль Джоробекова, Россия Федерацияси Молия вазирлиги молиявий тадқиқотлар илмий-текшириш институти Таҳлилий маркази раҳбари, иқтисодиёт фанлари доктори Игорь Варьяш, Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети стратегик ривожланиш маркази сектор раҳбари Малика Гаппарова, Туркия Республикаси Жандармерия ва соҳил хавфсизлиги академияси доктори Аднан Абдулвоҳид ва бошқа экспертлар ўз чиқишлари билан иштирок этди.

    Сўзга чиққанлар олий таълим сифати ва самарадорлигини оширишда халқаро ҳамкорликнинг ўрни, таълим жараёнида назария ва амалиёт интеграциясини кучайтириш, шахсга йўналтирилган таълимнинг моҳияти, амалиётдаги муаммолар ва илмий-тадқиқот натижалари асосида қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш, ёш педагог кадрларни тайёрлашнинг долзарб муаммолари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун профессионал кадрлар тайёрлашнинг муҳим жиҳатлари, юридик фанлар бўйича илмий тадқиқотларнинг бугунги ҳолати ва замонавий талаблари, ёшларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш каби мавзуларда ўзаро фикр алмашдилар. Конференция давомида соҳани ривожлантиришга қаратилган таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

    Ишчан руҳда ўтган анжуман таълим инфратузилмасини миллий ва халқаро тажриба асосида такомиллаштиришни назарда тутувчи таклиф ҳамда тавсияларга бойлиги билан муҳим аҳамият касб этди, дейилади ИИВ академиясининг ахборот хизмати хабарида.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates