Фуқаро М.П. ўзининг эҳтиётсизлиги ва соддалиги оқибатида катта миқдордаги маблағдан маҳрум бўлгани юзасидан қилган мурожаатини бунга мисол сифатида келтиради.
Мурожаатда айтилишича, фуқаро М.П. 2024 йил декабрь ойида ўзини Ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати ва Марказий банк ходими деб таништирган шахслар таъсирида криптовалюта орқали 170 минг АҚШ долларини йўқотган.
Маълумотга кўра, фуқаро ушбу маблағни йиғиш учун ўз автомашинаси ва уйини сотган, жамғармаларидан воз кечган, ҳатто қарзга ҳам кирган.
Унинг расмий мурожаатидан сўнг жиноий иш қўзғатилган ва М.П. жабрланувчи сифатида тан олинган. Омбудсман шикоятда кўрсатилган ҳолатларни ўрганиш учун Ички ишлар вазирлигига мурожаат қилди.
Текширув натижасида, Киберхавфсизлик бошқармаси томонидан “Криптодўкон” платформасидан фуқаро фойдасига 115 минг АҚШ доллари (1 млрд 434 млн 625 минг сўм) қайтариб берилди.
Шу билан бирга, Омбудсманнинг таъкидлашича, фирибгарлик билан боғлиқ мурожаатлар кўплаб келиб тушади, аммо аксарият ҳолларда маблағларни қайтариш имконияти бўлмайди. Шунинг учун фуқароларни эҳтиёткор бўлишга чақирди.
Омбудсман аҳолига қуйидагиларга эътибор қаратишни тавсия этмоқда:
- ўзини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ёки банк ходими деб таништирган, аммо шахсий рақамлардан қўнғироқ қилаётган шахсларга ишонмаслик;
- телефон орқали паспорт, ID-карта, пластик карта, PIN-код ва SMS-код каби шахсий маълумотларни ошкор қилмаслик;
- танимаган шахслар криптовалюта орқали тўлов қилишга ундаганда, бу ҳолатни дарҳол тўхтатиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш;
- давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти фақат расмий каналлар орқали амалга оширилишини эсда тутиш, шубҳали ҳолатларда эса ишончли рақамлар орқали тасдиқ олиш.








