Ушбу қонун лойиҳасида ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш, уларнинг насли ва соғлиги тўғрисидаги маълумотларни электрон тизимда жамлаш назарда тутилмоқда.
Шу билан бирга, соҳага масъул бўлган органларнинг ваколатлари, ҳайвонларни идентификация қилувчи, рўйхатга олувчи ва кузатувчи мутахассисларнинг ва ҳайвон эгаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб қўйилмоқда. Ўз ўрнида ҳайвон эгаларининг манфаатдорлиги ва масъулияти оширилмоқда.
Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида масъул қўмита томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, депутатлар берган барча таклифлар чуқур таҳлил қилиниб, улар асосида ҳужжат матни маромига етказилди.
Қонун лойиҳасида ҳайвонларнинг эгаларидан тўлов ундирмасдан уларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш тартиби ва босқичларини белгилаш ҳамда ҳайвон эгаларининг ҳуқуқлари ва соҳага масъул бўлган ваколатли давлат органининг мажбуриятларини кучайтиришга қаратилган нормалар ўз аксини топди.
Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши чорва ҳайвонларини идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, ташқи ва ички бозорларга сифатли чорва маҳсулотлари етказиб бериш, ветеринар осойишталикни таъминлаш ҳамда ҳайвонларнинг ҳисобини юритишда қонуний асосга эга тизим яратилишига хизмат қилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.