Ҳар бир фуқаро малакали юридик ёрдам олишга ҳақли

    Фикр 18 май 2020 3045

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 декабрдаги ПҚ–4551-сон “Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида терговчи, прокурор ва суд томонидан давлат ҳисобидан адвокатларни жалб қилиш механизмини халқаро стандартлар асосида қайта кўриб чиқиш лозимлиги белгиланди.

    Хўш, бу борада ҳозирда миллий қонунчилигимизда қандай тартиб ўрнатилган, мавжуд муаммолар нимада, халқаро ҳужжатлар талаблари нимадан иборат?

    Таъкидлаш жоизки, юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ фуқароларнинг мулкий ҳолатидан қатъий назар уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимояси ҳамда одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади.

    Бугунги кунда мамлакатимизда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш фақатгина жиноят ишларида айрим тоифадаги ишлар бўйича Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги “Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 137-сон қарори асосида амалга оширилади.

    Хусусан, юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларига асосан қуйидаги ҳолатларда адвокатлар учун тўлов давлат ҳисобидан қоплаб берилиши назарда тутилган:

    кам таъминланган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлашдан озод қилиш тўғрисида қарор (ажрим) қабул қилинган кундаги меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,70 фоизидан ортиқ бўлмаган (бугунги кунда 358 минг сўм атрофида) шахслар учун;

    гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этиши ҳолларида, шунингдек ЖПК 52-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг қатнашиши мажбурий деб ҳисобланган ҳолларда.

    Конституцияга асосан ҳар бир фуқаро суд орқали ҳимояланиш ҳуқуқига эга. Бироқ, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига жиноят ишларидан фарқли равишда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг механизми ва ҳуқуқий асоси мавжуд эмаслиги юридик ёрдамга муҳтож бундай фуқароларнинг ундан фойдалана олмаслигига, ўзи-ўзидан одил судловга эришиш имкониятига эга бўлмаслик эҳтимолининг юзага келишига сабаб бўлади.

    Таъкидлаш жоизки, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчиларга давлат ҳисобидан адвокат тайинлаш жараёнига суд-тергов органларининг аралашуви эҳтимолининг мавжудлиги ҳамда ушбу жараённинг шаффоф эмаслиги шахснинг ҳимоя ҳуқуқлари бузилиши ва одил судловни амалга оширилишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

    Бинобарин, Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатиш бўйича харажатларни давлат ҳисобига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 1878, 2008 йил 2 декабрь) мувофиқ бугунги кунда адвокатнинг ишда иштирок этиши суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси томонидан кўрсатилган адвокатлик тузилмасига мурожаатнома юбориш йўли билан таъминланади.

    Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини бошқариш, мувофиқлаштириш ва назорат қилиш механизмининг мавжуд эмаслиги давлат ҳисобидан жалб қилинган адвокатларнинг фаолияти натижадорлиги ва сифати назорат қилинмаслигини, ушбу адвокатларда ўз мажбуриятларига нисбатан юзаки ёндашиш шаклланишини ҳамда бюджет маблағларининг самарасиз сарфланишини келтириб чиқармоқда.

    Буни халқимиз тилида “чўнтак адвокат”, “дежурный адвокат” деб ном олган, ўз ҳимояси остидаги шахсларнинг тақдирига эътиборсиз бўладиган, номига “для галочка” ҳаракат қиладиган, терговчи изнидан четга чиқмайдиган қўштирноқ ичидаги “адвокатлар” ҳанузгача учраб тураётганлиги билан изоҳлашимиз мумкин.

    Шу ўринда, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига жиноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” Қонун (ЎРҚ-617-сон, 14.05.2020 й.) билан киритилган ўзгартишларга кўра, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шартлиги белгиланганлиги бу жараёнда шахснинг ҳимоя ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга хизмат қиладиган муҳим қадамлардан бири бўлди.

    Шу билан бирга, бугунги кунда фуқароларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг амалдаги тизими БМТнинг халқаро стандартлари талабларини тўлиқ ўзида акс эттирмайди ҳамда даврнинг ўзи соҳани тубдан такомиллаштиришни тақозо этади.

    Бинобарин, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, БМТнинг юристларнинг ролига тааллуқли асосий принципларида, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга нафақат жиноий ишлар бўйича, балки маъмурий, фуқаролик, оила, меҳнат ва ижтимоий масалаларда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш лозимлиги белгиланган.

    Шунингдек, АҚШ, Исроил, Голландия, Буюк Британия, Финландия, Австралия, Канада, Франция, Германия, Швеция, Болгария, Венгрия, Польша, Руминия, Словакия, Чехия, Литва, Латвия, Эстония, Россия, Грузия, Молдова, Украина, Россия ва Қирғизистонда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва бошқариш алоҳида марказ, бюро, кенгашлар томонидан амалга оширилади.

    Аксарият давлатларда ушбу тузилмалар Адлия вазирлиги ҳузурида ташкил этилган.

    Австрия, Австралия, Албания, Бельгия, Буюк Британия, Голландия, Германия, Дания, Исроил, Канада, Португалия, Шимолий Ирландия, АҚШ, Финляндия, Франция, Швеция, ЖАР, Литва, Латвия, Эстония, Россия, Грузия, Украина, Молдова, Қирғизистон каби давлатларда эса жиноят ишлари билан бир қаторда фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади.

    Албатта, давлат ҳисобидан адвокатларни жалб қилиш механизмини илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро ҳуқуқий нормаларни чуқур ўрганган ҳолда белгиланиши фуқароларнинг юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини кучайтиради, фуқаролик ва маъмурий ишлар бўйича ҳам давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилади, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари давлат томонидан ижтимоий қўллаб-қувватланади, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг халқаро стандартларга мос шаффоф механизми жорий этилади.

    Элдор Маҳкамов,

    Сирдарё вилояти адлия бошқармаси

    бошлиғининг биринчи ўринбосари

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates