“Ғелон” туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

    Республиканинг туристик салоҳиятини ошириш бўйича ислоҳотларни изчил давом эттириш, тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги ишга туширилмаган мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланиш ҳисобига экологик туризм инфратузилма объектларини барпо этиш, шунингдек, туризм хизматларини диверсификация қилиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш орқали тоғли ва чекка ҳудудлардаги аҳоли бандлигини таъминлаш, уларнинг даромад манбаини кенгайтириш мақсадида:

    1. Қуйидагилар:

    Қозон шаҳрида (Россия Федерацияси) 2023 йил 4–6 октябрь кунлари бўлиб ўтган III ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида Россия томони билан Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида “Ғелон” халқаро умуммавсумий курорт мажмуасини ташкил этиш” лойиҳасини (кейинги ўринларда – Инвестиция лойиҳаси) амалга ошириш бўйича келишувга эришилганлиги;

    Инвестиция лойиҳаси доирасида инвестор томонидан Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш даврида юзага келиши мумкин бўлган хавф-хатарларни ўз зиммасига олган ҳолда дастлабки баҳолаш бўйича жами 300 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши;

    Инвестиция лойиҳаси 2024-2030 йиллар давомида уч босқичда амалга оширилиши, бунда 2027 йил 1 январга қадар биринчи босқичда инвестор томонидан 100 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилиши режалаштирилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

    2. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг:

    Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида умумий ер майдони 2,9 минг гектар бўлган “Ғелон” туристик-рекреацион зонасини (кейинги ўринларда – Туристик зона) ташкил этиш;

    Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида “Ғелон” туристик-рекреацион зонаси дирекциясини (кейинги ўринларда – Дирекция) тузиш;

    Туристик зона ҳудудида замонавий меҳмонхона мажмуалари, маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва туристик аҳамиятдаги бошқа объектларни ҳамда муҳандислик инфратузилмаларини барпо этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

    Белгилансинки, Туристик зона фаолият кўрсатиш муддатини кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилга ташкил қилинади.

    3. Қуйидагилар:

    “Ғелон” туристик-рекреацион зонаси чегараларининг тавсифи 1-иловага мувофиқ;

    “Ғелон” туристик-рекреацион зонаси ҳудудини тизимли ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар 2-иловага мувофиқ;

    “Ғелон” туристик-рекреацион зонаси ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    4. Белгилансинки:

    Туристик зона ҳудудидаги ер участкаларини реализация қилишдан ва ижарага беришдан келиб тушган маблағлар аукцион харажатлари чегириб ташланган ҳолда Дирекциянинг шахсий ҳисобварағига ўтказилади;

    Туристик зонанинг бош режаси ва батафсил режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда консалтинг компаниялари, маҳаллий ва хорижий экспертлар ҳамда бошқарув компаниялари хизматлари учун ҳақ тўлаш Тоғли ва олис ҳудудларда туристик инфратузилмани ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;

    Жамғарма ҳисобидан амалга ошириладиган харажатлар “Чорвоқ” туристик-рекреацион зонаси дирекцияси ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланадиган график асосида Туристик зона ҳудудидаги ер участкаларини электрон онлайн аукцион орқали реализация қилишдан тушган тушумлар ҳисобидан қопланади;

    Туристик зона инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш харажатлари белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларига мувофиқ амалга оширилади.

    5. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Кадастр агентлиги ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

    икки ой муддатда Туристик зона фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳаси белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;

    2025 йил 1 июнга қадар Туристик зонанинг бош режаси ва батафсил режалари лойиҳалари ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини;

    2025 йил 1 октябрга қадар Дирекция томонидан Туристик зонани ривожлантиришни назарда тутувчи мастер режа ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.

    6. Белгилаб қўйилсинки:

    Туристик зонадаги туристик инфратузилмани яратиш имконияти бўлган ер участкалари кейинчалик самарали фойдаланиш ва (ёки) инвесторларга реализация қилиш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан Дирекцияга ўтказилади;

    Туристик зона ҳудудидаги ер участкаларини реализация қилишдан тушган маблағлар Дирекция фаолиятини молиялаштириш ҳамда тоғ туризми лойиҳаларини амалга ошириш, жумладан, муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ва таъмирлаш чора-тадбирларини молиялаштиришга йўналтирилади;

    Туристик зона ҳудудида ҳамда Инвестиция лойиҳаси доирасида умуммавсумий туристик объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш, ушбу объектларнинг Туристик зонанинг бош режасига мувофиқлиги Дирекция томонидан назорат қилинади;

    Дирекция Туристик зона ҳудудида умумий фойдаланишдаги йўллар ва ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича буюртмачи ҳисобланиб, йўл ва ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини Туристик зонанинг чегараларигача етказиб бериш мажбуриятини бажаради;

    Дирекция лойиҳа компаниялари томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ Туристик зона ҳудудида зарур инфратузилма объектлари барпо этилишини таъминлайди.

    7. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда:

    Дирекцияни Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Мираки” МФЙ Фурқат кўчаси 1-уй манзили бўйича жойлаштирилишини таъминласин;

    Дирекция фаолиятини ташкил қилиш, шу жумладан, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жойлаштириш, асосий воситалар, анжомлар ва транспорт воситалари билан таъминлаш учун қонунчиликда тақиқланмаган манбалар ҳисобидан зарур маблағлар ажратсин.

    8. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Кадастр агентлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги билан биргаликда:

    икки ой муддатда Туристик зона ҳудудидаги ер участкалари, бино ва иншоотлар ҳамда дарахт ва буталар тўлиқ хатловдан ўтказилишини, мавжуд дарахт ва буталар белгиланган тартибда муҳофазага олинишини;

    уч ой муддатда ер участкалари олиб қўйилиши ва (ёки) бино ҳамда иншоотлари бузилиши натижасида мулкдорларга етказиладиган зарарлар миқдорига аниқлик киритилишини;

    баҳолаш ишларини ташкил этиш учун зарур ҳужжатлар, шу жумладан, ер участкасига бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тўплами тайёрланиши, баҳоловчи ташкилотлар жалб қилиниши ва баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботлар экспертизадан ўтказилишини;

    ер участкалари олиб қўйилишидан аввал мулкдорларга компенсация тўловлари тўлиқ ҳажмда тўлаб берилишини таъминласин.

    Бунда:

    ер участкалари эгаларига етказилган зарар қонунчиликда белгиланган тартибда қоплаб берилади;

    Туристик зона ҳудудида амалга ошириладиган лойиҳалар учун ажратиладиган ер участкаларида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликлари ўрнини қоплаш бўйича компенсация тўловлари лойиҳа ташаббускорлари томонидан қоплаб берилади.

    9. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Туризм қўмитаси, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги Инвестиция лойиҳаси доирасида:

    умумий узунлиги 33 км бўлган Ҳисорак – Ғелон, Ҳисорак – Сарчашма автомобиль йўлини икки тасмали қилиб, Чироқчи – Шўрқудуқ автомобиль йўлининг 30 км қисмини учинчи тоифадаги йўл даражасигача етказиш бўйича қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилишини;

    Мираки – Ҳисорак автомобиль йўлини икки тасмали қилиб, учинчи тоифадаги йўл даражасигача етказилишини;

    ишлаб чиқиладиган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан Туристик зона чегараларига қадар электр энергияси тармоғини тортиш ва подстанция барпо этиш, шунингдек, ичимлик ва оқова сув тармоқларини ўтказиш ишлари амалга оширилишини таъминласин.

    Бунда ташқи инфратузилма билан таъминлаш харажатларини молиялаштириш ва буюртмачиларни белгилаш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 августдаги “Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5233-сон ҳамда 2024 йил 5 июндаги “Республика ҳудудларининг туризм салоҳиятини янада ривожлантиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–212-сон қарорларига мувофиқ амалга оширилади.

    10. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги:

    а) Энергетика вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Рақамли технологиялар вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда 2025 йил 1 мартга қадар Инвестиция лойиҳаси доирасида объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, уларни келишиш ҳамда рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатларни белгиланган тартибда расмийлаштириш ишларини якунласин;

    б) Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Туризм қўмитаси билан биргаликда:

    Туристик зона ҳудудида туристик инфратузилма объектларини барпо этиш учун нуфузли ташкилотларни, шу жумладан, салоҳиятли хорижий ва маҳаллий инвесторларни жалб қилиш;

    истиқболли ва устувор лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, Туристик зона ҳудудида дастлабки туризм, йўл-транспорт инфратузилмаси ҳамда коммуникация тармоқларини ривожлантириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари ва грантларини жалб қилиш чораларини кўрсин.

    11. Туризм қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2025 йил 1 апрелга қадар Туристик зона брендини яратиб, республика ҳудудида ҳамда хорижий давлатларда кенг тарғиб қилиш чораларини кўрсин.

    12. Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги:

    Шаҳрисабз туманида Туристик зона ҳудуди доирасида қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларнинг ер фонди тоифаларини ўзгартириш бўйича таклифларни Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ва ўрмон фонди ерларининг ер фонди тоифаларини ўзгартириш масалаларини кўриб чиқиш бўйича Ҳукумат комиссиясига киритсин;

    Туристик зона ҳудудида йўл кўрсаткичларини ўрнатиш ва намунавий санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштириш ҳамда чиқиндиларни ташлаш нуқталарини белгиласин;

    Туристик зона ҳудудида маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини минималлаштириш, замонавий технологияларни жорий этиш орқали қаттиқ маиший чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва олиб чиқиб кетиш ишларини ташкил этсин;

    Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия билан биргаликда Туристик зона ҳудудида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши юзасидан экологик назоратни ўрнатсин.

    13. Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Туристик зона ҳудудида Қашқадарё вилояти ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг мавжуд штат бирликлари ҳамда иш ҳақи жамғармаси доирасида хавфсизликни таъминлаш бўлимини ташкил этиш дастурини тасдиқласин.

    14. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига қишки спорт турларини оммалаштиришга қаратилган мақолалар чоп этиш ва мавзули теледастурларни эфирга узатиш тавсия этилсин.

    15. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари Ж.А.Ходжаев ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокими М.Б.Азимов белгилансин.

    Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

    Ўзбекистон Республикаси

    Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,

    2024 йил 5 декабрь

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates