Гермaниянинг мaшҳур журнaлидa Ўзбекистоннинг туристик сaлоҳиятигa оид мaқолa чоп этилди

    Германиянинг машҳур “OstContact” журналида “Ўзбекистон улкан туристик салоҳиятга эга” номли мақола чоп этилди.

    Унда халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги туризм соҳасида олиб борган таҳлиллари, мамлакат туризмига коронавирус пандемиясининг таъсири, туристлар учун яратилган қулайликлар, визасиз режим жорий этилгани, хорижий давлатлар, жумладан, Россия билан туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган дастурлар ҳақида сўз боради.

    Маълумот учун, “OstContact” — 1955 йилдан бери ҳар ойда нашр этиладиган Германиянинг машҳур журнали ҳисобланиб, Европа Иттифоқи, МДҲ мамлакатлари ва Россия бозорларидаги иқтисодий, сиёсий жараёнлар тўғрисида маълумот тақдим этиб боради. Журналда сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва йирик ишбилармонларнинг бозорга оид таҳлили, солиқ, молия, инвестиция, туризм, хизмат кўрсатиш соҳалари, энергетика, экология, меҳнат бозори, маркетинг, божхона, юриспруденция ва бошқа кўплаб йўналишлардаги долзарб маълумотлар бериб борилади. Журнал ўртача 10 минг нусхада чоп этилади, унинг электрон версияси 1,5 миллион обуначига эга.

    Шунингдек, мақолада Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти, соҳадаги ижобий ўзгаришлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар батафсил ёритилган. Ўзбекистонга “Буюк Ипак Йўли”да жойлашган, тарихий обидалари ва муқаддас қадамжолари билан машҳур афсонавий ўлка ҳамда дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туристик шаҳарларига эга мамлакат сифатида таъриф берилган. Ўзбекистоннинг ўзига хос хушманзара табиати, бой маданий мероси ва урф-одатлари, миллий таомлари тўғрисида ҳам кўплаб ижобий фикрлар келтирилган.

    Бундан ташқари, 2018 йилдан бугунги кунга қадар 90 та хорижий мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз режим тартибининг қўлланиши сайёҳлар оқимининг кескин ошишига сабаб бўлганлиги ижобий баҳоланган. Хусусан, Баҳрайн Қироллиги, Қатар, Қувайт, Уммон Султонлиги ва Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитойнинг Гонконг ва Макао махсус маъмурий ҳудудлари фуқаролари учун ҳам визасиз режим жорий қилинганлиги зиёрат туризми йўналишини янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшиши қайд этилган.

    Шунингдек, Ўзбекистоннинг жойлаштириш воситалари сонининг ошиб бораётганлиги, туризм объектлари инфратузилмасини янада такомиллаштириш, маданий-кўнгилочар мажмуаларни ривожлантириш, маданий мерос объектларини реставрация, консервация қилиш ишлари учун 1 триллион сўм ажратилгани мазкур соҳанинг янада ривожланишига туртки бўлиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.

    Умуман олганда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасига мамлакатнинг асосий иқтисодий йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиши соҳа ривожига катта таъсир кўрсатиши мақолада ўз ифодасини топган.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates