Фурқат Сидиқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бош котиби билан учрашди

    Халқаро ҳамкорлик 31 январ 2023 1189

    2023 йил 30 январда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фурқат Сидиқов Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Бош котиби Казухико Когучи билан музокаралар ўтказди.

    ЕТТБ Ўзбекистоннинг етакчи халқаро молиявий ва стратегик шерикларидан биридир. ЕТТБ Ўзбекистондаги 120 дан ортиқ лойиҳаларга жами 3,7 миллиард евро инвестиция киритган. Маблағлар иқтисодиётнинг турли тармоқларига, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбалари, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва модернизация қилиш ҳамда бошқа соҳаларга йўналтирилган.

    Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Банк ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб ва истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар. Хусусан, ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг шу йил май ойида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган 32 йиллик йиғилишини ўтказиш масалалари муҳокамасига алоҳида эътибор қаратилди, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

    ЕТТБ 1991 йил 28 мартда ташкил этилган бўлиб, унинг Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан бошлаб ЕТТБ аъзоси ҳисобланади .