Юртимизда гиёҳвандликнинг олдини олиш, даволаш ва ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича бир қатор ишлар олиб борилмоқда. “Ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар тарқалишига қарши курашиш” тезкор-профилактик ойлиги ўтказилди. “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзусида ўтказилган 53,5 минг учрашувда 1,5 миллиондан ортиқ ёшларнинг иштироки таъминланди.
Тадбирлар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази билан ҳамкорликда тайёрланган “Журналист суриштируви” номли ҳужжатли фильм, шунингдек, мавзуга оид бошқа ижтимоий роликлардан кенг фойдаланилди.
Тадбирлар давомида 1 минг 277 наркожиноят аниқланиб, ноқонуний муомаладан 804 кг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар олинди.
Тошкент шаҳрида “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” профилактик ойлиги доирасида 50 мингдан зиёд профилактик тадбирлар ўтказилди. Уларга 2 миллиондан ортиқ фуқаро жалб этилиб, 838 минг донадан ортиқ махсус буклет ва флаерлар тарқатилди.
165 минг 998 нафар ўқувчи ва талаба билан якка тартибда профилактик суҳбат ўтказилиб, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг салбий оқибатлари тушунтирилди. Тадбир давомида 801 та гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ ҳолат аниқланиб, 567 жиноят иши қўзғатилди. Ноқонуний муомаладан 21,8 кг гиёҳвандлик воситалари, 28,8 минг дона ва 26 кг миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.
Ички ишлар органларига олиб келинган шахслардан 266 нафари мажбурий, 235 нафари ихтиёрий даволанишга ётқизилди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик ойлиги доирасида 7 минг 236 та тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. 1 минг 191 нафар қидирувдаги шахс ушланди. Ноқонуний муомаладан 334 кг 266 грамм гиёҳвандлик воситалари, 68 минг 429 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинди.
Гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан шуғулланувчи наркодўконларнинг рекламаси акс этган 3,6 мингдан ортиқ ҳолат аниқланиб, бартараф қилинди. Уларни чизган 8 нафар шахс аниқланиб, маъмурий жавобгарликка тортилди. Тадбирлар натижасида 5 минг 602 жиноят қайд этилди.
Республика бўйича 11 минг 725 та олдини олиш мумкин бўлган жиноят қайд этилиб, бу аввалги йилга нисбатан 26 фоизга камайгани маълум бўлди.
Таркибида гиёҳвандлик воситалари бўлган ўсимликлар ўсаётган майдонларни аниқлаш ва йўқ қилиш билан бир қаторда, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ҳамда фош этиш мақсадида май-июнь ойларида “Қора дори - 2025” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи ўтказилди.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноят содир этгани учун 4 минг нафардан зиёд шахс ушланган. Улардан 1,8 тоннадан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ва 894 минг 255 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари олинган.