Фарғона водийсининг тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи сақланиб қолади

    Яшил сайёра 14 июл 2021 943

    «Ўзгидромет» аҳолини 14—17 июль кунлари Қирғизистон билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги дам олиш масканларига бормасликка чақирган.

    Қирғизистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларида кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига 15—16 июль кунлари Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиши хавфи мавжуд, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет». Қайд этилишича, 13 июль куни Косонсой сойидан максимал 60 м³/с миқдордаги сел-сув тошқини ўтган.

    Бу Косонсой сойи учун максимал миқдор эмас. Косонсой сойида сел ҳодисалари 1878 йилдан бошлаб рўйхатга олиб келинади. Сойда сел ҳодисалари, асосан, апрель—июль ойларида ҳосил бўлади. Косонсой сойида тез-тез сел ҳодисалари кузатилган бўлиб, 1964 йил 27−28 июль кунлари — секундига 278 кубометр, 1988 йил 10 майда — секундига 200 кубометр, 1992 йил 25 майда — 250 кубометрни ташкил этган.

    «Ўзгидромет» аҳолини 14—17 июль кунлари Қирғизистон билан чегарадош бўлган ҳудудлардаги дам олиш масканларига бормасликка чақирган.

    Бундан аввал Наманган вилояти ИИБ ҳам дўл ва сел сабаб аҳолини қатор туманлардаги дам олиш масканларига вақтинча бормай туришга чақирганди.