Глобал масалаларнинг ечими инновацион технологияларга боғлиқ

    ШҲТга аъзо давлатлар билан агроинновация соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз замонавий инновацион агротехнологиялар ва методологиялар бўйича илмий-амалий тажрибалар билан ўртоқлашиш ва янги технологияларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади.

    ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтган саммитида кўрилган масалалар қаторида аграр соҳани ҳамкорликда ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилди.

    Бугунги куннинг долзарб муаммолари – иқлим ўзгаришлари, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислиги, биохилма-хилликнинг бузилиши озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби глобал масалаларнинг ечими ҳам, жумладан, аграр соҳада инновацион технологияларни қўллашни тақозо қилади.

    Шунингдек, далаларнинг агрокимёвий электрон хариталарини яратиш, ўсимликларни парваришлаш, ерни, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва ўғитларни қўллашнинг оптимал технологияларини танлаш ва амалга жорий қилиш «Ақлли қишлоқ хўжалиги»даги долзарб вазифалардан ҳисобланади. Демакки, бу борада ШҲТга аъзо давлатлар билан қатор ишларни ҳамкорликда олиб бориш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

    Ҳиндистоннинг “Nath Bio-Genes” компанияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги ўртасидаги келишувга кўра Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида “Nath Bio-Genes Central Asia” МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди. Унинг ер майдонида 34 хил уруғ навлари, жумладан, пахта, шоли, маккажўхори ва сабзавотларнинг гибрид ва супер элита уруғлари етиштириш йўлга қўйилди.

    Мазкур қишлоқ хўжалиги экинларини парваришлаш инновацион технологияларни жорий қилиш асосида олиб борилаётганлиги ҳосилдорликнинг бир неча баробар ошиши ҳамда сифатли маҳсулот етиштириш имкониятини бермоқда.

    Келгусида Ҳиндистоннинг яна бир тажрибаси — аграр соҳада инновацияларни қўллашда фермерларнинг билими ва малакаларини ошириш, “Agri Value Added Services” каби мобил иловаларни ҳамкорликда ишлаб чиқариш ва жорий қилиш бўйича ҳамкорликдаги ишлар назарда тутилмоқда. Бу каби мобил иловалар қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермерлар ва деҳқонларни нафақат об-ҳаво ҳамда даладаги экинларнинг парвариш ҳолати тўғрисидаги маълумотлар, балки энг илғор технологиялар ҳақида реал вақтда ахборотлар билан таъминлайди.

    Россия Федерациясида 10 фоиз ҳайдаладиган ер майдонларига рақамли технологиялар ёрдамида ишлов берилади. Мамлакатдаги йирик агросаноат корхоналари «Русагро» агрохолдинги, «Агротерра» компанияси қўллаётган инновацион технологиялар ёрдамида соя ҳосилдорлиги 11,5 фоизга ва буғдойнинг йиллик ҳосилдорлиги 6,5 фоизга ортган.

    Шунга кўра Россия Федерацияси билан рақамлаштирилган қишлоқ хўжалигини илмий-технологик ривожлантириш борасида ҳамкорликларимизни ошириш кўзда тутилган.

    Бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликдаги лойиҳалар «бир ҳудуд, бир йўл» ташаббуси доирасида амалга оширилмоқда. Хитойнинг етакчи компанияси билан ҳамкорликда Ангренда қишлоқ хўжалиги техникаси учун шиналар ҳамда конвейер лентаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

    ШҲТга аъзо давлатлар билан агроинновация соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлигимиз замонавий инновацион агротехнологиялар ва методологиялар бўйича илмий-амалий тажрибалар билан ўртоқлашиш ва янги технологияларни ишлаб чиқишни ўз ичига олади. Шунингдек, эндиликда телекоммуникация инфратузилмаларини янада ривожлантириб, “smart” қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш тизими такомиллаштирилади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга зарурий ахборот етказиб берувчи тезкор тизим жорий этилади.

    Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ,

    Инновацион ривожланиш вазири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates