Гурландаги янги тикувчилик фабрикаси 500 нафар хотин-қизни иш билан таъминлади

    Хоразмнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланмиш Гурлан туманида иш бошлаган “Гурлан глобал текс” масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикувчилик фабрикаси цехларига Туркиядан умумий қиймати 587 минг доллар бўлган сўнгги русмдаги тикув машиналари ҳамда бошқа зарур жиҳозлар келтириб ўрнатилди.

    Янги корхонага “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган 500 нафар хотин-қиз ишга қабул қилинди. Улар танлов асосида тикувчилик сирларини ўқув марказларида ўрганишди ҳамда малакали ходимларга айланишди. Эндиликда улар ўз меҳнатлари билан оилаларнинг моддий фаровонлигини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш имконига эга бўладилар.

    Янги фабрикада турли ўлчам ва кўринишдаги юз турдан ортиқ кийим-кечаклар тикилади. Фабрикада тикилган кийим кечакларни нафақат ички бозорга етказиш, балки чет давлатларга ҳам экспорт қилиш кўзда тутилган.

    Фабрика йилига ўртача 45 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрлаш қувватига эга.

    Рўзимбой Ҳасан,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири