"Fitch Ratings" халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги баҳосини ВВ- (барқарор) даражада сақлаб қолди, деб хабар бермоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.
Таъкидланишича, агентлик, жорий йилнинг март ойидан бошлаб 65 %дан ортиқ қайта кўриб чиқилган ҳисоботларида рейтинг кўрсаткич баҳоларини пасайтирган.
Мустаҳкам Ҳукумат баланси, мўтадил давлат қарзи даражаси ва ўсиш суръатлари Ўзбекистон суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида санаб ўтилган. Шу ўринда, институционал ва бошқарув даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.
Мамлакатнинг ёш аҳолиси, инвестицияларнинг юқори даражаси ҳамда назорат остида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар дастури инқироздан кейинги ижобий ўсишга олиб келиши ҳисоботда алоҳида таъкидланган.
Агентлик экспертларининг фикрича, 2017 йилдан бери амалга оширилиб келинаётган ислоҳотларга Ҳукумат томонидан эътибор катта бўлиб, улар макроиқтисодий барқарорликни яхшилаш, ўсиш истиқболларига эришиш, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш, институционал ва бошқарув соҳасидаги камчиликларни бартараф этишни таъминлайди. Агентлик Ҳукуматнинг 2025 йилгача мўлжалланган банк секторини ислоҳ қилиш стратегияси ва 2020-2021 йилларда давлат корхоналарини хусусийлаштириш режалари ҳақида маълумот берди.
Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистон суверен кредит рейтинги (шу жумладан рейтинг прогнози) қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:
- макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда;
- "қонун устуворлиги", "аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик", "тартибга солиш сифати" ва "коррупцияни назорат қилиш" каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;
- давлат молиясининг фискал ва ташқи заҳиралари сезиларли ошганда.