Freelance ва бизнес акселератор марказлари ёшларга нима беради?

    Кейинги авлод 18 июн 2020 5631

    Айни кунларда мамлакатимизда “Ёшлар ойлиги” доирасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу йилнинг 11 июндан ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга доир лойиҳаларга старт берилди.

    11-20 июнь кунларига мўлжалланган мазкур босқич лойиҳаларини “Бизнес саёҳатлар” бошлаб берди. Бунда бизнесга қизиқадиган, ўз ишбилармонлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги бир гуруҳ ёшлар мутахассислар бошчилигида барча карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, йирик ишлаб чиқариш корхоналарига саёҳат қиляпти. Ҳар бир манзилда улар маҳсулотларни қайта ишлашдан тортиб, тайёр ҳолатга келгунга қадар кечадиган жараёнларни кўриб, корхоналар иш фаолияти билан яқиндан танишмоқда.

    Freelancer – келажак касби

    Бугун ёшлар орасида оммалашаётган фрилансинг соҳасига юртимизда ҳам эътибор ортмоқда. Ушбу йўналиш вакиллари, яъни интернет тармоқлари орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган кишилар давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларнинг фаолиятига бир қатор имтиёз ва имкониятлар берилмоқда.

    “Ёшлар ойлиги” доирасида ана шундай фаолият турига қизиқувчи йигит-қизларнинг малакасини ошириш, уларга зарур ёрдамларни кўрсатиш ва иш олиб боришлари учун қулай муҳит яратиш мақсадида 13 июнь куни Тошкент шаҳри Ёшлар марказида Freelance centre ташкил этилди.

    Марказда пандемия пайтида 15 та, карантиндан кейин 28 нафар фрилансернинг ишлаши учун шароит яратилган. Хона интернет тармоғига уланган энг замонавий компьютер қурилмалари билан жиҳозланган.

    — Янги ташкил этилган Фрилансерлик маркази эшиклари 5 иш куни давомида барча ёшлар учун очиқ, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши матбуот котиби Қаҳрамон Мауленов. — Бу ерда фрилансерлик фаолиятини бошлаган, аммо уйида ишлашга шароити бўлмаган ёки бу йўналишга қизиқаётган ва уни ўрганиш истагидаги йигит-қизлар учун барча шароит яратилган. Президентимизнинг жорий йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан фрилансерларга контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактуралари (инвойс), жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилди. Шу боис, биз ёшларга ўз мижозларини кўпроқ ташқи бозордан топишларига кўмаклашишни мақсад қилганмиз.

    Шунингдек, марказда Hirelancer.uz сайти асосчиси Жамшид Собиров ва унинг бир қанча йўналиш бўйича иш олиб борадиган профессионал координаторлардан иборат жамоаси ҳам фаолият юритмоқда. Улар ёш фрилансерларга веб-дизайн, сайт иши, видеодастурлар ишлаб чиқиш бўйича назарий ва амалий ёрдам бериш билан бирга, бу соҳага энди қадам қўяётган йигит-қизларнинг ўз ишини топиб кетишида йўл-йўриқлар кўрсатишга доим тайёр.

    Лойиҳалар давом этади

    “Ёшлар ойлиги” доирасида 30 ёшгача бўлган, катта муваффақиятларга эришган ёш тадбиркорлар билан суҳбатлар ўтказиладиган “30 Go! Stop!”, чегараланган вақтда турли ёшдаги тадбиркорлар билан блиц савол-жавоблар тарзида тайёрланадиган “120 сония” лойиҳаларини ўтказиш ва ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этиш бўйича ишлар бошлаб юборилди.

    Ойлик доирасида Тошкент шаҳри Ёшлар марказида Бизнес акселератор маркази очилиши ҳам кўзда тутилган. Бу ерда малакали мутахассислар ёшларга бизнес юритиш сирлари, бухгалтерия, маркетинг, солиқ, банкротлик йўналишлари бўйича сабоқ бериши кўзда тутилган. Ҳозирча семинар ва маҳорат дарслари онлайн тарзда ўтказилади. Карантиндан кейин эса аниқ гуруҳлар шакллантирилиб, дарслар вақти белгиланади.

    Ирода ТОШМАТОВА

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates