Геология соҳасида ислоҳотлар қандай кечяпти?

    Фан 18 июн 2020 5018

    Давлатимиз раҳбарининг куни кеча эълон қилинган “Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимида Геология фанлари университети фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Ўзбекистон каби фойдали қазилмаларга бой мамлакат тараққиётида муҳим ҳаётий аҳамиятга эга. Чунки йил аввалидан буён Президентимиз геология соҳасини такомиллаштириш бўйича бир неча бор йиғилиш ўтказиб, қатор топшириқ ва кўрсатмалар берди.

    Жумладан, жорий йилнинг 27 апрель куни геология соҳасига бағишлаб ўтказилган йиғилишда инвестиция лойиҳалари доирасида минерал бойликларни қазиб олиш самарадорлигини ошириш, ускуналарни янгилаш ва модернизация дастурини амалга ошириш ҳамда ер ости сувларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.

    Хусусан, амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида олтин, кумуш, мис ва саккиз турдаги металл бўлмаган фойдали қазилмалар захирасини, минерал қазиб олиш ҳажмини камида 1,5 баравар ошириш вазифаси қўйилди. Кўрсатилган вазифаларни ҳал қилиш учун, биринчи навбатда, мавжуд ускуналарни янгилаш ва модернизация қилиш кераклиги таъкидланди.

    Геология соҳасини модернизация қилишга ажратилаётган маблағлар йилдан йилга кўпаймоқда. Хусусан, 2017 йилда шу мақсадда 52,5 миллиард сўм, 2018 йилда 185,3 миллиард сўм, 2019 йилда 160,6 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу йил бурғилаш, тоғ-кон, лаборатория, геофизика, энергетика ускуналари, махсус жиҳозлар, ёрдамчи ва бошқа турдаги ускуналарни модернизация қилиш учун 512 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилиши кутилмоқда. Маблағларнинг мақсадли сарфланиши натижасида сўнгги уч йил ичида соҳадаги техник жиҳозларнинг учдан бир қисми модернизация қилинди.

    Замонавий ускуналардан фойдаланиш техник имкониятлар туфайли илгари кириш имкони мавжуд бўлмаган объектларга кириш, таъмирлаш вақтини қисқартириш орқали қудуқларни бурғилаш тезлиги ва сифатини оширишга хизмат қилади. Бундан ташқари, барча босқичдаги иш вақтини қисқартириш, атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш ва мураккаб конструкцияли қудуқларни бурғилашга имкон беради. Масалан, замонавий ускуналар ёрдамида бурғилаш чуқурлигини 800 метрдан 1200 метргача, иш самарадорлигини 1,7 баравар ошириш мумкин. Шунга кўра, жорий йилнинг 1 июлига қадар давлат бюджетидан ажратилган маблағлар эвазига юздан ортиқ ускуна модернизация қилиниши кутилмоқда.

    Модернизация дастурининг амалга оширилиши туфайли жорий йилда қидирув ишлари ҳажмини 35 фоиз ошириш, йил охирига қадар 16 та углеводород конини аниқлаш ва 23 та янги конда захиралар ҳажмини тасдиқлаш кутилмоқда.

    Global Mapper (географик маълумот тизими учун дастурий таъминот), Erdas imagine (географик ва гиперспектрал тасвирларни, шунингдек, вектор маълумотларни қайта ишлаш учун дастурий таъминот) ва ENVI (географик ахборот тизимлари мутахассислари, масофадан зондлаш бўйича олимлар ва тасвир аналитиклари томонидан фойдаланиладиган тасвирни таҳлил қилиш дастури) каби фазовий маълумотларни қайта ишлаш имконини берадиган замонавий географик ахборот технологияларидан фойдаланмай келажакда геология-қидирув ишларини тасаввур қилишнинг иложи йўқ.

    Ўзбекистонда энг янги геоинформацион технологиялардан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилаётгани чуқур қатламлар тўғрисида аниқ-равшан маълумот олиш ва улкан ҳудудларни тадқиқ қилишда вақт ва ресурсларни тежашга хизмат қилади.

    Соҳанинг инвестициявий жозибадорлиги

    Ўзбекистонда 2025 тадан ортиқ кон мавжуд. Жумладан, қурилиш материаллари бўйича 867 та, ер ости сувларининг 649 та, углеводородлар (нефть, газ, конденсат)нинг 244 та, қимматбаҳо металлар (олтин, кумуш)нинг 97 та, рангли ва нодир металларнинг 12 та, радиоактив металларнинг 38 та, кон хомашёларининг 37 та, кон-кимёнинг 32 та, қимматбаҳо тошларнинг 30 та, кўмир ва нефть сланецининг 7 та, қора металларнинг 5 та ресурси қайд этилган.

    Баъзи фойдали қазилмалар (олтин, уран, мис, фосфоритлар, молибден ва бошқалар) захиралари бўйича Ўзбекистон дунёнинг етакчи давлатлари қаторига киради. Нуфузли халқаро консалтинг компанияларидан бири — BCG ҳисоб-китобларига кўра, кейинги ўн йил ичида мамлакатнинг инвестициявий салоҳияти 65 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Шундан 45 миллиард доллардан ортиғи хомашё саноати ҳиссасига тўғри келади.

    Соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини ҳамда халқаро инвестициялар оқимини ошириш учун халқаро стандартларнинг ҳисобот шаклларига ўтиш талаб этилади. Халқаро миқёсда тан олинган стандартлар орасида ажралиб турувчи JORC кодексида минерал қидирув натижалари ва маъдан захиралари тўғрисидаги оммавий ҳисоботни қўллаш бўйича муайян стандарт, тавсия ва принциплар мавжуд. Кодекснинг асосий принциплари шаффофлик, аҳамиятлилик ва ваколатдир.

    Шаффофлик ва аҳамиятлилик кодекснинг асосий тамойиллари бўлишига қарамай, халқаро даражадаги юқори сифатли ҳисоботни тақдим этишнинг асосий таркибий қисми ваколатли мутахассислар, яъни малакали кадрлар бўлиб қолмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда уч ой давомида чет эллик мутахассисларни жалб қилиш орқали 25 нафар геологни JORC стандартлари бўйича маълумот тайёрлашга ўқитиш топшириғи берилди. Бу юқори салоҳиятли инвесторлар талаби ва кутиладиган натижаларни тўлақонли акс эттирувчи жаҳон стандарти даражасидаги ҳисоботларни тайёрлаб боришни таъминлайди.

    Бундан ташқари, Президентимиз бир ой ичида Қизилтурук (олтин) ва Сангрунтов (сланец) конларига Жаҳон банки билан, Оқтепа (кумуш) ва Жетимтов (фосфорит) конларига эса Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан инвесторларни жалб қилиш бўйича келишувларга эришиш бўйича топшириқ берди.

    Ўзлаштириш учун тайёр бошқа 16 та конга инвесторларни жалб қилиш бўйича халқаро молия институтлари билан 2020 йил 1 ноябргача музокаралар ўтказиш режалаштирилган. Хорижлик инвесторларни жалб этиш тўғридан-тўғри янги технологияларни трансфер қилиш, захираларни ривожлантиришни жадаллаштириш ва натижада минтақавий иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, бандликни ошириш ва солиқ тушумларини кўпайтиришга хизмат қилади.

    Қўмита фаолиятининг такомиллашуви

    Сўнгги йилларда Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг функционал салоҳиятини мустаҳкамлаш ва фаолиятини кенгайтириш бўйича қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

    Мамлакатнинг табиий бойликларидан оқилона ва самарали фойдаланиш зарурияти ҳисобга олинса, бу қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 1 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида қўмитанинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари белгиланган.

    Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 18 ноябрдаги “Нефть ва газ геология-қидирув ишларини ташкил этиш ва олиб бориш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, янги углеводород хомашёси конларини очиш учун нефть ва газ истиқболли тузилмаларини аниқлаш ҳамда тайёрлашга қаратилган илмий-тадқиқот, регионал геологик-тасвирлаш, геофизик ва бурғулаш ишларини олиб бориш ҳамда республика углеводород хомашёси захираларини жадал ривожлантириш ва қайта тиклаш, янги углеводород хомашё конларини очишга қаратилган геология-қидирув ишлари самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ишларини ташкиллаштириш Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасига зиммасига юклатилди.

    Норматив-ҳуқуқий база

    Шу йил 27 апрель куни геология соҳасини ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

    Амалдаги қонун 2002 йилда қабул қилингани инобатга олинса, мазкур меъёрий ҳужжатни саноатни ривожлантириш тенденциялари ва соҳадаги энг яхши хорижий тажрибалар асосида қайта кўриб чиқиш зарурати вужудга келгани аён бўлади.

    Мазкур топшириқни ўз вақтида ва самарали бажариш мақсадида Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасида қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

    Ишчи гуруҳ томонидан Туркия, Чили, Хитой, Канада, Германия, Россия, Қозоғистон ва Австралия каби давлатларнинг ер ости бойликлари ва ер ости бойликларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўрганилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, Австралия, Туркия, Канада, Германия ва Россиянинг мазкур соҳадаги қонунлари комплекс хусусиятга эга. Улар ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни батафсил, тўғридан-тўғри тартибга солади.

    Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтисодиёт тармоқларини хомашё билан таъминлашда геология соҳасидаги ишларни такомиллаштиришнинг аҳамиятини алоҳида қайд этган эди.

    Шунга кўра, соҳадаги меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлардан бири — янги таҳрирда ишлаб чиқилаётган “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тўғридан-тўғри амал қилиш хусусиятига эга бўлиши, чет эллик инвесторлар ва давлат ўртасида ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни янада батафсилроқ тартибга солиш ҳисобланади.

    Шунингдек, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасига тўғридан-тўғри рақобат тамойилларини жорий қилиш мақсадга мувофиқ. Яъни фойдали қазилмаларга бўлган ҳуқуқларни тақдим қилишнинг рақобатга асосланган шартларини батафсил белгилаб қўйиш керак. Шу билан бирга, ер ости бойликларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари кучайтирилиши, давлат ва маҳаллий ҳокимият органлари уларнинг фаолиятига аралашиши мумкин бўлган ҳолатлар аниқ белгилаб қўйилиши лозим.

    Илмий ва инновацион салоҳият

    Сўнгги йилларда Ерни масофадан зондлаш фойдали ресурсларни ўрганиш ва бошқариш учун ажралмас воситага айланди. Кузатув турли диапазонда электрмагнит нурланишни қайд этадиган махсус кўп каналли ускуналар билан жиҳозланган самолётлар ва космик кемалар ёрдамида амалга оширилади. Масофадан туриб зондлаш технологиясидан фойдаланган ҳолда Ерни ўрганишнинг бир нечта усули мавжуд. Сунъий йўлдошдан олинган суратлар ёрдамида сиртдан суратга олиш, шунингдек, чуқурликдаги тоғ жинсларининг хусусиятларини акс эттирувчи ҳаводан олинган аэрогеофизик маълумотларга ишлов бериш шулар жумласидандир.

    Табиий захираларни қидириш ва қазиб олиш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан йил охирига қадар сунъий йўлдош орқали олинган сурат ёрдамида аэрогеофизик услубда геологик тадқиқотларни ташкил этиш топшириғи берилди. Бундай услуб ва технологиялар қидирув ишларининг дастлабки босқичларидан қазиб олинадиган фойдали қазилмаларни ташишгача бўлган барча босқичда қўлланилади.

    Аэрогеофизик технологияларнинг афзаллиги шундаки, юқори маҳсулдорлик (бир самолётда ойига 30 минг километргача масофани босиб ўтиш мумкин) билан бирга ўрганилаётган ҳудудларда техноген юк бўлмайди. Анъанавий усуллардан фойдаланиш (сейсмик қидирув ва бурғулаш), одатда, логистика билан боғлиқ қийинчиликларга дучор қилади. Бу эса лойиҳалар қийматининг сезиларли даражада ошишига олиб келади. Бундай шароитда аэрогеофизик усулларнинг қўлланилиши оғир геологик ва геофизик ишларни режалаштириш ҳамда амалга оширишни оптималлаштириш орқали қисқа вақтда ўрганиш зонасининг геологик тузилиши тўғрисида катта ҳажмдаги маълумотларни олиш имконини беради.

    Ушбу усулларни қўллаш долзарблигини ҳисобга олиб, 2019 йилда Марказий Осиёда биринчи замонавий аэрогеофизик комплекс ишга туширилиб, минерал ресурсларни ўрганишнинг инновацион усуллари жорий этилди. Геологик ишларнинг дастлабки босқичида замонавий географик ахборот технологияларига асосланган, дунёда кенг қўлланиладиган дастурлар, шунингдек, улкан ҳудудларда тадқиқот олиб бориш ва юқори аниқликда чуқур фойдали қазилма конларини тасвирга олиш имконини берувчи сунъий йўлдошлардан олинган суратлардан кенг фойдаланилмоқда.

    Геология соҳасидаги тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан амалий ва инновацион лойиҳалар танлови ўтказилмоқда. Танловнинг мақсади геологик ривожланишнинг долзарб муаммолари, реал эҳтиёжлари ва минтақавий муаммоларини ҳал этишга қаратилган юқори технологияли маҳсулотлар ва инновацион технологияларни яратишдир.

    Бундан ташқари, геология соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Геология ва геофизика, минерал ресурслар, гидрогеология ва муҳандислик геологияси, нефть ва газ конларини қидириш институтлари негизида Геология фанлари университети ташкил этилиши кутилаётган эди. Давлатимиз раҳбари қарори билан бу масала ҳам ечимини топди. Қарорда тоғ-металлургия соҳасидаги геология фанлари ва корхоналарининг илғор назарий билимларини бирлаштириш, рақамли геология ва тоғ жинслари ҳамда минералларнинг миллий электрон базаси лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, талабаларни юқори аниқликдаги космик фотосуратлар асосида Ерни масофадан зондлаш усуллари бўйича ўқитиш кўзда тутилган.

    Алишер ХАЛМУРЗАЕВ,

    Муҳаммад БОБОЖАНОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси

    ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

    бош илмий ходимлари