Германияда Самарқанд ҳақида фильм намойиш этилади

    Маданият 31 май 2021 1577

    Германияда Самарқанднинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида ҳужжатли фильм намойиш этилади.

    Германиянинг «ZDF» телеканалининг иккинчи канали буюртмасига кўра, «BEWEGTE ZEITEN Filmproduktion GmbH» компанияси Ўзбекистон ҳақида ҳужжатли фильм устида иш бошлади.

    Немис киноижодкорларининг ижодий сафари мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси ҳамда Туризм ва спорт вазирлиги кўмагида ташкил этилди.

    Режиссёр Беттина Вобст бошчилигидаги гуруҳ Самарқанднинг сайёҳлик объектларида, яъни Регистон майдонида, «Конигил» сайёҳлик қишлоғида, Хўжа Абду Дарун мажмуасида, шунингдек бунёдкорлик жараёнларни суратга олишди.

    Самарқанд вилояти туризм ва спорт бош бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, фильм «ZDF» телеканалида шу йилнинг декабрь ойида намойиш этилади, деб хабар беради ZarNews.uz

    Таъкидлаш жоизки, «ZDF» – Германиянинг энг йирик миллий телекомпанияларидан бири бўлиб, кўп миллионли томошабинлар аудиториясига эга, «BEWEGTE ZEITEN Filmproduktion GmbH» компанияси эса немис киностудияларининг етакчиларидан бири.