Ҳaдислaр султонининг ҳидоят сaри йўли

    Хорижий давлатларга борган кўплаб юртдошларимиз гувоҳлигидан билдикки, ҳадис илмининг султони Имом ал-Бухорий мусулмон мамлакатларда айниқса қадрланиб, унинг юртидан келган инсонларга алоҳида эҳтиром ва ҳурмат билан қаралар экан.

    Ҳаттоки, ислом оламида ҳаж сафаридан кейин Имом ал-Бухорий қабрини зиёрат қилиш кичик ҳаж сафарига тенглаштирилади. Боиси Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий диншуносликда таълиф этилган тўпламларга фақат «саҳиҳ» – тўғри, ишончли ҳадисларни киритиш йўналишининг асосчиси, ислом оламида энг етук ва машҳур муҳаддисдир. У инсон ҳали жуда ёшлик чоғларидан илми ҳадисни ўрганмоққа киришган. Муборак ҳаж сафарини адо этиб, бир муддат Маккада яшаб қолган. Сўнг Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини тўплаб, тартибга солмоқ ниятида бир қанча ислом мамлакатларини кезиб, шайху уламолардан кўплаб ҳадислар ёзиб олган, уларни жамлаб, сайқаллаб, мусулмонларга, аҳли илмларга тақдим қилган. Бетиним меҳнатлари эвазига ҳадис илми бобида қуввату иқтидорлари бениҳоя ортиб, ислом оламида катта шуҳрат қозонган. Минглаб шогирдлар етиштирган ва ҳадисшунослик илмининг асосчисига айланган.

    Имом ал-Бухорий ўзининг асарлари билан ислом оламига буюк хизматни амалга оширди. Келажак авлодларга бой ва қимматли илмий мерос қолдирди. У ёзган асарлар эса ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади. Унинг энг таҳсинга лойиқ меҳнат маҳсули бу “Aл-жомеъ ас-саҳиҳ» тўплами бўлиб, ушбу асар «Саҳиҳ ал-Бухорий» номи билан ҳам дунёга машҳур. 4 жилддан иборат мазкур китобда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларидан ташқари, ислом ҳуқуқшунослиги, ислом маросимлари, ахлоқ-одоб, таълим-тарбия, тарих ва этнографияга оид маълумотлар ҳам берилган. Унга 600 минг ҳадисдан 7275 та энг «саҳиҳ» ҳамда 4000 та такрорланмайдиган ҳадислар киритилган.

    Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплаш борасидаги қўйган шартлари бошқа муҳаддисларнинг шартларидан кўра аниқроқ бўлгани сабабли «Aл-жомеъ ас-саҳиҳ» асари «Энг ишончли ҳадислар тўплами» номига сазовор бўлган. Имом ал-Бухорийнинг ушбу йирик асари ёзилганига тахминан 1200 йил бўлди, ўша даврдан бошлаб токи шу вақтгача у ислом таълимотида Қуръондан кейинги иккинчи ўринда турадиган муҳим манба сифатида юқори баҳоланиб келинмоқда. «Aл-Жоми ас-Саҳиҳ» ҳам диний, ҳам дунёвий аҳамиятга молик асардир. У ҳар бир инсон дини ва мазҳабидан қатъи назар иймон-эътиқодли бўлишга, ҳалоллик, поклик, ростгўйлик сингари фазилатларни қалбига сингдиришга, ҳаётни эзгулик, савоб ишларга бағишлашга, ўзидан яхши ном қолдиришга даъват этади. Оила, фарзанд тарбияси, ота-оналар ҳурматини жойига қўйиш, илм-маърифатли бўлиш, Ватанни севиш хусусида у шундай ажойиб ғоялар ва таълимотларга бойки, улар ўз аҳамиятига кўра умумбашарий қимматга эгадир. Унда диний масалалар билан бир қаторда дунёвий масалалар, кундалик турмуш муаммолари, одоб-ахлоқ, кийиниш маданияти, муомала, расм-русумлар, савдо-тижорат сингари инсон боласи ҳар кун дуч келадиган, жамиятни юксалтиришга кўмаклашадиган мавзулар ифодаланган. Aсарда ўз ифодасини топган масалалар наинки узоқ ўтмиш учун, айни пайтда ҳозирги давр ва келажак учун ҳам аҳамиятлидир.

    Хулоса ўрнида таъкидлашимиз мумкинки, Имом ал-Бухорий диний ва дунёвий эътиқоди темирдек мустаҳкам, илм-маърифат нури билан инсониятга эзгулик улашган буюк алломадир. Сўзимиз исботи ҳамда айни кунларда бутун ислом ҳамжамияти учун муборак Рамазон ойи келганлиги муносабати билан эътиборингизга Имом Исмоил ал-Бухорий асарларидан рўза, Рамазон ойига оид ҳадиси шарифларни тақдим қилишни жоиз билдик:

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    Пайғамбаримиз (с.а.в): «Рамазон ойи бошланганда, жаннат эшиклари очилади ва жаҳаннам эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади», деганлар.

    «Aл-жомеъ ас-саҳиҳ» (31-китоб, 123-ҳадис)

    Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: «Жаннатнинг «Ар-Раиян» номли дарвозаси бор, ва рўза тутадиган одамлар қиёмат куни ана шу дарвозадан жаннатга кирадилар ва улардан бошқа ҳеч ким бу дарвозадан кирмайди. Уларга хитоб қилинади: «Рўза тутиб юрганлар қани?». Улар ўринларидан турадилар ва улардан бошқа ҳеч ким ундан кирмайди. Улар шу дарвозадан кириб олганларидан кейин дарвоза эшиклари ёпилади».

    «Aл-жомеъ ас-саҳиҳ» (31-китоб, 120-ҳадис)

    Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    Пайғамбаримиз (с.а.в): «Ким Қадр кечаси юрагидан, холис иймон билан ибодат қилиб, Аллоҳдан мукофот умид қилса, унинг барча ўтган гуноҳлари кечирилади. Ва ким холис иймон билан Рамазон ойининг рўзасини тутиб, Аллоҳнинг мукофотини умид қилса, унинг барча ўтган гуноҳлари кечирилади», дедилар.

    «Aл-жомеъ ас-саҳиҳ» (31-китоб, 125-ҳадис)

    Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

    Пайғамбаримиз (с.а.в): «Саҳарлик қилинглар, чунки унда барака бордур», дедилар.

    «Aл-жомеъ ас-саҳиҳ» (31-китоб, 146-ҳадис)

    Зилола МАНСУРОВА,

    Низомий номидаги ТДПУ магистранти

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates