Жинси мато, атласу адрасларни ҳеч қачон иссиқ сувга солиб ювмаймиз, чунки уларнинг ранги чиқишини яхши биламиз. Аммо рангини йўқотиши хаёлимизга ҳам келмаган аксарият кийимларни билмасдан иссиқ сувга солиб қўйсак борми, сувимиз бир тоғора бўёққа айланади.
Онам раҳматли атлас, адрас кийган аёлларга роса ҳавасманд бўлиб, “Болам, адрасдан кўйлак тиктириб киймайсанми”, деб кўп айтар эди. Ўзи қимматбаҳо бўлгани билан ювилганда рангсизланиб қолишини айтгунимга қадар ўзига ўзи жавобан, “Ловуллаб кўрингани билан бир марталиги ёмонда, ранги ўчиб кетса, ундан хунук мато йўқ”, деб қўя қоларди.
Тўғриси ҳам шу. Аксарият атласу адраслар бир ювилгунича эгнингизда кўзни яшнатади. Ювилгач эса хира тортиб қолади. Балки ўзимиз бундай матоларни ювиш қоидасини билмасмиз. Нима бўлганда ҳам атласу адрас тўқиётган ҳунармандлар миллий матоларимиз сифатига ишонч билан жавоб бера олишлари керакмасми? Айниқса, улар чет элга экспорт қилинаётган бўлса.
Асли касби шифокор бўлган Илҳом Давлетов ўзи тўқиётган кашталару атлас-адраслар сифатига жавоб берадиган ҳунарманд. У Фарғонанинг Қўштепасида табиий бўёқлардан миллий матолар тўқишни йўлга қўйди. Ўтган йили Қашқадарё вилоятининг Косон туманида кўплаб қизлар, аёлларга ўз ҳунарини ўргатиб келганди.
Фарғонада 14 та ҳунармандлик маркази очилган. Илҳом ака ҳам шуларда иш бошлаган. 1992 йилдан буён каштачилик билан шуғулланиб, охирги 10 йилда гиламчиликка, миллий матолар, аъло бахмал тўқиш, шунингдек, миллий либослар тикишга киришган қаҳрамонимизнинг айтишича, у бошчилигида тўқилаётган миллий атласу адрас, аъло бахмалларни қайноқ сувга солсангиз ҳам ранги чиқмайди. Дунё бўйича табиий бўёқлар жуда камайиб кетган айни пайтда Илҳом ака сингари уста бўёқчиларнинг маҳоратидан унумли фойдаланиш айни муддао.
Ягона омил — назарий билим
Ҳунармандлик асли касби шифокор бўлган Илҳом Давлетовнинг қонида бор. Унинг қарийб 30 йилдан буён шу соҳанинг устасига айлангани ҳам шундан бўлса керак. Айниқса, кимёни яхши билгани, молекулалар таркибини тушунгани унга табиий бўёқлардан матолар тайёрлашда қўл келди.
Илҳом ака рангларни ўсимликлардан олади, бўёқларга ҳеч қандай кимёвий модда қўшмайди. Зеро, қадимги бўёқлар ҳам асосан анор пўсти, испарак, рўян каби ўсимликлардан олинган. Фақат қирмизи (кошинель), нил (индиго) бўёқлари четдан келтирилган. Буни қарангки, ипакни қора рангга бўяш учун муайян миқдордаги анор пўстлоғи ва темир қириндиси мунтазам аралаштириб турган ҳолда кун давомида қайнатилар экан. Ишқордан олдин қайнатиб олинган ипак тайёр аралашмага солиб қўйилади.
Индигодан бўёқ олиш усули жуда оддий. Қадимий усулларидан бири индиго баргларини махсус чуқурликка йиғиш ва оёқлар билан эзишдир. Индигоги индикан моддаси экстракциясини олиш учун ўсимлик баргини сувда сиқиш керак.
Яшил, сариқ, қизил ранг олиш учун нима қилиш керак, улар қайноқ сувда ҳам рангини йўқотмаслиги нималарни талаб қилади - буларнинг барини Илҳом ака илмий китоблардан ўрганади. Назарияни амалиётга тўғри татбиқ эта олади. Шунинг учун ҳам унинг матолари ўз рангини йўқотмайди. У буни бемалол исботлаб беради. Ваҳоланки, кўплаб ҳунармандлар тўқиган матосининг ранги чиқмаслигини айтса-да, нималардан фойдаланганини асослаб, кўрсатиб бера олмайди.
– Бизда ёнғоқ пўсти, анор пўчоғи асло исроф бўлмайди, аксинча, улардан табиий бўёқ олишда фойдаланмиз, – дейди ҳунарманд. – Қолган ўтларга эса буюртма берамиз. Испарак ўзимизда бор, тоғли жойларда ўсади. Тўғри, бизда табиий бўёқ олинадиган ўсимликлар етиштириш эндигина йўлга қўйиляпти. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ва Тошкент вилоятларида индигофера ўсимлигини экиб кўришди. Ўзимиз ҳам сотиб олиб фойдаландик. Албатта, чет давлатларникидан икки баробар арзонига ўзимизнинг хомашёни сотиб олганимиз бизга анча енгиллик бўлади.
Рағбат янги ғояларга куч беради
Ипак гилам ва каштачилик маҳсулотларига Европа ва АҚШда талаб катта. Буни яхши билган Фарғона вилояти раҳбарлари Қўштепа туманидаги “Қамиштепа” МФЙда иш бошлаган Ҳунармандлар маркази фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирган. Бу эса Илҳом Давлетов сингари ҳунармандларга рағбат бераётир.
Матолар нақши, дизайнини ҳам Илҳом аканинг ўзи танлайди. Ранглар эса рангли қаламлар ёки компьютерда кўрсатилади. Ишга қўли келиб қолган қизлар унга ёрдам беради.
Айни пайтгача марказда Ўзбекистон халқ амалий санъати усталари миллий каталогига киритилган Илҳомжон Давлетов ва унинг турмуш ўртоғи, моҳир каштадўз Наргиза Шерхўжаева томонидан ипак гилам ва миллий мато тўқиш хамда каштачилик устахоналарига “уста-шогирд” анъанаси асосида 100 дан ортиқ шогир жалб қилинган бўлиб, маҳаллий аёлларнинг бандлиги таъминланмоқда. Айни кунда 32 нафар хотин-қиз каштачилик сирларини ўрганишяпти.
– 20 касаначи ҳам олдик, – дейди уста. – Зукко, зеҳнли қизлар, аёллар ҳунар сирларини 3 кун - 1 ҳафтада ўрганиб олишади. 15 кун - бир ойда ўрганадиганлари ҳам бор. Аммо гилам тўқишни ўрганиб олиш учун 2-3 ой вақт керак. Табиий рангда тўқилган гилам ва кашталарга чет элда талаб катта. Шу боис, гиламчиликни қанча ўргатсак, шунча яхши.
Ҳа, азалдан ҳунармандлар замини бўлган Фарғона вилоятида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 ноябрдаги “Хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва улар ўртасида тадбиркорликни ривожлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросига жадал киришилгани ҳудудда ишсизлик муаммосини ҳал этишга ташланган ишончли одимлардан биридир. Ўйлаймизки, бундай эзгу одимлар юртимизнинг ҳар гўшасига фаровонлик бахш этади.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири








