Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида

    Ҳужжатлар 22 июл 2021 8161

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Сўнгги беш йилда республикамизда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, уларнинг вазифалари, ваколатлари ва жавобгарлик соҳаларини аниқ белгилаш бўйича кенг кўламли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.

    Шу билан бир қаторда, тармоқлар ва ҳудудларда ишларнинг ҳаққоний ҳолатини чуқур ҳамда ҳар томонлама танқидий ўрганиш вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари зиммасига юкланган функционал вазифаларни лозим даражада ҳамда масъулият билан бажариш борасидаги шахсий жавобгарлигини кучайтириш билан боғлиқ бир қатор жиддий камчиликлар ва тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

    Мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида янги Ўзбекистонни барпо этиш учун амалга оширилаётган шиддатли ва кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида мамлакатимиз олдида турган устувор, стратегик ва долзарб вазифаларни тезкор ҳал қилишда вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш, вазифалари ва ваколатларини аниқ белгилаш, шунингдек, уларнинг фаолияти самарадорлиги ҳамда мақсадли вазифаларга эришилишининг асосий мезонлари орқали баҳолашнинг янги тизимини жорий этиш мақсадида:

    1. Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг эътибори уларга Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари билан ҳамда ўзларининг биринчи раҳбарлари томонидан юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка, сансалорликка йўл қўйиб бўлмаслигига қаратилсин.

    2. Белгилансинки, вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари (кейинги ўринларда – давлат бошқаруви органлари) ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти олдида шахсан жавобгардир ҳамда Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдордир.

    3. Қуйидагиларни назарда тутувчи давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилсин:

    давлат бошқаруви органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган хўжалик бирлашмалари (кейинги ўринларда – хўжалик бирлашмалари) раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланади;

    ҳар йили ижро интизомининг аҳволи юзасидан баҳо беришни назарда тутган ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;

    давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишини баҳолашнинг асосий мезонлари ва кўрсаткичлари статистик ва идоравий ҳисоботлар ҳамда таҳлилий маълумотлар асосида тизимли мониторинг қилинади;

    мониторинг натижалари асосида раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти танқидий таҳлил асосида тегишли давлат бошқарув органлари коллегиал органи ва хўжалик бирлашмаларининг кузатув кенгашларида ҳамда Вазирлар Маҳкамасида ҳар чорак якуни бўйича муҳокама қилиб борилади;

    баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичлари асосида ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига баҳо бериш орқали уларга рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

    Вазирлар Маҳкамаси:

    бир ҳафта муддатда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонларини тасдиқласин;

    давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари томонидан фаолият кўрсаткичлари ижроси бўйича ҳар ой оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, теле ва радио каналлар орқали ахборот берилишини таъминласин.

    4. Белгилансинки, давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш тизими доирасида:

    давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ҳар йил якуни бўйича кейинги йилнинг 10 январига қадар белгиланган тартибда тасдиқланган баҳолашнинг асосий мезонларига мувофиқ давлат бошқаруви органлари ҳамда хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тегишли ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишган ҳолда тасдиқланади;

    давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолияти ҳар чорак якуни бўйича коллегиал орган йиғилишида танқидий муҳокама қилинади ҳамда баҳоланади. Бунда, раҳбар ўринбосарлари томонидан фаолият кўрсаткичлари ижроси 70 фоиздан кам таъминланганда – “қониқарсиз”, 71 фоиздан 90 фоизгача – “қониқарли”, 91 фоиздан 99 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади;

    ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 5-санасига қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг коллегиал органлари томонидан раҳбарнинг тегишли ўринбосарлари масъулияти юзасидан таклифлар тайёрланади ҳамда таҳлилий материаллар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларига киритилади;

    ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари тақдим этилган таҳлилий материалларни тегишли раҳбарлар ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида танқидий муҳокама қилиб, ҳар бир раҳбар ўринбосари фаолиятига шахсий баҳо берган ҳолда уларни рағбатлантириш чораларини ёки ўзига бириктирилган соҳа ва тармоқларда асосий кўрсаткичларга эришишда масъулиятсизликка йўл қўйгани учун лавозимга лойиқлиги масаласини кўриб чиқади ҳамда бу тўғрисида аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ҳисобот беради;

    ҳар чорак якуни бўйича кейинги ойнинг 15-санасига қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш натижалари бўйича якуний таҳлилий материаллар, шу жумладан, уларни рағбатлантириш ёки интизомий чоралар қўллаш юзасидан аниқ таклифлар умумлаштирилиб, кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига юборилади. Бунда заруратга кўра, ўз фаолиятида тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган раҳбар ўринбосарлари лавозимини қисқартирган ҳолда уларга юкланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича тегишли департамент фаолиятини ташкил этиш бўйича таклифлар киритилиши мумкин.

    5. Раҳбарлар ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичлари ижроси устидан мониторингни амалга оширишда асосий эътибор қуйидаги тизимли ва устувор масалаларга қаратилсин:

    а) иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида:

    макроиқтисодий барқарорликни, барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларини комплекс ривожлантириш ва диверсификациялаш, шунингдек, “хуфёна” иқтисодиётга қарши курашиш ҳамда унинг улушини кескин қисқартириш;

    янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг даромад топишга қаратилган тадбиркорлик интилишларини молиявий қўллаб-қувватлаш, аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

    ишбилармонлик муҳитини ва бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини изчил амалга ошириш;

    инвестиция муҳитини яхшилаш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, ажратилган капитал қуйилмаларни самарали ўзлаштириш ҳамда иқтисодий ўсишни таъминлашда хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш;

    саноатда экспортбоп ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ўсиши, импортни қисқартириш ҳамда ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали маҳсулот таннархини камайтириш;

    қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, шу жумладан, кластерлар фаолиятини ташкил этиш, қишлоқ хўжалигига замонавий, инновацион агротехнологияларни фаол киритиш;

    инновацион ишланмалар ва рақамли технологияларни жорий қилиш орқали меҳнат унумдорлигини ошириш;

    б) ижтимоий соҳада:

    Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни ҳудудларда тўлақонли жорий этиш;

    таълим тизимини ривожлантириш, унинг сифати ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш;

    давлат-хусусий шериклик шаклидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишларини жадаллаштириш ҳамда ушбу соҳага хусусий секторни кенгроқ жалб этиш орқали мактабгача таълим қамровини ошириш;

    соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш;

    пенсионерларни ижтимоий кўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, қариялар ва кекса ёшдагиларга ҳар томонлама ғамхўрлик қилиш, фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш;

    жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини такомиллаштириш;

    “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш орқали аҳолининг, айниқса, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларнинг реал даромадларини ошириш;

    ёшларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш, улар муносиб даромад олиши учун қўшимча шароитлар яратиш;

    туризмни жадал ривожлантириш, ташриф буюраётган хорижий ва маҳаллий туристлар оқимини кўпайтириш, янги туризм маҳсулотларини яратиш, туризм инфратузилмаси ва транспорт логистикани кенгайтириш;

    ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ташкил этиш;

    в) капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик соҳаларида:

    аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш ва уларни муносиб турар жой билан таъминлаш ва фаровонлигини ошириш;

    капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси соҳасини жадал ривожлантириш, ижтимоий соҳа, уй-жой ва инфратузилма объектларининг сифатли қурилишини таъминлаш;

    “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни комплекс ва жадал ривожлантириш;

    аҳолининг сифатли коммунал хизматлар билан қамраб олинишини тубдан яхшилаш, кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш;

    аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув, ички хўжалик йўллари ва бошқа коммуникация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

    г) ишни режалаштириш ва “темир интизом”га асосланган қатъий ижро интизомини таъминлаш соҳасида:

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6166-сон фармонига асосан қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг барвақт ва сифатли ижросини таъминлаш, “темир интизом”га асосланган ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича ягона ва узлуксиз “технологик занжир”нинг янгича таъсирчан тизимини жорий этиш;

    ҳудудларда “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш орқали маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни самарали ҳал этиш;

    давлат органларида фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали улар фаолиятининг самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш;

    давлат ва ҳудудий ривожлантириш дастурларини, олий ва юқори даражалардаги ташрифлар якунлари бўйича “йўл хариталари”, ҳудудларда иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ислоҳотларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда амалга ошириш;

    аҳоли билан ўзаро ҳамкорлик ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини ўз вақтида ҳамда сифатли кўриб чиқишни таъминлаш;

    хизмат сафарлари, шу жумладан, хорижий давлатларга сафарлар самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлаш.

    6. Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    7. Белгилансинки:

    Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарларива маслаҳатчилари ўз ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари томонидан стратегик ва устувор вазифалар, тасдиқланган “йўл хариталари” ҳамда ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган дастурларнинг самарали амалга оширилишида уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун таъсирчан чоралар кўради;

    давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари томонидан уларнинг ўринбосарлари фаолият кўрсаткичларини баҳолашнинг асосий мезонларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарлари ва маслаҳатчилари билан келишган ҳолда уларнинг ойлик шахсий иш режалари тасдиқлаб борилади.

    8. Ўзбекистон Республикасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларига раҳбар ўринбосарининг фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари ва кўрсаткичларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш ҳамда уларнинг фаолиятига баҳо бериб бориш тизимини жорий этиш тавсия этилсин.

    9. Давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари бир ой муддатда белгиланган тартибда тасдиқланган баҳолашнинг асосий мезонларидан келиб чиқиб, 2021 йил II ярим йиллиги учун давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти кўрсаткичларини тасдиқласин.

    10. Мазкур қарор билан жорий этилаётган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими 2021 йил якунига қадар эксперимент тарзида амалга оширилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги 2022 йил 15 январга қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмаларининг раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш жараёнларини пухта таҳлил қилган ҳолда ушбу қарор билан жорий этилган тизимни янада такомиллаштириш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига асослантирилган таклифларни киритсин.

    11. Вазирлар Маҳкамаси ўтказилган эксперимент якунларига кўра 2022 йил 1 февралга қадар давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарлари фаолиятини самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолашни ташкил этишда юзага келган муаммолар ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш, шунингдек, мазкур тизим самарадорлигини ошириш мақсадида уни такомиллаштириш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

    12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги:

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда ҳар йили мунтазам равишда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг малакасини ошириш бўйича қисқа муддатли курсларни ташкил этсин;

    Ташқи ишлар вазирлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларини чет давлатларга ўз йўналиши бўйича қисқа муддатли ўқиш ва тажриба орттиришга юбориш бўйича комплекс чораларни кўрсин.

    13. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда вазирликлар ва идоралар раҳбарияти фаолиятининг кўрсаткичларини баҳолашда инсон омилини камайтириш мақсадида асосий кўрсаткичлар бўйича маълумотларни автоматик тарзда таҳлил қилиш орқали мавжуд ҳолатни аниқлаш имконини берувчи махсус электрон платформани ишга туширсин.

    14. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда мазкур қарордан келиб чиққан ҳолда давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарларининг ҳар бир ўринбосари ваколатларини қайта кўриб чиқиб, уларнинг функционал вазифаларига ваколат ва жавобгарлик чегарасини аниқ белгилаш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин.

    15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга ҳамда раҳбар ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимининг жорий этилишига масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари белгилансин.

    Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

    Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига 2021 йил 1 октябрь ва 2022 йил 15 январга қадар ахборот берилсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 22 июль

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates