Физика фани бўйича электрон дарслик яратилди

    Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги физика фани бўйича янги электрон дарсликни тақдим этди.

    Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида 2021-йилда физика ва чет тилларини ўрганишни илм-фанда устувор йўналиш этиб белгилаб берди. “Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, дунёдаги деярли барча кашфиёт ва технологияларни яратишда физика фани фундаментал асос бўлганини кўрамиз. Ҳақиқатан ҳам, физика қонуниятларини чуқур эгалламасдан туриб, машинасозлик, электротехника, Ай-Ти, сув ва энергияни тежайдиган технологиялар каби бугун замон талаб қилаётган соҳаларда натижага эришиб бўлмайди”, — дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

    Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологияларига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабнинг бир гуруҳ ўқитувчилари ҳамда Ўзбекистон радиотехника, электроника ва алоқа илмий-техника жамияти билан ҳамкорликда физика фани бўйича янги электрон дарслик яратиш устида иш олиб борилмоқда.

    Электрон дарсликнинг асосий мақсади ўқувчиларнинг физика фанига бўлган қизиқиши ва ўқитиш самарадорлигини оширишга қаратилган. Янги электрон дарслик ўқувчиларнинг билим олишлари учун қўшимча манба сифатида хизмат қилади.

    Янги лойиҳа одатий ўқув дарсларига қатнаша олмайдиган ногиронлиги бор ўқувчилар учун уй шароитида физика фанини мустақил ўрганиш имкониятини беради. Бундан ташқари, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ҳам физика фанини самарали ўқитиш имконияти яратилади.

    Электрон дарслик ўқувчиларга мактаб дарслигида берилиши имкони бўлмаган маълумотларни етказиши мумкин. Абитуриентлар дарсликдан олий таълим муассасаларининг кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришлари учун ёрдам беради. Дарслик электрон боғлангани учун уни мунтазам янгилаб ва тўлдириб бориш имконияти мавжуд.

    Физика бўйича электрон дарслик маъруза матни, видео дарслар, тақдимотлар, топшириқлар, лаборатория ишлари ва тестлардан иборат. Маъруза матнлари қўшимча маълумотлар, мавзуга оид расмлар ва анимациялар билан бойитилган. Ўқувчилар топшириқлар, тест ва лаборатория ишлари ёрдамида назарий билимларини мустаҳкамлайди.

    Электрон дарсликдаги ҳар бир мавзуни тушунтирувчи видео дарслар, кўп йиллик билим ва тажрибага эга бўлган ўқитувчилар томонидан замонавий педагогик технологиялар асосида ўтилган. Видео дарсларда алоҳида замонавий технология ва лаборатория жиҳозларидан фойдаланилган.

    Дарсликда берилаётган топшириқлар ўқувчиларни PISA халқаро тадқиқотлар мониторингига тайёрлашга йўналтирилган бўлиб, ушбу топшириқларни тузишда PISA халқаро баҳолаш дастури томонида очиқ ҳолатда берилган тест ва масалалардан фойдаланилган.

    Физика лаборатория ишлари виртуал шаклда берилган. Лаборатория ишларини виртуал шаклда берилиши ўқувчиларни физика фанидаги ҳар бир мавзуни чуқур ўрганиш, мавзуда баён қилинган жараёнларни бевосита кузатиш имконини беради. Бундан ташқари, виртуал лаборатория ишларини мактабларда қўлланилиши ўқувчиларда замонавий технологиялардан фойдаланиш кўникмасини шакллантиради. Виртуал лаборатория ишлари ўқувчи учун мутлақо хавфсиз бўлиб, ҳеч қандай зарар келтирмайди, шунинг учун ўқувчилар ўқитувчи назоратисиз мустақил тажриба ўтказишлари мумкин.

    Дарсликдаги мавзулар нафақат физика фани бўйича, балки фанларнинг ўзаро интеграллашган ҳолда ёритилган. Жумладан, 5-6 синфларда физика фанини табиий фанлар билан ўзаро боғланган ҳолда тушунтирилган. Дастур интерфейси қулай кўринишга ва замонавий дизайнга эга. Электрон дарсликдан исталган операцион тизимда ва қурилмада фойдаланиш мумкин. Янги электрон дарслик ўқувчилар томонидан физика фанини чуқур ўзлаштириши учун замин яратади ва физика жараёнларини тўлиқ тасаввур қилиш имкониятини беради.

    Ҳозирги кунда физика бўйича электрон дарсликнинг 5-6-синфлар учун маъруза матни китоб кўринишида нашрдан чиқарилиб, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологияларига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабда синовдан ўтмоқда. Синов жараёнида дарслик такомиллаштирилади. Синов якунланганидан кейин электрон дарсликни умумтаълим мактабларида ҳам жорий қилиш мумкин бўлади.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates