«Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи ўртасида онлайн-учрашуви бўлиб ўтди

    Халқаро ҳамкорлик 14 феврал 2023 950

    Жорий йил 13 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Германия Бундестаги билан ҳамкорлик бўйича парламент гуруҳи ва Бундестагнинг «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи ўртасида онлайн-учрашуви бўлиб ўтди.

    Унда Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, сенаторлар, Бундестагнинг «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи раиси Ойген Шмидт ва мазкур гуруҳнинг аъзолари иштирок этди.

    Маълумки, «Германия – Марказий Осиё» парламент гуруҳи 1994 йилда ташкил этилган. Гуруҳ олтита давлат – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Мўғулистон учун масъул ҳисобланади.

    Учрашув давомида Германия Бундестаги ва Марказий Осиё давлатлари парламентлари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, қонун устуворлиги ва фуқаролик жамияти тузилмаларини қуришни қўллаб-қувватлашда Германия парламент тизими тажрибасини ўрганиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

    Муҳокамалар чоғида С.Сафоев Ўзбекистон ва Германия парламентлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш борасидаги ишлар ҳамда парламент гуруҳлари ўртасидаги дўстона муносабатлар нечоғли муҳим эканлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

    Суҳат якунида парламентлараро дўстлик гуруҳлари доирасида мунтазам равишда мулоқот ўтказиш, навбатдаги учрашув кун тартибига энергетика хавфсизлиги, экология, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик масалаларини киритиб муҳокама қилишга келишиб олинди.

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.