“Ҳар гал қийинчилик қаддимни букканида илм мени оёққа турғазди” ҳаётнинг турли синовларида мардонавор тура олган ёш туркийшунос олима ҳикояси

    Халқимизда шундай нақл бор: “Ўғил фарзандни ўқитсанг, бир инсонни маълумотли қилган бўласан. Қиз фарзандни илмли ва ҳунарли қилсанг, бутун бир миллат ва жамиятни маърифатли қилган бўласан”. Халқимиз илмни ва илмли кишиларни азал-азалдан қадрлаб келади. Аммо қиз фарзанд таълими борасида барча ҳам бирдек фикрламайди. “Қиз бола — бировнинг ҳасми” дея ўқитишни раво кўришмайди.

    Замондош рукнимизнинг бугунги қаҳрамони агар илмли бўлмаганида ҳаёт унга берган синовлар қаршисида тик тура олмаслигини айтади. Унинг шу кунгача ўтган умр ҳикоясининг бир қисми билан танишсангиз, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

    Cуҳбатнинг видео вариантини томоша қилиш

    Феруза ЖУМАНИЯЗОВА,

    Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори. 1984 йилда Хоразм вилояти Янгибозор туманида туғилган. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети тарих факультетининг бакалавр ва магистратура йўналишларида таҳсил олган.

    2018 йили жаҳон тарихи ихтисослиги бўйича “Илк ўрта асрларда Тохаристон ва Кобул водийсида туркий сулолалар” мавзусида PhD диссертациясини ёқлаган. 1 монография, 3 та ҳаммуаллифликдаги монография ва 70 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.

    АҚШ ва Туркиядаги нуфузли университетларда малака ошириб қайтган. Туркия, Россия ва қўшни давлатларда ўтказилган халқаро анжуманларда ўз маърузалари билан мунтазам иштирок этиб келмоқда. Туркиянинг Эге университети “Туркият араштирмалари” журнали таҳририяти аъзоси. Шунингдек, Қирғизистоннинг Манас қирғиз-турк университетида ташкил қилинган илмий-тажриба тадқиқот марказининг Ўзбекистондаги вакили ҳисобланади.

    Бугунги кунда “Ўрта асрларда тарихий Шимолий Ҳиндистонда туркийлар” мавзусида илмий изланишлар олиб бормоқда.

    Мени, ҳатто, қушчилик тўгарагига ҳам беришган

    Ота — инженер, онам эса почта хизмати ходимаси бўлган. Отам қишлоқ хўжалиги соҳаси вакили бўлса-да, адабиётни, китобхонликни севарди. Уйимизда жуда кўп китоб ўқиларди. Ҳозир ўйлаб қарасам, мактабдаги барча тўгаракларга қатнашган эканман. Гулчиликдан тортиб қушчиликкача. Қизболага қушчилик илмини олишнинг нима кераги бор, дейишарди. Лекин отам мен қизиққаним учун ҳаттоки қушчилик тўгарагига ҳам қатнаштирганлар. Яна “қиз болага санъатни ўрганишни ким қўйибди”, деганлар ҳам бор эди. Аммо отам қишлоғимиздаги ягона мусиқа мактаби ўқитувчисининг уйига етаклаб олиб бориб, фортепиано чалишни ўрганишимни истаган.

    Ўзи катта оилада вояга етганман. Тўнғич фарзанд ва тўнғич невара эдим. Уч нафар аммам менинг атрофимда парвона эди. Гарчи улар кейинги ҳаётларида математикага қизиқиб кетган эсалар-да, шеъриятни севишарди. Биринчи синфдалигимизда ҳамма содда шеърларни ёдаб келса, мен Алишер Навоийнинг “Қаро кўзум...” радифли ғазалини ёддан ифодали айтиб берганман. Ҳамид Олимжон ва бир қатор замоннинг улуғ шоирлари шеърларини маржондек тизиб ташлардим. Мана шу уч нафар аммам мени мактабга чиққунимча ёзиш ва ўқишга ўргатиб бўлишганди. Кўряпсизми, инсон тарбиясидаги эътибор ва хафсаланинг ўрни катталигини. Энг асосий жиҳат, ота-онам мени касб танлашимга мажбурлашмаган. Устозларимнинг қизиқтириши ва танловннг ўзимга қўйиб берилиши қизиққан соҳамда роҳатланиб ишлашим ҳамда юқори натижаларга эришишимга замин яратган, дея баралла айта оламан...

    Бобурийлардан олдин ҳам Тохаристонда туркийлар яшаган

    Илмий ишимнинг аҳамияти ҳақида шуни айтишим мумкинки, мен ўрганган мавзу ҳам Ўзбекистон, ҳам жаҳон тарихига дахлдор ҳисобланади. Чунки Тохаристон жанубий ҳудудларимизнинг бир қисмини эгаллаган. Кобул, Афғон ёки Ҳинд дунёсида (қадимда бу ҳудудлар Беруний таърифи билан ал-Ҳинд деб аталган) туркий сулола ҳақида гап кетганда аксарият инсонлар шуурида ғазнавийлар ёки бобурийлар давлати гавдаланади. Кўпчилик исломгача бўлган даврда бу ҳудудларда туркийлар яшагани, X асргача фаолият кўрсатганини билмайди.

    Мен “Илк ўрта асрларда Тохаристон ва Кобул водийсида туркий сулолалар” мавзуида олиб борган тадқиқотларим давомида “Тохаристон ёбғулари” ва “Кобултегин шохлари” номли икки сулола мавжуд бўлганлигини аниқлаб, улар тўғрисида комплекс тадқиқотлар олиб бордим. Ўрганилмаган мавзу эканлиги, ҳаттоки дарсликларда ҳам мавжуд эмаслиги илмий ишимнинг долзарблигини таъминлаб қолмай, Ўзбекистон тарихини янада чуққуроқ ўрганишга озгина бўлса-да, ҳисса қўшади, деган умиддаман. Сабаби, миллий ўзликни англаш учун ҳам ёш авлод ўз тарихини чуқур билиши керак. Олиб борган изланишларим тарихнинг бир саҳифасини янада ёрқинроқ ва аниқроқ ўрганишга ёрдам беришига ишонаман.

    Олти ойлик гўдагимни ташлаб, стажировкага кетганман

    Олима аёлнинг касб пиллапояларидан юқорига чиқишида ота-онадан кейин яна бир инсоннинг ҳиссаси ва ўрни бор. Бу — турмуш ўртоқ. Турмуш ўртоғим билан бир соҳа вакили эканлигимиз менинг катта ютуғим бўлган. Сабаби, у шу соҳа мураккабликларини билади ва шунинг учун ҳам сизни тушунади.

    Илмий раҳбарим тарих фанлари бўйича фалсафа доктори даражасини олиш учун мавзу берганларида бир сесканиб кетганман. Чунки бу мавзу на дарсликларда бор, на ўрганилган. Қўрққанимни кўриб, “Сен буни уддалайсан! Ёнингда мен борман” дея ўзимга ишонч бағишлаган ва шу мавзуда изланишлар олиб боришимга туртки бўлган.

    Турмуш ўртоғим — марҳум туркийшунос олим Андрей Кубатин мени ўзидек чаққон, дадил ва юқори билимга эга олим бўлишимни истаган. Маиший ҳаётдаги ўзаро суҳбатларимиз ҳам илмий мавзуларда бўлар ва булар менинг дунёқарашим кенгайиб, илмим ошишига хизмат қиларди. Ишонасизми, у менга уйда туркча гапиравериб-гапиравериб, турк тилини олти ойда ўргатган. “Ўрганиш ва гапириш билан иш битмайди, энди илмий мақолаларингни турк тилида ўзинг ёзасан”, деб ёзишга ҳам ундаган.

    Чет элга илк сафарим АҚШ конференциясига бўлган. Ўшанда болам олти ойли чақалоқ эди. “Эмизикли болани ташлаб қаёққа борасан, уйда ўтир” дейиши мумкин эди аксарият эркаклар. Лекин мени океанорти давлатига бориб, маъруза ўқишимни ўзимдан ҳам кўра эрим жуда истаган, ҳавас қилган. Болани ўн кун давомида ўзи парваришлаган. “Бу сенинг илк сафаринг, боришинг шарт” дея туриб олган.

    Кейинги сафарим АҚШга икки ярим ойга стажировка эди. Ўшанда ўғлим бир ярим ёшлар атрофида эди. Шу пайтгача оиламдан бунча муддатга узоқлашмаганман. Унинг устига болам ҳали жуда кичкина. Бу яхши олима бўлиб шаклланишимда катта бир имконият эканлигини устириб, болага ўзи қарашини таъкидлаб мени чет элга жўнатган. Бир эрнинг олима аёлини қўллаб-қувватлови, далдаси ва тиргаклиги бундан ортиқ бўлмаса керак, деб ўйлайман.

    Ҳимоямга икки кун қолганда эримга ҳукм ўқилган

    Ҳаёт бир текис кетмас экан. Биз эр-хотин иккаламиз докторлик диссертациямизни ёқлайман, деб югириб юрганимизда, бизга айни куч, вақт ва билим олиш керак бўлган ва куч-ғайратга тўлиб ишлайман деб турганимизда қора кунлар бошимизга соя солди. Эрталаб ишга кузатган умр йўлдошим кечқурун уйга қайтиб келмади.

    — Дунёда энг ёмон нарса — мавҳумлик. У одамни эзади, ичдан емиради. Биз турмуш ўртоғим қандай айблов билан ушлаб турилганини олти ойгача билолмаганмиз. Кейин эса унга энг оғир жазолардан бири — Ватанга тааллуқли ички сирларни сотганлик айби қўйилгани маълум бўлди. Шу куниёқ унинг айбсиз эканини исботлаш учун ишга киришдик. Андрейнинг айбсизлиги ҳақида менга ва Омбудсманга ёзган хатини ижтимоий тармоқдаги саҳифамда улашганимдан сўнг, бу катта резонансга сабаб бўлди. Шу куннинг ўзида 50 нафардан ортиқ халқаро олимлардан унинг қилган иши, яъни илмий адабиётларни алмашгани ҳеч қандай жиноят эмаслиги ҳақидаги хатлар келди. Пойтахтда ҳам биз ёрдам сўраб бормаган ташкилоту, илмий институтлар қолмади. Хуллас, 2018 йил 8 май куни судда шу қилган саъй-ҳаракатларимиз ўлароқ, уни озод қиламиз деб ўйлагандим. Аммо умидларим пучга чиқди: унинг жазо ўташ муддати енгиллаштирилди.

    Шу куни уйга тарвузим қўлтиғимдан тушиб қайтиб келдим. Ахир яна икки кундан кейин менинг докторлик диссертациям ҳимояси олдидан бўладиган семинарим бор эди. Мен умр йўлдошимни қутқараман, у ҳимоямда далда бериб ёнимда туради, деб қаттиқ ишонгандим. Эртасига байрам ҳам татимади. Йиғлаб-йиғлаб, зўрға ўзимни қўлга олдим. Андрейнинг “Сен кучли бўлишинг, диссертациянгни, албатта, ҳимоя қилишинг керак! Фарзандимиз ва мен учун курашишинг шарт!” деган гаплари менга куч берди ва мен илмий семинардан муваффақиятли ўтдим.

    “Қизларингизга таълим беринг!”

    Умр йўлдошим жазони ўтаётган вақтида ҳам фарзанд тарбияси, ҳам оила таъминоти, буни устига айбсизлигини исботлашга ҳаракатлар қилиш мен учун осон бўлмади, албатта. Шунга қарамасдан, мен докторлик диссертациямни ёқлаб, PhD дипломини олдим — Андрейга берган ваъдамнинг устидан чиқдим. Эсимда, у билан кўришишга руҳсат беришганида мен қўлимда диплом билан олдига борганман. У эса мени “Хуш келибсиз, доктор хоним” деб кутиб олган.

    Юртимизда бўлаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар туфайли турмуш ўртоғимнинг айбсиз эканлиги ўз исботини топди: у тўлиқ оқланди ва жамиятдаги ўрни ҳам тикланди. Андрей ўзини яна қўлга олиб, олдингидек илмий ижодга шўнғиб кетганди. Лекин... афсуски... Бутун дунёга хавф солиб турган коронавирус пандемияси уни бу ёруғ оламдан олиб кетди...

    Буни мен ҳаётимдаги мағлубият демайман, бу — фожеа. Чунки мағлубиятни енгиб ўтиш мумкин. Аммо ўлимга чора йўқ. У жазо муддатини ўтаётган вақтида кўнглимда бир кун келиб бағримизга қайтишига ишончим комил эди, энди эса унинг келмаслиги қалбимни ўртайди.

    Ҳозир ўйлаб қоламан: агар мен қўлида ҳунари ёки касб-кори йўқ бир уй бекаси бўлганимда бошимга тушган бундай кулфатлару қийинчиликларга дош бера олармидим?! Йўқ! Илм нафақат мени оёғимда маҳкам туришимга кўмаклашди, балки менга кейинги қадамларимни қандай ташлашимда ҳам маёқ вазифасини ўтади. Агар илм-ҳунарсиз аёл бўлганимда кимга қандай мурожаат қилишни, қандай йўл тутишу қийин вазиятлардан қандай чиқиб кетишни билмай, довдираб қолган бўлармидим. Яна ким билсин. Шунинг учун мен барчага “фурсат борида қизларингизни ўқитинг!” деб айтаман. Ахир одамзот ҳаётида нималар бўлишини олдиндан билолмайди-ку?!

    Мақсадлар мени оёққа турғазди!

    Биласизми, умр йўлдошимни дафн қилгач, менинг руҳим ҳам у билан ерга кўмилди. Олти ойгача тушкунлик, соғинч ва армон изтиробида қийналдим. Аммо мен ўрнимдан туришим керак эди. Сабаби, турмуш ўртоғимнинг сўнгги лаҳзаларда айтган “Фарзандимизни бахтли қил, у бахтли яшасин” деган гаплари қулоғим остида жарангларди. Бундан ташқари, Андрейдан улкан илм хазинаси, қўлёзма материаллар ҳамда қилиниши керак бўлган ишлар қолганди. Ўзимнинг шахсий режаларимдан-да устун турувчи шу вазифалар мени яна ҳаётга янада кучлироқ бўлиб қайтарди. Мақсадим, аввало, фарзандимни отасининг номига муносиб илмли, зиёли ва жамиятга фойдаси тегадиган инсон қилиб тарбиялаш. Қолаверса, умр йўлдошимнинг номини мангуликка мухрлаш. Бунинг учун китоблар ёзаман, унинг номига бағишланган илмий журналлар чоп этаман, у орзу қилгандек илмий муҳит яратилишига жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан.

    “Янги Ўзбекистон” газетаси мухбири

    Соҳиба МУЛЛАЕВА ёзиб олди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates