баннер
Сайт тест режимида ишламоқда
Лого Лого-пв-уз

    Ҳаётимни ўзгартириб юборган учрашув

    Фикр 28 апрел 2021 385

    Кутилмаган шундай бахтли воқеалар бўладики, умрингни безайди, ҳаётингни бутунлай ўзгартириб юборади. Давлатимиз раҳбари билан юзма-юз мулоқот фаолиятимда кескин бурилиш ясади.

    Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 18 февраль куни Наманган вилоятига ташрифининг биринчи куни оқшоми. Идорамда, яъни вилоят ички ишлар бошқармасида ҳисобот мониторинг жараёнлари билан машғул эдим. Қўл телефоним жиринглади, вилоят фаолларининг эртанги йиғилишида қатнашишимни айтишди. Зарур ишларни якунлаб, уйга бориб дам олдим. 19 февраль тонгида ҳаяжонли тушь кўриб уйғониб кетдим, унда Президентимиз билан қўл бериб сўрашиб, анча гаплашибман. Нонушта пайтида ота-онамга бу ҳақда айтдим, улар: «Болам, бугун ростдан ҳам Шавкат Мирзиёев билан учрашгин, юзинг ёруғ бўлсин, омин!» дея дуо қилди...

    Мажлисда вилоят ҳокими лавозимига тасдиқланган Шавкат Абдураззоқов фаолияти тўғрисида муносабат билдирилиши керак эди. Президент бирдан залда ва студияларда ўтирган йигит-қизларга қараб: «Музокара учун ёшлардан ким сўзга чиқади?» деб сўради. Шартта қўл кўтариб, микрофонни олишим билан давлатимиз раҳбари мени минбарга чорлади. Очиғи, нутқ учун алоҳида тайёрланмагандим. Вилоят ИИБ Кадрлар бошқармаси ёшлар билан ишлаш гуруҳи катта инспектори сифатида бажараётган вазифаларим тўғрисида сўзладим. Президентимиз менга бир-икки савол берди, жавоб қайтардим, ўз йўналишимда «маҳаллабай» тизим бўйича самарали ва янгича ишлаш, замонавий кадрлардан унумли фойдаланишга доир таклиф-мулоҳазаларимни билдирдим. Шунда дафъатан ҳаётимни ўзгартириб юборган ажойиб ҳодиса рўй берди. «Ўзингиздаги ғайрат-шижоатни шаҳар ҳокимлигига олиб ўтсангиз, сиз ҳозирдан бошлаб Наманган шаҳри ҳокимига ўринбосар этиб тайинландингиз», деган самимий хитоб янгради. Формада эмасдим, ҳарбийча нутқ ҳам хаёлимдан кўтарилиб, лекин қатъий оҳангда, «Албатта, ҳурматли Президент, юксак ишончингизни оқлайман!» дея миннатдорлигимни билдирдим. Ҳаяжондан йиқилиб тушмаслик учун минбарни маҳкам ушлаб олганимни пастга тушаётганда сездим...

    Ташқарига чиқиб, телефонимга қарасам, табриклаш учун салкам 700 марта қўнғироқ бўлибди. Уйга борсам, хушхабар ижтимоий тармоқлар орқали яшин тезлигида тарқалган, қўшнилар интернетдан тезкор янгиликни ўқиб, оиламиздагиларга суюнчилаб бўлган экан. Онам кўзда ёш, отам шодон чеҳра билан кутиб олди, хонадонимиз қадрдонларга тўлди. Бу қувончли ва омадли лаҳзаларни ҳеч қачон унутолмасам керак!

    Шундай қилиб, 30 ёшимда Наманган шаҳри ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи лавозимида ишга киришдим.

    Янги масъулиятли лавозимга ўтишим билан раҳбарлик салоҳиятимни ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясига тингловчилик учун Тошкентга юборилдим. Ҳозир дарсларни онлайн тарзда ўзлаштирмоқдаман. Бошқа вақтларда Наманган шаҳри ҳокими ҳамроҳлигида давлатимиз раҳбари ташриф чоғида борган ва танқид қилган «Бунёдкор» маҳалласига ва вилоят марказидаги мавжуд барча МФЙларга режа асосида кириб, ҳолатни ўрганяпмиз. Аввало, ободонлаштириш баробарида одамлардаги боқимандалик иллатини йўқотишга, дахлдорлик ва фаоллик туйғусини оширишга астойдил уриняпмиз.

    Қолаверса, ташкил этилган штабда ҳар куни фуқаролар мурожаати билан шуғулланаман. Бундан ташқари, асосий эътиборимни шаҳар «Аёллар дафтари»га кирган 8484 нафар хотин-қизлар масалалари юзасидан белгиланган ишлар ижросига йўналтираман. Бугунгача 2026 нафар аёлни рўйхатдан чиқаришга эришдик, 2632 нафари дафтардан чиқиш арафасида. Оғир шароитга тушиб ва ишсиз қолган, саломатлигини йўқотган, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган опа-сингилларимиз муаммоларини ҳал этиш чоратадбирларини кўряпмиз. Юртим — кўксим, элим — илигим, дейди халқимиз. Бугун бизнинг кўксимиз ғурурга тўла, илигимиз тўқ. Ортимизда қудратли давлатимиз, бунёдкор халқимиз, фидойи, халқпарвар Президентимиз турибди. Шундай экан, бугунги марралар биз — ёшларга чўт эмас. Мақсадимиз кўп, улардан энг улуғи Учинчи Ренессанс даврига муносиб, халқимиз корига ярайдиган эл фарзанди бўлиш.

    Достонбек АБДУҚАҲҲОРОВ,

    Наманган шаҳри ҳокими ўринбосари

    No date selected
    June 2021
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates