Фарғонадаги “Уз-Сеганг” мева-сабзавотчилик кластери

    Инвестициялар 7 июн 2020 3140

    Бир йилда 16 минг тонна маҳсулот экспорт қилиш имкониятига эга

    Мамлакатимизда озиқ-овқат экинлари майдонини кенгайтириш, янги интенсив боғлар барпо этиш, мева-сабзавотчилик кластерларини ташкил қилиш ишлари яхши самара бериб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, мева-сабзавот етиштириш ва экспорт ҳажмининг йил сайин ортишига хизмат қилмоқда. Натижада серқуёш юртимизда етиштирилаётган экологик тоза, сарҳил мева-сабзавотлар нафақат маҳаллий бозорларимиз, балки хорижда ҳам ўз харидорларини топиб, талабгир маҳсулотлар қаторидан жой оляпти.

    Айни пайтда республикамизнинг барча ҳудудларида боғдорчилик соҳаси кенг ривожланмоқда. Айниқса, бу борада катта тажриба мактабига эга Фарғонада етиштирилаётган мева-сабзавотлар кўплаб чет давлатларга экспорт қилиняпти. Маълумотларга кўра, вилоятда жорий йилда фермер ва қишлоқ хўжаликлари корхоналарининг 30,5 минг гектар майдонларига экин экилган бўлиб, уларнинг 13,9 минг гектари сабзавот, 3,9 минг гектари полиз, 5,4 минг гектари картошка, 4,3 минг гектари дуккакли ҳамда 3 минг гектари мойли экинлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу йил мева-сабзавотчилик корхоналари томонидан 288 минг тонна маҳсулот етиштирилиб, 120 минг тоннасини экспортга йўналтириш режалаштирилган. Бунинг учун сиғими 330 минг тоннадан ортиқ бўлган музлаткичли омборхоналар, 25 та логистика маркази, 90 та қайта ишловчи корхона фаолият кўрсатмоқда.

    Президент Шавкат Мирзиёев 5 июнь куни Фарғона вилоятига қилган ташрифи давомида ана шундай йирик мева-сабзавотчилик кластерларида бўлди. Давлатимиз раҳбари Тошлоқ туманидаги масъулияти чекланган жамият кўринишидаги “Уз-Сеганг” Корейс-Ўзбек қўшма корхонасидаги иш жараёни билан танишди.

    Кореянинг “Segang International” компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур корхонанинг тамал тоши 2018 йилда қўйилган эди. 2,5 гектар майдонда олиб борилган қурилиш ишларидан сўнг 2019 йилнинг май ойидан мева-сабзавот ва дуккакли ўсимликларни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий корхона ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирда ушбу компанияда 250 нафар йигит-қиз иш билан таъминланган.

    – Корхона ишга туширилган илк ойларда фақат гилосни қайта ишлаб, Шарқий Осиё давлатларига экспорт қилардик, – деди компания раҳбари Хуршид Норматов. – Сентабрь ойида кластер тизимига ўтганимиздан сўнг фаолиятимиз янада кенгайди. Ҳозирда барча турдаги мева-сабзавотларни қайта ишлаяпмиз. Корхонамизга қўшни вилоятлар фермерлари бириктирилиши натижасида бугунга қадар 40 дан ортиқ деҳқон ва фермер хўжаликлари билан мева-сабзавот етказиб бериш бўйича ҳамкорлик шшартномалари имзоладик. Бироқ корхона иш ҳажми юқори бўлгани боис, баъзан маҳаллий аҳолидан ҳам маҳсулотлар олишимизга тўғри келади. Далалардан олинган мева-сабзавотларни қайта ишлаш цехига сифатли етказиш учун махсус музлатгич машиналаримизда совитиб олиб келинади. Бунинг учун 9 та музлатгич машина, данакли маҳсулотларни совутишга мўлжалланган энг замонавий техникаларимиз мавжуд.

    Корхонада қайта ишлаш жараёнидан сўнг меваларга ишлов берилади. Бу жараён муваффақиятли якунлангач эса данакли мевалар, хусусан, гилос ҳажмига кўра ажратилади. Сўнг катта ҳажмдаги гилослар Шарқий Осиё ва Европа малакатларига, майдалари эса МДҲ давлатларига экспорт қилинади.

    Бу ерда гилос ва анорнинг ранги, катталиги бўйича саралаб қадоқлайдиган илғор технологиялар ҳам бор. Улар Италия, Туркия, Жанубий Корея ва Хитойдан келтирилган. Масалан, Италиянинг ICEOL технологияси гилосни ранги ва катталиги бўйича саралаб қадоқлайди. Сифатсизларини лазер нури орқали аниқлаб, алоҳида жойлайди. Жанубий Кореядан келтирилган SNP линияси эса анорни худди шундай саралайди. Ушбу технологиялар меванинг ичидаги пишмаган ёки чирий бошлаган қисмини аниқ кўрсатиш имкониятига ҳам эга.

    Корхона маҳсулотлари “Global G.A.P” халқаро сертификатига эга бўлиб, бу ерда йилига 16 минг тоннадан кўпроқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш имконияти мавжуд. Жорий йилда Хитой, Жанубий Корея, Бирлашган Араб Амирликлари, Польша, Россия, Козоғистон каби давлатларга 20 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

    Маҳсулотлар Фарғона аэропорти орқали экспорт қилинмоқда

    Авваллари вилоятдаги фермер хўжаликлари, жумладан, “Уз-Сеганг” корхонаси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чет мамлакатларга Тошкент халқаро аэропорти орқали экспорт қиларди. Бу ортиқча вақт ва харажат талаб этгани боис, ташкилотчиларга бир қатор қийинчиликлар туғдириб келган. Ана шундай ноқулайликларнинг олдини олиш мақсадида қўшма корхонада 100 миллиард сўм эвазига замонавий логистика маркази ташкил этилган. Инновацион технологиялар билан жиҳозланган мазкур омборхона нафақат унинг эгалари, балки бошқа корхонлар маҳсулотларини ҳам сифатли сақлашга хизмат қилмоқда.

    Бироқ янада қувонарлиси, узоқ йиллардан буён илк бор Фарғона маҳсулотларини вилоят аэропорти орқали экспорт қилиш йўлга қўйилди. Бу имконият “Уз-Сеганг” каби йирик корхоналарнинг кўнглидаги иш бўлди десак, муболаға бўлмайди. Қисқа вақт ичида қўшма корхона Фарғона аэропорти орқали Жанубий Кореяга чартер рейсларда 3 марта 52 тоннадан маҳсулот экспорт қилишга улгурди. Президентимизнинг корхона фаолияти билан танишиш жараёнида уни хомашё билан таъминлаш, унга яқин ҳудуддаги боғларни бириктириш, янги боғлар ва лаборатория ташкил этиш бўйича берган кўрсатмалари компания олдига янги мақсад ва вазифаларни қўйди.

    – Очиғи, давлатимиз раҳбарининг корхона келажагига катта ишонч билдириб, уни янада кенгайтириш бўйича берган тавсия ва кўрсатмалари бизни янги марралар сари руҳлантирди, – деди Хуршид Норматов. – Айни пайтда корхона таркибида 200 гектар боғимиз бор. Аммо ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини инобатга олсак, бу жуда кам ҳудуд. Президентимиз сифатни кафолатлаш учун меваларни етиштиришдан то бошқа давлатларга етказиб бергунгача бўлган жараённи корхонанинг ўзи қамраб олиши, бунинг учун ерларимизни 5 минг гектаргача кенгайтириш ва интенсив боғларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, Фарғона аэропорти олдидан 2 гектар ер ажратиб, у ерда маҳсулотларни экспорт қилиш учун зарур шароит яратиш кераклигини таъкидлади. Узоқни кўзлаб айтилган ушбу тавсиялар ҳақиқатан, экспорт ҳажмининг ортиши ва Ўзбекистон мева-сабзавоти янада кўпроқ давлатларга етиб боришига хизмат қилади.

    Айни пайтда корхона раҳбарияти ўз олдига улкан мақсадларни қўйган. Мавжуд ер майдонларини кенгайтириб, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш, қуёш нурида пишиб-етилган тотли маҳсулотларимизни нафақат Шарқий Осиё ва Европа давлатлари, балки дунёнинг бошқа минтақатларига етказиш режалаштирилган. Шунингдек, қўшма корхона фаолиятини янада кенгайтириш, унинг бошқа вилоятларда филиалларини очиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш ҳам кўзда тутилган.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири