Мамлакатимизда олий таълим муассасаларининг ривожланган давлатлар олий ўқув юртлари билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ва ҳукуматимиз ташаббуси билан бу йўналишдаги ишлар изчил ва тизимли давом эттирилмоқда.
Шу саъй-ҳаракатлар доирасида 2025 йил 7–8 октябрь кунлари Фарғона давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Беларусь Республикаси Таълим вазирлиги ҳамкорлигида “Инновацион ҳамкорлик: олий ва касбий таълим масалалари бўйича Ўзбекистон ва Беларусь форуми” мавзусидаги Иккинчи таълим форуми бўлиб ўтди.
Форумнинг асосий мақсади икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини жорий этиш, академик алмашинувларни кенгайтириш, илмий лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишдан иборат бўлди.
Форумда Ўзбекистон ва Беларусь мамлакатларидан 30 га яқин олий таълим муассасалари ректорлари ҳамда 60 дан ортиқ касбий таълим муассасалари раҳбарлари бошчилигидаги 100 дан зиёд делегация иштирок этди. Тадбир доирасида икки давлат олий ўқув юртлари ўртасида 30 дан ортиқ ҳамкорлик келишув ва шартномалари имзоланди.
Фарғона давлат университети сўнгги йилларда халқаро таълим майдонида ўз обрў-эътиборини сезиларли даражада оширди. Университет Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбайжон, Малайзия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Венгрия ва Германия каби 30 га яқин давлатларнинг 100 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бундан ташқари, ФарДУ “UniRank”, “RUR”, “Times Higher Education” ва “UI Green Metric” каби нуфузли халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. 2023 йилда университет “UniRank”да 23-ўрин, “RUR”да TOP-883 ўрин, “THE Impact Rankings”да 1000+ натижа ва “UI Green Metric”да 738-ўринни қўлга киритди. Университет ректори Баҳодиржон Шермухаммадов “Йил ректори – 2023” унвонига сазовор бўлди, ФарДУ эса “Йил университети – 2023” деб тан олинди.
Бугунги кунда таълим жараёнига халқаро мезонларни жорий этиш, илмий ҳамкорликни кучайтириш, профессор-ўқитувчилар салоҳиятини ошириш ва замонавий талабларга жавоб берадиган рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш олий таълим тизимининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Фарғона давлат университетида бўлиб ўтган Иккинчи таълим форуми ҳам Ўзбекистон ва Беларусь давлатлари ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга хизмат қилди.
Hamkorlik materiali







