Франциянинг «Airbus» компанияси билан видеоконференция бўлиб ўтди

    Рақамлаштириш 13 июл 2020 2677

    Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давергеодезкадастр қўмитаси, ва Франциянинг “Airbus” компанияси ўртасида космик суратлардан фойдаланиш, улар ёрдамида қишлоқ хўжалиги ва бошқа ер майдонларини мониторинг қилиш ҳамда космик суратларни қабул қиладиган виртуал станция ва Ерни масофадан туриб зондлаш Маркази (ЕМТЗ маркази) масаласида уч томонлама музокара бўлиб ўтди.

    Тадбирда таъкидланганидек, рақамли технологияларнинг энг катта ютуғи — ташкилий, молиявий ва инсон харажатларни тежаш орқали иқтисодий самарадорликни кескин равишда ошириш имкониятидир. Шу ўринда рақамли технологиялардан турли соҳа ва тармоқларда кенг фойдаланса бўлади. Юртимиз учун энг долзарб бўлган шундай соҳаларидан бири ер ресурсларидан унумли фойдаланиш масаласидир.

    Уч томонлама ўтказилган виртуал учрашувда янги ташкил этиладиган Ерни масофадан туриб зондлаш маркази ва виртуал станциядан фойдаланишдаги қулайликлар, уларни яратишга кетадиган вақт, маблағ, техник қурилмалар ўртасидаги фарқ, қабул қилиб олинадиган космик суратларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқаришга жорий қилиш бўйича Франциянинг «Airbus» компанияси тақдим қилаётган лойиҳалар билан танишиб чиқилди.

    Шунингдек, бу йўналишда ишлайдиган мутахассисларни тайёрлаш, малакасини ошириш, кафолатли хизмат кўрсатиш масалаларида ҳам ўзаро фикр алмашилди.

    Виртуал музокаралар давомида, «Airbus» компанияси вакиллари томонидан Ерни масофадан туриб зондлаш Марказининг намунавий тақдимот файллари намойиш қилиниб, тақдим этилди. Шунингдек, мазкур марказ лойиҳаси доирасида ташкил этиладиган ўқув режа ва хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ташкилий тадбирлар хусусида батафсил маълумот берилди.