ФНҚИЗ хомашёни қайта ишлаш ҳажмини икки баробар кўпайтиради

    Саноат 22 феврал 2023 1101

    2024 йилга келиб ФНҚИЗда хомашёни қайта ишлаш ҳажми икки баробарга оширилади.

    Бунинг учун «Саноат Энергетика Гуруҳи» (Санег) МЧЖ ХК томонидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизациялаш ишлари жадал суръатларда олиб бориляпти. Модернизация жараёни тугаллангач, хомашёни қайта ишлаш ҳажмини йилига 2 миллион тоннагача, углеводородларни қайта ишлаш чуқурлигини эса 87 фоиздан 92 фоизгача ошириш имконияти туғилади.

    «Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасининг нефть маҳсулотларига бўлган тобора ортиб бораётган эҳтиёжини қондиришдан иборат. ФНҚИЗни модернизация қилиш заводда ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотлари сифатини халқаро стандартлар даражасига кўтариш, хусусан, мотор мойлари сифатини «Евро-5» тоифасигача, ёғлаш учун ишлатиладиган мойларни API бўйича II+/III гуруҳ даражасигача ошириш имконини беради. Янги турдаги маҳсулотлар экологик жиҳатдан тоза бўлиб, ташқи бозорда хорижий иштирокчилар билан рақобатлаша олади», — дейди Санег компанияси бош директори Шокир Файзуллаев.

    Углеводородларнинг йўқотилиш ҳажмини камайтириш ва завод резервуарлар паркини янгилаш модернизация лойиҳасининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Шу муносабат билан ФНҚИЗ лойиҳа-конструкторлик бўлими томонидан 36 та янги резервуарларни қуриш бўйича лойиҳа тайёрланган бўлиб, айни пайтда халқаро экспертларни жалб этан ҳолда уларни ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйиляпти.

    Заводнинг тобора кўпайиб бораётган қувватларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида умумий узунлиги 12 километр бўлган янги ташқи газ қувурини ётқизиш бўйича техник топшириқлар тайёрланди. Ишчи лойиҳага мувофиқ қурилиш материаллари ва ускуналари харид қилинди, қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилди.

    Эски тозалаш иншоотларини нефть маҳсулотларидан тозалаш жараёни давом этаётган бўлиб, кейинчалик иккиламчи қайта ишланганидан кейин улардан яна фойдаланилади. Бу компаниянинг экологик хавфсизлик бўйича мажбуриятларининг муҳим қисмидир.

    Модернизация лойиҳасини амалга ошириш ишларига жами 100 дан зиёд махсус техника ва 1 000 дан ортиқ ишчи жалб этилган. Бугунги кунда заводда жами 4 173 киши меҳнат қилади, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

    Модернизация ишларининг якунланиши Фарғона НҚИЗнинг мамлакат иқтисодиётига қўшаётган ҳиссасини ошириш имконини беради.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates