Ҳарбий ватанпарварликда етакчи бўлишга интиляпмиз

    Воқеа-ҳодисалар 23 ноябр 2021 1376

    Дунё жуда тез ўзгармоқда ва янгиланмоқда.

    Энди замон шиддатига мос бўлиш, ҳатто ундан ўзиш учун ҳар қайси ўқувчи танлаган касб-кори, ҳунаридан қатъи назар, мактабда яхши ўқиши шарт. Қўли гул заргар ёки ҳунарманд ўз она тилисидан ташқари инглиз тилини билмаса, дунё кезолмайди ва тайёрлаган маҳсулотини дунё бозорида сотолмайди. Давлатимиз раҳбари томонидан айни мана шу муаммога жиддий эътибор қаратилмоқда.

    Аёнки, таълим ўз-ўзидан ривожланиб қолмайди, ўқувчи-ёшлар дабдурустдан фан сирларини ўзлаштиришга қизиқишмайди. Демоқчиманки, таълимни ривожлантириш ва ўқувчи-ёшларни билимга қизиқтириш ҳар биримизнинг ватанпарварлик бурчимиздир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгаши таълим-тарғиботи масаласида кўплаб саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Соҳамизнинг асосий мақсади – ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдан иборат. Қувончли жиҳати, ватанпарварлик туйғусини шакллантирувчи тўгаракларимиз ва уюштирадиган тадбирларимизда асосан мактаб ўқувчилари қатнашишмоқда. Ҳеч бир муболағасиз айтаман: бу ўқувчилар орасида истеъдодлар талайгина. Улар мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган турли мусобақаларда истеъдодларини намойиш этиб, ишончимизни оқлашмоқда.

    «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ёшлар ва фуқароларни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгига Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келади. Бу йил вилоят кенгаши ташкил топганига 30 йил тўляпти.

    Ташкилотимиз ҳарбий ватанпарварлик тарғиботи ва ёшлар билан ишлашда ташкилот маълум тажриба ва салоҳиятга эга. Ҳозирда кенгаш тасарруфида 13 та ўқув спорт техника клуби ва вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази мавжуд. Спортнинг техник ва амалий турлари ривожлантирилиши ва оммалаштирилишини таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш, болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш, ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ва уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти органларига ёрдамлашиш, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини, шунингдек, оммавий техник касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятимизнинг асосини ташкил этади.

    Вилоят кенгаши ва тизимидаги ташкилотларда 26 та бошланғич ташкилот ва уларнинг 19,5 мингдан ортиқ аъзолари бор. Шу кунгача ўқув спорт техника клублари томонидан 400 дан зиёд тадбирлар ўтказилди. Жумладан, «Ватан — муқаддас, уни ҳимоя қилиш шарафли бурчдир!» шиори остида «Уч авлод учрашуви», «Ватан фидойи фарзандларини унутмайди» шиори остида «Ватанпарварлик автоюриши», «Ватанпарварлик» фестивали, «Адлия сайли», «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Биз ватанпарварлармиз!» ҳамда ватан ҳимояси йўлида жонини фидо этган ҳарбий хизматчи ва ички ишлар ходимларининг фарзандлари иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

    Қолаверса, «Янги Ўзбекистон ёшлари — бирлашайлик!», «Ёшлар ёшлар учун», «Қўмондон ва ёшлар», «Ёшларга зарур шароитлар ва имкониятлар яратиб бериш борасида ислоҳотлар», «Стресс нима ва уни бартараф этиш усуллари», «Ёшларни тадбиркорликка йўналтириш», «Тадбиркорлар ва ёшларнинг мувафаққиятга эришиш йўллари» мавзусида семинар-тренинглар йўлга қўйилди.

    Спортнинг техник ва амалий турларини оммалаштириш ва ривожлантириш йўналишида қатор ишлар қилинди. Тасарруфимиздаги ташкилотларда ёзги олимпиада ўйинлари дастурига киритилган «Ҳаво милтиғидан ўқ отиш» ва «Триатлон» ҳамда «Ёзги биатлон», «Дуатлон», «Моделсозлик», «Ракетамодел», «Авиамодель», «Эркин учувчи авиамодель», «Корд авиамодель», «Радиоспорт», «Картинг», «Автоспорт», «Авторалли», «Автомобиль ҳалқа пойгаси», «Мотоспорт», «Парашют», «Ҳарбий амалий кўпкураш» спорт турлари бўйича тўгарак ва секциялар фаолият юритиб келмоқда.

    Вилоят кенгаши тизимидаги туман ва шаҳар ўқув спорт техника клублари ҳамда ўқув муассасалари қошида 59 та секция ишламоқда, 33 нафар тренер 755 нафар ёшга спортнинг техник ва амалий турлари бўйича машғулотлар ўтказмоқда. Вилоят терма жамоаси спортчилари республикада 6 марта биринчи ўринни, 8 марта иккинчи ўринни ва 4 марта учинчи ўринни эгаллади. Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича 2021 йилнинг ҳозирги кунига қадар мусобақа натижаларига кўра, жами 22 та олтин, 20 та кумуш ва 27 та бронза медаль қўлга киритилди.

    Бундан ташқари, «Ватанпарвар» ташкилоти вилоят кенгашининг ўқ отиш спорти секциясида Вадим Кондаков мураббийлиги остида шуғулланиб келаётган Муҳаммад Камолов жорий йилнинг 4-11 сентябрь кунлари Қозон шаҳрида старт олган биринчи МДҲ давлатлари ўйинларида пневматик милтиқдан ўқ отиш йўналишида 1-ўринни олиб, олтин медалга сазовор бўлди. 10-20 сентябрь кунлари Қозоғистон Республикасининг Чимкент шаҳрида 14-Осиё чемпионатида пневматик милтиқдан ўқ отиш йўналишида 2- ва 3-ўрин билан кумуш ва бронза медалларига эга чиқишди. Умидли спортчи Алина Тарасовага ҳам мазкур мусобақада 4-ўрин насиб этди.

    Таъкидлаш жоиз, «Ватанпарвар» ташкилотида спорт билан шуғулланиб, республика, Осиё ва халқаро мусобақалар ғолиблари бўлган ёшлар мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига имтиёзли тарзда ўқишга қабул қилинмоқда. Комила Исъҳоқова, Мукаммал Тоҳирова, Муроджон Аҳмадалиев, Сарвар Жўрамирзаев, Саидбек Каримов, Мухтасар Тоҳирова, Иззатбек Абдуллаев, Муҳаммад Камолов, Алина Тарасова ва Дилмурод Назаровлар ана шулар жумласидандир.

    Кенгаш тасарруфида 13 та ўқув спорт техника клуби ва вилоят техник ва амалий спорт турлари маркази бўлиб, автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлаш юзасидан кўплаб ижобий ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда халқ хўжалигига оммавий касб ходимларини тайёрлаш бўйича вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув ва спорт ташкилотлари томонидан «А», «В», «ВС» тоифали ҳайдовчиларни тайёрлаш ва «В-С», «Д», «Е», «ВE» «СE» тоифалар бўйича қайта тайёрлаш юмушлари сифатли даражада.

    Таълим олаётган ҳайдовчиликка номзодлар «Ватанпарвар» ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган электрон ўқув қўлланмалардан интернет тармоғи орқали кенг фойдаланишлари мумкин. Тасарруфдаги барча ташкилотлар узлуксиз интернет тармоғига уланган бўлиб, ҳудудларда WiFi зоналар ташкил қилинди. Ташкилотларда турли тоифадаги ҳайдовчиликка номзодларни сифатли тайёрлаш мақсадида «Е-аvtomaktab” электрон платформасидан кенг кўламда фойдаланиш имконияти яратилган. Бошланғич амалий машқ майдончаларини таъмирлаш ва керакли элементлар билан жиҳозлаш ишлари тўлиқ бажарилди. Жорий йилнинг 3-чораги давомида Наманган вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув ва спорт ташкилотлари автомобиль паркини замонавий автомобиллар билан таъминлаш мақсадида 1 дона «Каптива», 6 дона «Некция-3» ва 1 дона «Отайўл», жами 8 дона енгил ва юк автомобили харид қилиниб, ўқув автомобили сифатида жиҳозланди, улардан машғулотлар жараёнида фойдаланилмоқда.

    3 босқичли ўқув курслари очилган бўлиб, дастлабки босқичда 2021 йил 1 майдан бошлаб «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ва унинг тасарруфидаги ўқув муассасалар томонидан «Ёшлар дафтари»га киритилганларни ҳайдовчилик курсларида ўқитиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур тоифадаги ёшларни ҳайдовчилик курсларида ўқитиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 11 мартдаги «Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида ҳар бир таълим олувчи ёшлар учун ўқув тўлов маблағларининг 75 фоизгача бўлган қисми «Ёшлар жамғармаси» ҳисобидан тўлаб берилмоқда. Ҳозирда вилоят бўйича «Ёшлар дафтари» рўйхатидаги 1397 нафар ёш ҳайдовчилик курсларида таълим олмоқда.

    Иккинчи босқичда 2021 йил 1 августдан буён вилоятдаги секторлар ҳудудидаги 5 та «Ватанпарвар» ташкилоти ўқув муассасалари негизида «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»га киритилган ёшлар ва муҳтож оилаларнинг фарзандларини «Техник хизмат кўрсатиш мутахассисларини тайёрлаш курслари»да вулканизатор, газ-электрпайвандчи, аккумуляторчи, автоэлектрик ва авточилангар мутахассисларига ўқитиш ва тайёрлаш учун ўқув моддий базани жиҳозлаш ишлари кетмоқда. Айни пайтда жами 190 нафар ёш юқоридаги касблар бўйича ўқиб-ўрганмоқда.

    Учинчи босқичда 2021 йил 1 декабрдан вилоятлараро ўқув марказ сифатида танланган «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган шаҳар ўқув спорт техника клуби негизида «Ёшлар дафтари» ва «Темир дафтар»даги йигит-қизлар ва муҳтож оилаларнинг фарзандларини «Махсус техникаларни бошқариш бўйича мутахассисларни тайёрлаш курслари»да «юк ортувчи транспорт ҳайдовчиси», «юк крани ҳайдовчиси», «автогидроподёмник ҳайдовчиси», «ғилдиракли трактор машинисти» ва «битта ковшли экскаватор ҳайдовчиси» мутахассисликларига тайёрлаш режалаштирилган.

    Бир сўз билан айтганда, ташкилотимиз ўз зиммасига юклатилган вазифаларни оғишмай амалга ошириш мақсадида барча имкониятлардан самарали фойдаланишга интилмоқда. Биз танлаган йўл таълим равнақига ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Зеро, таълим-тарбия жараёнини спорт соғломлаштириш ишларисиз, энг асосийси, ватанпарварлик туйғусини шакллантирмай туриб тараққий топтириш – мушкул вазифа. Кун келади ва бугунги саъй-ҳаракатларимиз ўзининг самарасини беради, дунё янги Ўзбекистонни Учинчи ренессанс даврида кўради. Ватанимизнинг янги Темурбеклари, Улуғбеклари, Навоийлари, Авлоний ва Беҳбудийларининг билими дунёга достон бўлади!

    Аҳмаджон АЪЛОХЎЖАЕВ,

    «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилоят кенгаши раиси.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates