Ҳар бир хонадондан ҳол сўраляпти, кўмак бериляпти

    Оққўрғон тумани “Элтамғали” маҳалласининг Нурли кўчасидаги 13-уйга кириб борганимизда, томорқада иссиқхона қурилиши ниҳоясига етаётганди

    Ишли бўлдик, даромадимиз ҳам кўпаяди

    Давлатимиз раҳбарининг шу йил 18-19 март кунлари Тошкент вилоятига ташрифи чоғида берган топшириғига мувофиқ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда “Томорқа хизмати” МЧЖ мутахассислари иштирокида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари билан бирга вилоятнинг Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларида бўлдик.

    Оққўрғон тумани “Элтамғали” маҳалласининг Нурли кўчасидаги 13-уйга кириб борганимизда, томорқада иссиқхона қурилиши ниҳоясига етаётганди.

    — Оилавий шароитимиз оғир, иккинчи гуруҳ ногирониман, анча вақтдан бери астмадан азият чекаман, — дейди хонадон соҳибаси Карима опа. — Келиним “Аёллар дафтари”га киритилган. Маблағимиз йўқлиги сабабли томорқамизда экин экишга қийналаётган эдик. Мана, масъуллар уйимизга келиб, ўзлари бир сотих ерга бепул иссиқхона қуриб, камига кўчат ҳам берди. Ишли бўлдик, насиб бўлса, энди даромадимиз ҳам кўпаяди. Кўчамиздаги ҳар бир хонадонга кириб, ҳол сўраляпти, кўмак бериляпти. Илгари бунақа ишларни тасаввур қилиш қийин эди. Шундай хайр-саховатли, эзгу ишларни йўлга қўйган давлатимиз раҳбарига минг раҳмат!

    “Сифатли томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Абдуллаевнинг айтишича, “Темир дафтар” ҳамда “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган Карима опага ўхшаган яна 18 хотин-қизга туман Бандликка кўмаклашиш маркази ҳисобидан бепул иссиқхоналар қуриб бериляпти.

    Бир маҳалла — бир маҳсулот

    Таъкидлаш жоизки, ишчи гуруҳ аъзолари жойларда хонадонма-хонадон юриб, томорқа ер эгаларига ердан мақсадли ва самарали фойдаланиш, уруғ, кўчат экиш, иссиқхона қуриш бўйича тегишли маслаҳатлар бермоқда, шунингдек, аҳолини қийнаётган муаммоларни тизимли ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатяпти.

    Ўтган йили вилоятдаги 245 та маҳалла “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида ихтисослаштирилиб, маҳсулот етиштирди. Жорий йилда ҳам бундай эзгу ишлар давом эттирилиб, 296 та маҳаллада юқоридаги тамойил асосида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Экиш ишлари суст бўлган 86 та маҳалла алоҳида назоратга олиниб, томорқаларни экишга тайёрлаш ва кўчатлар экишда ёрдам кўрсатиляпти.

    — Аҳоли томорқаларида чорвачилик, паррандачилик, қуёнчилик, балиқчилик, асаларичилик ва боғдорчиликни ривож­лантириш орқали фуқаролар даромадини икки баробар ошириш кўзда тутилган, — дейди Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси ўринбосари Абдушокир Раҳимов. — Вилоятнинг ҳар бир сектори ҳудудида камида юзтадан хонадонда 1-1,5 сотихли 8000 та иссиқхона барпо этилади. Шу мақсадда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 38 миллиард 500 миллион сўм, тижорат банкларидан эса 24 миллиард сўм ажратилди.

    Вилоятдаги аҳоли томорқаларига экиш учун кенгаш ҳузуридаги Қува томорқачилик марказидан 51 минг туп, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидан 149 минг туп мевали дарахт кўчати арзон нархларда олиб келинди ва тарқатилмоқда. Ҳозиргача 576 минг туп сабзавот кўчати экиш учун аҳолига берилди.

    “Аёллар дафтари”га кирган 1933 кишига салоҳиятли фермерлар ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди ва улар томонидан 170 та томорқа экишга тайёрланди, 2410 туп мевали дарахт кўчати, 9600 та сабзавот ниҳоли бепул етказилиб, 23 та ихчам иссиқхона қуриб берилди. Бугунги кунда Оққўрғон туманида 3 та “Томорқа хизмати” МЧЖ фаолияти йўлга қўйилган. Улар томонидан 21 та маҳалладаги 13808 та хонадонга 100 минг туп кўчат тарқатилди. Томорқачилар 15 та мотокультиватор билан таъминланди. “Темир дафтар”даги 348 та хонадонга маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 3500 та кўчат олиб берилди.

    Биз борган “Элтамғали” маҳалласидаги Ўрикзор, Нурли, Дўстлик кўчалари шароити оғир ҳудуд ҳисобланади. Аҳолининг ўз томорқаларидан самарали фойдаланиши аҳволи ўрганилганда, хонадонларнинг 15 фоизида томорқа шудгорланмагани, 36 тасида мевали дарахт экилмагани аниқланди.

    Муаммоларни жойида ҳал этиш мақсадида “Жумадулло Шукрулло томорқа хизмати” МЧЖ томонидан мотокультиватор ёрдамида томорқалар шудгорланиб, экишга шай қилиб қўйилди. Ўрганиш жараёнида 8 та хонадон эгаси иссиқхона қуриш, 3 та хонадон эгаси товуқ ва курка, битта хонадон эгаси эса қуён ва асалари боқиш истагини билдирди. Шу боис, улар имтиёзли кредит олувчилар рўйхатига киритилди.

    “Аёллар дафтари”дан чиқиб, тадбиркорга айландим

    Халқимизда “Ерни боқсанг, ер сени боқади”, деган доно нақл бор. Бугунги кунда ҳар жабҳада бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар инсонни изланишга ундаши табиий. Айниқса, томорқаси бор фуқаролар учун имкониятлар кўлами жуда ҳам кенгайди.

    — Илгари ночор аҳволда яшардик. 4 фарзандимнинг кам-кўстини тўлдира олмай, кўнглим эзилган вақтлар кўп бўлган. Шундан сўнг мени “Аёллар дафтари” рўйхатига олишди, — дейди Дўстлик кўчасида яшовчи Камола Анорқулова. — Сўнг­ги йилларда аёлларга жуда кўп имкониятлар яратиб берилди. Мен ҳам “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқиб, кичик тадбиркорга айландим. Бизга шундай шарт-шароитларни яратиб бераётган Президентимиздан, ҳукуматимиздан жуда-жуда ҳам миннатдорман.

    Ҳа, Камола Анорқулова энди тадбиркор. Томорқасидаги 2 сотих иссиқхонасидан мўмай даромад олмоқда. Кузда экилган редискасидан беш миллион сўм даромад олган оила айни дамда помидор ва бошқа экинлар кўчатларини етиштирмоқда. Февраль ойида иссиқхонага экилган етти юз туп помидор кўчати май ойи бошларида ҳосил беради. Ишбилармон аёл иссиқхонасини кўпайтириб, деҳқончилик кўламини янада кенгайтирмоқчи.

    Бирни кўриб фикр қил, бирни кўриб...

    Куннинг иккинчи ярмида Қуйи Чирчиқ туманининг “Чақмоқ” маҳалласига кириб бордик. 3263 киши истиқомат қиладиган бу маҳаллада 39 хотин-қиз “Аёллар дафтари”га киритилган. Айни пайтда уларнинг 9 нафари иш билан таъминланиб, дафтардан чиқарилди.

    — Тўққиз фарзандим, 12 неварам ва бир нечта чеварам бор. Худо хоҳласа, яқинда 87 ёшга кираман, — дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Қурбонгул момо. — Невара келиним “Темир дафтар”да рўйхатда туради. Жуда оғир кунларни кўрганман, уч болам ногирон. Илгари раҳбарлар уйма-уй юриб, нима камчилигинг бор, нима етишмайди, қандай кўмак керак сенга, деганини сира эшитмаганман. Бундай эътибор ва ғамхўрликни кўрмаганман ҳам. Байрамларда бирров ҳол сўраб келишарди маҳалла ё ҳокимликданмиз деб... Мен ҳар куни юрт отасини дуо қиламан, негаки, сўнгги йилларда биздай ночорларга эътибор кучайди. Деярли ҳар ҳафтада ҳолимиздан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари бериляпти. Бу ҳам ризқ-да, болам. Кеча
    10 та товуқ бериб кетишди. Илоҳим, юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, давлатимиз раҳбарининг боши омон бўлсин.

    Ишчи гуруҳ аъзолари ўрганишлари жараёнида “Чақмоқ” маҳалладаги 9 та хонадонга 10 тадан парранда, 10 та хонадонга 5 қутидан асалари, 7 та хонадонга 10 тадан қуён, 24 та хонадонга мевали дарахт кўчатлари берилди. “Аёллар дафтари”га киритилган 28 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш зарурлиги ҳам маълум бўлди.

    Тун пардасин замин узра ёпишга шайланаётган вақтда ҳам ишчи гуруҳ вакиллари мазкур маҳалланинг оғриқли нуқталари ва ташвишларини ўрганишда давом этди. Муаммолар эса етарли. Томорқаларнинг 25-30 фоизига экин экилмаган, 0,12 гектар томорқа шудгорланмаган. Бундан хулоса шуки, ҳали ҳам айрим одамлар боқимандалик кайфиятида.

    Шукрона келтир...

    Кун давомида Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги бир қанча хонадонларда бўлдик. Одамларнинг қувонч ва ташвиш­лари, муаммоларини ўргандик. Турли кишилар билан суҳбатлашдик. Улар орасида томорқасидан унумли фойдаланишни истаб ёрдам сўраганлар ва бу ёруғ кунлар учун дуога қўл очиб, шукрона келтирганларни ҳам, бўй-басти келишган, оёқ-қўли бут, лекин ўз томорқасида ишлашни истамай, ернинг умрини ўтказаётган, бўм-бўш ётган ерга бир тупгина ниҳол ўтқазмаганларни ҳам учратдик. Афсус...

    Ишни тугатиб уйга қайтар эканман, кўнг­лимдан бундай гаплар кечди:

    “Эй замондошим, атрофга бир қара, теран назар сол, шундай дориламон кунларни ҳеч кўрганмисан ўзи? Маҳаллама-маҳалла юриб, хонадонингга кириб ҳолингни сўрайдиган, ерингни шудгорлаб, кўчатингни ўтқазиб, каму кўстингни тўлдириб, оғирингни енгил қилиб, йўғингни бор қилганларни-чи?

    Қўлларингни кўксингга қўй-да, жаннатмонанд юртда шу муқаддас заминнинг ҳар бир фуқаросини бахтиёр этишга чоғланган, тўкин яшаши учун борлиғини бераётган инсонлар қуршовида яшаётганлигинг учун ­шукрона келтир, шукроналар қил!”.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates