Ҳам зебо, ҳам зукко қизлар беллашуви

    Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Божхона институти ва Ички ишлар вазирлиги академияси ҳамкорлигида ўтказилган “Фидойи қизлар” кўрик-танлови давлатимиз раҳбарининг беш ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва истеъдодли ёшларни рағбатлантиришга хизмат қилди.

    — Аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишига айланди, — деди ИИВ академияси бошлиғи, полковник Р.Ҳотамов. — Сўнгги йилларда хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш мақсадида гендер тенглик институти самарали жорий қилинди. Аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг интилиш ва қобилиятларини тўлақонли рўёбга чиқариш, жамиятда ўз ўрнини топа олмаган, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларни ташвишга солаётган ҳар қандай масалага ечим излаш, маиший-турмуш шароитларини яхшилаш ва касб-ҳунарга йўналтириш борасида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтар” сингари маҳаллабай ишлаш механизмлари йўлга қўйилиб, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш масалалари самарали ҳал этилмоқда.

    Президентимиз илгари сурган бешта муҳим ташаббус доирасида ёшларимиз, шу жумладан, хотин-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ва мақсадли ташкил этиш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спорт, ахборот технологиялари, китобхонлик, касб-ҳунарга ўргатиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида эътирофга молик. Бу эса, ўз навбатида, “Янги Ўзбекистонни, албатта, ёшлар билан бирга қурамиз!” деган эзгу тамойилни рўёбга чиқариб, ёшларнинг орзу-ҳаваси, иқтидор ва салоҳиятшини тўла намоён этишига хизмат қилмоқда.

    Саҳнага Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг “Маърифат”, Божхона институтининг “Ҳумо” ҳамда Ички ишлар вазирлиги академиясининг “Тўмарис” жамоалари чиқди. Танловнинг танишув шартида жамоа аъзолари ўзлари таълим олаётган ўқув даргоҳининг ҳаёти, орзу-мақсадларини ёритиб беришди. Иккинчи шартда қизларнинг интеллектуал салоҳияти, маънавий дунёқараши ва зукколиги синовдан ўтказилди. Эркин мавзу шарти эса қизиқарли чиқишларга бой ўтди. Саҳнада Тўмарис, Нодирабегим, Увайсий, Зулфияхоним сингари миллий тарихимиз ва адабиётимиз намояндалари юксак маҳорат билан гавдалантирилди. Ўзбек адибларининг энг сара асарларидан ижро этилган парчалар, мумтоз ғазал ва куйлар ёшларни адабиётнинг сеҳрли оламига ошно этди.

    Кўрик-танлов якунига кўра Ички ишлар вазирлиги академияси “Энг зукко жамоа”, Ўзбекистон халқаро ислом академияси “Энг ижодкор жамоа”, Божхона институти эса “Энг креатив жамоа” номинацияларини қўлга киритди.

    ИИВ академияси ахборот хизмати