Гендер тенгликка эришиш стратегияси миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланади

    Охирги тўрт йил мобайнида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш билан боғлиқ иккита қонун, Президентимизнинг 6 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 16 та қарори қабул қилинди.

    Гендер тенглик нафақат инсон ҳуқуқини таъминлаш, балки, жамиятни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этадиган эзгу қадриятдир. Қолаверса, гендер тенглик — бу, мамлакатнинг демократик тараққиёт даражасини кўрсатувчи индикаторлардан бири ҳисобланади. Шу боис, бугунги глобаллашув даврида жамиятда бу масалага устувор эътибор қаратилмоқда.

    Ўзбекистон Республикаси гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ишчи гуруҳи аъзоси, Олий Мажлис Сенати хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси Нодира ШОТУРСУНОВА билан суҳбатимиз мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар хусусида бўлди.

    Нодира Носировна, суҳбатимизни гендер тенглик тушунчасининг мазмун-моҳияти, жамиятни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақидаги фикрларингиз билан бошласак.

    — Гендер — хотин-қизлар ва эркаклар ўртасидаги муносабатларнинг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган муҳим ижтимоий кўриниш. Шу жиҳатдан олганда, гендер тушунчаси фақат аёллар манфаатларини ифодаламайди, балки, ҳар икки жинс вакилларининг ўз орзу ва мақсадлари сари дадил одимлаши, ҳаёт сифатини ошириш учун бир хил имкон бериш кераклигини ифода этади. Айнан ривожланган жамиятнинг талабларидан бири — бу эркак ва аёл ҳуқуқлари тенг­лигини таъминлашдан иборат. Зеро, жамиятдаги бу мувозанат инсониятнинг барқарор тараққиёти ва фаровон келажаги кафолатидир. Шу боис, азал-азалдан кишилик жамияти тарихида бу қадрият юксак эъзозланган.

    Гендер тенгликнинг ҳуқуқий ривожига эътибор берадиган бўлсак, бу борада 1948 йилда БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгиланган умуминсоний тамойилларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Унда эркак ва аёлларнинг тенглиги алоҳида эътироф этилган бўлиб, Декларациянинг 1-моддасида “Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлиш­лари керак”, дея таъриф берилган. БМТ томонидан 1966 йилда қабул қилинган яна бир халқаро ҳужжат — Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 3-моддасида “Мазкур пактда иштирок этувчи давлатлар эркаклар ва аёллар учун ушбу Пакт­да кўриб чиқилган барча фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлардан бир хилда фойдаланишини таъминлаш мажбуриятини олади”, деб таъкидланган.

    Ушбу халқаро ҳужжатларни ратификация қилган мустақил давлатимиз халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган талаб­ларидан келиб чиқиб ўз миллий қонунчилигида аёллар ва эркаклар тенглиги масаласига жиддий аҳамият бермоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бу соҳадаги ҳуқуқий ва амалий ишлар янги босқичга кўтарилди. Охирги тўрт йил мобайнида гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини ошириш билан боғлиқ иккита қонун, Президентимизнинг 6 та фармон ва қарори, ҳукуматнинг 16 та қарори қабул қилинди.

    Жумладан, 2019 йил 2 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда гендер тенгликни таъминлашга қаратилган яхлит ва асосий қонун ҳужжати ҳисобланади. Ушбу қонун билан илк бор миллий қонунчилигимизда “гендер” тушунчасига таъриф берилган. Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, ушбу соҳада давлат бош­қаруви механизмлари белгиланди. Хусусан, хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Республикасида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди.

    Вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бўйича маслаҳат кенгаши фаолияти йўлга қўйилди. Сиё­сий, ижтимоий, иқтисодий соҳаларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлашга қаратилган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

    Жамиятда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида ишлар қандай самара бермоқда?

    — Айтиш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини ошириш, аёлларни турли ­масъул лавозимларга тайинлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада аёлларимиз депутат, сенатор, ҳоким, элчи, прокурор, судья, солиқчи каби масъулиятли лавозимларда меҳнат қилаётир.

    Давлат бошқарувида хотин-қизларнинг иштирокини янада ошириш мақсадида 6 мингдан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилди. Ҳозирги вақтда уларни турли раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича тизимли ўқувлар ташкил этилмоқда.

    Хотин-қизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни зўравонликдан ҳимоялаш масаласи ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бу борада амалга оширилаётган ишларнинг натижаси нималарда кўринмоқда?

    — Айтиш керакки, гарчи ҳаётимизда аёлларнинг зўравонликка учраши билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилиб, бу оила ва жамият ривожига ўз салбий таъсирини намоён этса-да, яқин-яқингача бу муаммо ёпиқ мавзу бўлган Бу ҳолатни ўрганиш тугул, у ҳақда сўз очиш ҳам мушкул эди.

    Сўнгги тўрт йилда бу борадаги вазият тубдан ўзгарди, муаммолар очиқ-ошкора таҳлил этилиб, уларнинг ечимлари излана бошланди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши бу борадаги муаммолар ечими йўлида муҳим қадам бўлди. Ҳозирги кунда юртимизда зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва ҳаётга мослаштириш бўйича икки юзга яқин марказлар фаолият юритяпти. Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ҳузурида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлар бирлашмаси ҳам бу борадаги ишларга ўз улушини қўшмоқда.

    Коронавирус пандемияси шароитида хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш масаласи янада устувор вазифага айланди. Бу борадаги чора-тадбирларни амалга татбиқ этишда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия тизимида ишонч телефонлари ташкил этилди. Бундан ташқари, телеграмм тармоғида “Зўравонликка йўл йўқ” деб номланган махсус канал очилган. Айни пайтда бу ишлар изчил давом эттирилиб, зўравонликка учраган аёлларга ҳуқуқий-психологик ёрдам кўрсатиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мақсадида махсус мобил илова ишлаб чиқилаяпти.

    Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам муҳим самара бермоқда. Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш борасида изчил иш олиб бориляпти. Айни пайтда Гендер тенглик комиссияси томонидан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривож­лантириш мақсадида тадбиркорлик маслаҳат кенгашлари фаолият юритяпти. Комиссия қошида тадбиркор аёллар форуми ташкил этилди.

    Комиссия ўз фаолиятида халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ишларни халқаро ҳамжамиятга етказишга ҳам эътибор қаратадими?

    — Албатта, бу йўналишда ҳам ишларимиз тобора ривожланаяпти. Аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш йўналишида АҚШнинг ишбилармон аёллар ассоциацияси билан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда Навоий вилоятининг Хатирчи туманида одам савдосига учраган аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ихтисослаштирилган кичик ижтимоий тикув цехи ташкил қилинди.

    Ўзбекистонда гендер тенгликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқаро ҳамжамиятни хабардор этиш ва бу борада давлатимиз имижини ошириш мақсадида Ўзбекистон делегациясининг АҚШ, Европа Иттифоқи, Корея, Япония, Россия, Туркия, Қозоғистон, Озарбайжон, Кения давлатларига хизмат сафарлари ташкил этилди. Хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида ЮНИСЕФ, ЮНФПА, БМТ Жаҳон банки, ХМТ, ОТБ, ЮСАИД ЕХҲТ, ЕТТБ каби халқаро ташкилотлар билан икки томонлама йиллик қўшма режалар тасдиқланди. Комиссия аъзолари Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб ўтган жаҳон аёллар форумида иштирок этди.

    БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси юзасидан қабул қилинган миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича мониторинг ўтказилди. Ташкилот ва идоралардаги масъул ходимлар учун ҳисоботларни тайёрлаш ҳақида амалий машғулот ташкил этилди. 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш мақсадларининг гендер соҳасига тегишли бандлари бўйича индикаторлар шакллантирилган.

    Сизнинг фикрингизча, юртимизда гендер тенгликни таъминлаш ­борасидаги ишларни янада ривожлантириш учун биринчи навбатда қандай муаммоларни ҳал этиш керак?

    — Бу борада, аввало, гендер масаласида аҳолининг дунёқарашини ривож­лантириш зарур. Гендер тенглик дегани эркак ва аёлнинг манфаатини бирдек ҳимоя қиладиган қадрият эканини барча англаши лозим. Тўғри, ҳозирда юртимизда бу йўналишда аёллар фаоллигини оширишга кўпроқ эътибор берилаяпти. Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор — бизнинг жамиятимизда эркаклар ҳамиша етакчи мавқеда ва фаол бўлиб келган. Аммо, аёллар масаласида ҳали қилинадиган ишлар кўп. Шу боис, гендер тенглик билан боғлиқ лойиҳаларимиз кўпроқ аёлларнинг фаоллигини оширишга йўналтирилган. Табиийки, бу йўналишдаги ишлар бир тизимга тушгач, гендер тенглик ло­йиҳалари эркаклар ва аёллар учун тенг муҳит яратишда давом эттирилади.

    Вазирлик ва идораларда гендер тенглик фаолиятини ривож­лантиришга кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ҳам сўзлаб берсангиз...

    — Ҳозирда қатор вазирлик ва идораларда гендер тенглик масалалари бў­йича маслаҳат кенгаши фаолият юритади. Кўпинча, ушбу кенгаш аъзолари бу кенгашга ким раҳбарлик қилиши керак, бу йўналишда ишларни қандай ташкил қилиш керак, деган саволларга дуч келади. Уларга бу йўналишда услубий-амалий ёрдам бериш мақсадида медиарежа ишлаб чиқиб, тарғиботни кучайтирмоқчимиз. Шунингдек, шу кунларда давом этаётган “Гендер тенглик фаоли” миллий танловини ташкил этишдан мақсад ҳам бу йўналишда амалга оширилаётган ишларни чуқур таҳлил ва тарғиб этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамият ҳаётида фаоллигини янада оширишдан иборат. Анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилган танловда ҳар жорий йил якунлари бў­йича гендер тенгликни таъминлаш соҳасида юқори натижаларга эришган, бу борада жамият ривожи учун ташаббус кўрсатаётган, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўз соҳасига тегишли йўналишларда долзарб вазифаларни амалга ошираётган вазирликлар, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва журналистлар иштирок этади. Танлов бир қанча асосий номинациялар бўйича ўтказилади. Бир сўз билан айтганда, бугунги кунда жамиятимизда гендер тенглик масаласи устувор вазифа сифатида кун тартибига кўтарилди. Бу борада ҳуқуқий ва амалий жиҳатдан кенг қамровли ишлар бошлаб юборилган. Энг муҳими, бу чора-тадбирларнинг натижаси оила мустаҳкамлигини таъминлаш ва жамиятда маънавий-маърифий муҳитни барқарорлаштиришда қисқа муддатда ўз самарасини кўрсатаяпти. Келгусида бу эзгу ишлар изчил давом эттирилади ва янада янги босқичга кўтарилади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates