Ҳақиқат қарор топди

    Риштон тумани “Пандигон” МФЙда яшовчи С.Раҳимовнинг туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига йўллаган мурожаати ўрганилди. 

    Маълум бўлишича, истеъмолчи бу йил 14 марти куни тумандаги “Омадли юрт фаровонлиги” МЧЖга қарашли авиакассадан Наманган (Ўзбекистон) — Екатеринбург Колцово (Россия) йўналишида учадиган авиарейсга 2 965 000 сўмга чипта сотиб олган.

    Лекин у орадан икки кун ўтиб, мазкур рейс бекор қилингани тўғрисида хабар топгач, авиакассага келиб чипта учун тўлаган пули қайтарилишини сўрайди. Авиакасса ходимлари пулни истеъмолчига қайтаришни пайсалга солиб келган.

    Мутахассисларнинг амалдаги қонунчилик талаблари бўйича тушунтириш олиб бориши натижасида истеъмолчига бекор бўлган авиарейс чиптасининг пули тўлиқ қайтарилишига эришилди.

    Риштон тумани “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Ш.Холматов ҳам туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

    Фуқаронинг маълум қилишича, у ўтган йили май ойида “Хусанбой ҳожи ўғли Дилмурод” хусусий корхонасидан Қувасой шифер заводида ишлаб чиқарилган 200 дона шифер харид қилган. Шу йилнинг бошида томга ёпилган шиферлардан 30 таси ёрилиб, сифатсиз ҳолга келиб қолган.

    Истеъмолчининг мурожаатида кўрсатиб ўтилган важларни ўрганиб чиқиш жараёнида Қувасой шифер заводи мутахассисларига юзага келган ҳолат, амалдаги қонунчилик асослари, истеъмолчи ҳуқуқлари юзасидан тушунтириш берилди.

    Натижада “Хусанбой ҳожи ўғли Дилмурод” хусусий корхонасига қарашли дўконда сотилаётган сифатли шифердан 30 донаси истеъмолчига етказиб берилди, дейилади Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ахборот хизмати хабарида.