Газ жиҳозлари носозлиги қанча муддатда бартараф этилиши керак?

    Истеъмолчиларнинг газ жиҳозларидан оқилона ва хавфсиз фойдаланиши бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

    Боиси, салгина эътиборсизлик ҳам нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши, турли дилхираликни келтириб чиқариши мумкин.

    — Баъзи истеъмолчилар газ жиҳозларида носозлик кузатилгач, газ таъминоти ходимлари хонадонига тез етиб келиб, хизмат кўрсатмаганидан норози бўлиб, мурожаат этади, — дейди "Ҳудудгаз Сурхондарё" газ таъминоти филиали сервис хизматини ривожлантириш бўлими масъул ходими Ш.Тоҳиров. — Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 2-иловасида “Табиий газдан фойдаланиш қоидалари” белгилаб қўйилган. Унда газдан фойдаланиш ускуналарини истеъмолчиларнинг ёзма ёки электрон буюртмалари асосида газ таъминоти ташкилоти томонидан тасдиқланган тарифлар бўйича таъмирлаш муддатлари баён қилинган бўлиб, хизмат кўрсатиш муддати ҳолатнинг хавфлилик даражасига қараб белгиланади.

    Бу жараёнда истеъмолчи хонадонида табиий газ сизиб чиқиш ҳолати кузатилса, соҳа ходими дарҳол бориб хизмат кўрсатиши керак. Овқат тайёрлаш ёки иситиш мавсумида иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида бир кун давомида хизмат кўрсатилади. Иссиқ сув ва иситиш учун мўлжалланган газдан фойдаланиш ускуналарининг носозлигида (иситиш мавсумидан ташқари вақтда) икки кун, газдан фойдаланиш ускуналарини алмаштиришда эса беш кун давомида хизмат кўрсатилиши зарур.

    Газ жиҳозларини техник ва профилактик кўрикдан тўлиқ ўтказиш нафақат соҳа ходимлари балки, истеъмолчилардан ҳам жиддий эътибор ва масъулият талаб этишини ёддан чиқармаслик лозим.