Фарғонада AKIS маслаҳат хизматлари маркази томонидан илк тажриба лойиҳаси ташкил этилди

    Таълим 18 май 2022 1872

    Энди аграр йўналишдаги олий ўқув юртлари талабалари AKIS замонавий билим, инновация ва хизматлар тизимида ишлашга тайёрланади.

    Фарғонада AKIS ҳузуридаги маслаҳат хизматлари маркази томонидан аграр олийгоҳларнинг энг яхши талабалари учун ўқув тренингларини ўтказиш бўйича илк тажриба лойиҳаси ташкил этилди. Келгусида иштирокчилар Фарғона вилоятидаги Қишлоқ хўжалигида билим ва хизматлар AKIS маркази мутахассиси бўлиб етишади. Тренинг Жаҳон банки Халқаро тараққиёт ассоциациясининг «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизациялаш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

    Биринчи машғулот 10-13 май кунлари Фарғона шаҳрида бўлиб ўтди. У Жаҳон банки экспертлари томонидан Европа Иттифоқининг ASK Facility лойиҳаси мутахассислари билан ҳамкорликда ўтказилди. Тренинг иштирокчилари Фарғона вилоятидаги аграр соҳадаги олий таълим муассасаларининг 37 нафар энг яхши 4-курс талабалари бўлиб, улар Фарғона шаҳридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва хизматлар AKIS марказида келгусида ишлаш учун номзод сифатида кўрилади. (AKIS – Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази).

    Тренинг иккита модулдан иборат бўлди. Биринчи модулда экспертлар асосий маслаҳат бериш кўникмалари ва билимларни узатиш усуллари билан ўртоқлашди, иккинчи модулда эса Мақбул қишлоқ хўжалиги амалиёти стандарти (GAP) бўйича маълумотлар тақдим этилди. Булар атроф муҳитни муҳофаза қилиш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва ҳайвонлар фаровонлиги борасидаги стандартлардир. Ўқув машғулотлари иштирокчилари назарий билимлар билан бир қаторда тўртта фермер хўжалигидаги дала ишлар билан ҳам бевосита танишишди.

    Ташкилотчилар кўзда тутганидек, Марказнинг бўлажак мутахассисларини тайёрлашнинг бундай амалиёти мураккаб дала ишлари устидан назоратни осонлаштиради ва фермерларнинг юқори натижаларга эришишини ўз вақтида қўллаб-қувватлаш имконини беради, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

    Янги талабалар учун ана шундай тренинг кейинги ҳафтада 16-19 май кунлари Самарқанд шаҳрида, сўнгра Тошкент вилоятида (Чирчиқ) ўтказилиши режалаштирилган. Тренингнинг барча иштирокчиларига сертификатларни топшириш маросими май ойининг охири – июнь ойи бошида ташкил этилади.