Финляндия таълим тизимидан нималарни ўрганяпмиз?

    Финляндия давлат телерадиокомпанияси ва таълим агентлиги ҳамкорлигида ўқитувчилар кундалик ҳаётини мазмунли ўтказиши, ўзини ўзи ривожлантириши ва бошқа ҳамкасблари билан ўзаро мулоқот қилиши учун алоҳида телеканал ташкил қилинган.

    Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Финляндиянинг Таълим ва маданият вазирлиги ҳамда Миллий таълим агентлиги ҳамкорлигида “Финляндия таълим дастурларини ўрганиш: таълим дастурлари ва ўқув материаллари” мавзусида онлайн семинар ташкил этилди.

    Тадбир давомида хорижлик мутахассислар Финляндия таълим тизими, миллий ва маҳаллий ўқув дастурлари, дарсликлар, ўқув материаллари ва телевидение орқали дарс берувчи ўқитувчиларни тайёрлаш билан боғлиқ қатор масалалар бўйича атрофлича маълумот берди.

    Финляндия Миллий таълим агентлиги таълим маслаҳатчиси Ёрма Кауппиненнинг таъкидлашича, фин таълим тизимида кадрлар тайёрлаш бўйича “боши берк нуқта” мавжуд эмас. Ёшлар эрта болалик давридан бошлаб, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ёки олий таълим муассасаларини битирганидан кейин ҳам таълимни давом эттиришади.

    Мактабларда дарс соатлари 1-2-синфлар учун ҳафтасига энг камида 19 соат этиб белгиланган, 9-синфлар учун эса ушбу кўрсаткич 30 соат. Мактаблар ўқув режасига кўра, тўққиз йиллик ҳафталик умумий юклама 222 соат. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда 254 соатни ташкил этади.

    Финляндия Миллий таълим агентлиги ўқув материаллари менежери Сюзанна Бёркелл мамлакатда ўқув материаллари (дарслик, қўлланма)ни тайёрлаш тизими ҳақида маълумот берди.

    Таъкидланишича, Финляндияда ўқув материаллари миллий ўқув дастурига асосланган ҳолда давлат тили — фин ёки швед тилида тайёрланади. Ҳар бир ўқув материалини ўқув жараёнига татбиқ этиш педагогик асосга эга эканига алоҳида эътибор қаратилади. Шунингдек, ўқув материалларини тайёрлашда мамлакатдаги умуминсоний қадриятлар, таълим муҳити ва ўқитиш бўйича маслаҳатлар ва ўқитувчилар учун алоҳида материалларнинг мавжудлиги ҳисобга олинади.

    Шунингдек, ўқув дастурларининг таълим жараёнларига татбиқ этилишида анъанавий дарсликлар билан бир қаторда инновацион технологиялар ёрдамида ташкил этилган электрон қўлланмалар ҳамда турли форматдаги материаллардан ҳам кенг фойдаланилади.

    Хусусан, Финляндия давлат телерадиокомпанияси ва таълим агентлиги ҳамкорлигида ўқитувчилар кундалик ҳаётини мазмунли ўтказиши, ўзини ўзи ривожлантириши ва бошқа ўқитувчилар билан ўзаро мулоқот қилиши учун алоҳида телеканал ташкил қилинган. Телеканал дастурлари асосан ёшларда медиа ва рақамли технологиялардан фойдаланиш маҳорати, таълим олиш, тилларни ўрганиш билан боғлиқ кўникмаларни шакллантиришга қаратилган.

    Бугунги кунда Финляндияда қўлланаётган ўқув дастурлари ўзбек тилига таржима қилиниб, изчиллик билан ўрганилмоқда. Мазкур жараёнда Финляндия таълим тизимининг маҳаллий шароитга мос жиҳатлари янгиланадиган ўқув дастурларига сингдирилади.

    Семинар давомида Таълим инспекцияси мутасаддилари ва экспертларнинг ушбу ўқув дастурлари ва дарслик бўйича ўзларини қизиқтирган қатор саволларга финляндиялик мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.

    Тадбир якунида муҳокама қилинган масалалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.