“Ҳеч кимни ортда қолдирмаслик” барқарор ривожланиш мақсадлари нима учун ушбу тамойилга асосланади?

    БМТ Бош Ассамблеясининг 70-сон резолюциясига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси “2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари соҳасида миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш”ни ўз зиммасига олган. Бу борада, айниқса, кейинги  йилларда тизимли ишлар олиб бориляпти.

    Умуман олганда, Барқарор ривожланиш деганда нима тушунилади?

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги директори ўринбосари Зоҳиджон ЗИЯЕВ билан суҳбатимиз шундай савол билан бошланди.

    Барқарор ривожланиш бу айни пайтда умргузоронлик қилаётган инсонлар эҳтиёжларини қондиришда келажак авлодга зарар етказмасдан тараққий эттириш тушунилади. Ёки бошқача айтганда, барқарор ривожланиш бу ҳозирги фаолият ва замонавий жамият эҳтиёжларини қондиришда келажак авлодларга зарар етказмайдиган, балки улар ўртасида мувозанатни топадиган тараққиётга эришишдир...

    БМТнинг барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий ғояси ҳеч кимни ортда қолдирмаслик. Айнан шу боис, камбағалликни йўқотиш масалаларида биринчи навбатда инсон капиталига эътибор қаратиш зарур. Бугун инсонни муҳтожлик ҳолатидан олиб чиқишнинг ўзи етарли эмас. Ижтимоий ҳимоя шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас, имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилиши лозим. Бундай ёндашув олға ҳаракатланишга ёрдам беради.

    Дунё ҳамжамияти томонидан Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича қарор қабул қилинишида Минг йиллик ривожланиш дастури ўртасида қандай узвийлик бор?

    Минг йиллик ривожланиш мақсадлари дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларидаги ижтимоий ва иқтисодий шароитларни яхшилаш орқали тараққиётни жадаллаштиришга қаратилган, БМТга аъзо 193 та давлат томонидан 2000 йилда 23 та халқаро ташкилот иштирокида 2015 йилга келиб эришилиши келишиб олинган саккизта халқаро ривожланиш дастурини ўз ичига олади. Булар — қашшоқлик ва очарчиликка барҳам бериш, умумий бошланғич таълимни таъминлаш, гендер тенглигини тарғиб қилиш ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш, олалар ўлимини камайтириш, оналар саломатлигини яхшилаш, ОИВ/ОИТС, безгак ва бошқа касалликларга қарши кураш, экологик барқарорликни таъминлаш, Ривожланиш учун глобал ҳамкорликни шакллантиришдан иборат.

    Ушбу мақсадлар 2000 йилда Минг йиллик саммитида расман белгилаб қўйилди, унда иштирок этган барча давлатлар раҳбарлари БМТнинг Минг йиллик декларациясини қабул қилишди ва ижросини таъминлашга киришдилар.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан ЭКОСОСнинг 2015 йилда бўлиб ўтган юқори даражадаги мажлисида дунёнинг барча минтақалари ва мамлакатларида саккизта мақсадни амалга оширишнинг якуний натижалари жамланган ҳисоботи тақдим этилди. Унда қайд этилишича, глобал миқёсда ўта қашшоқликда яшовчи одамлар сони икки бараварга қисқариб, 1990 йилда 1,9 миллиард киши бўлган бўлса, 2015 йилга келиб 836 миллионни ташкил этган.

    Минг йиллик ривожланиш мақсадлари дастурини қабул қилган мамлакатлар унинг муваффақиятини, шу билан бирга, унинг узвий давоми бўлган янги кун тартибини қабул қилиш зарурлигини тан олган ҳолда, тузилган ишчи гуруҳнинг кўп йиллик таҳлиллари асосида юзага келган “Дунёмизни ўзгартириш: 2030-йилгача барқарор ривожланиш кун тартиби” номли якуний ҳужжат бўйича келишувга эришди. Мазкур янги кун тартиби 2015 йил сентябрда БМТ Бош ассамблеясининг 70-сессиясида қабул қилинди. Бу резолюция принципиал жиҳатдан янги глобал мажбурият ҳисобланади. Унда Барқарор ривожланишнинг 17 мақсади ва унга эришишнинг 169 та вазифаси кенг миқёсли масалаларни, яъни, одамлар соғлиғи ва фаровонлигидан тортиб иқлим ўзгаришларигача, гендер тенглигидан тортиб истеъмол ва ишлаб чиқариш моделлари ўзгаришларигача бўлган жараёнларни қамраб олган.

    Глобал миқёсда 17 та барқарор ривожланиш мақсадлари тасдиқланган, Ўзбекистонда эса уларнинг 16 таси қабул қилинган. Бунинг сабаби нимада?

    Юқорида қайд этилган резолюцияга мувофиқ, 2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳадаги белгиланган мақсадларга эришиш учун, дунёдаги ҳар бир давлат географик жойлашуви, имкониятлари ва тараққиёт даражасини ҳисобга олган ҳолда, ўзининг миллий мақсадлари ва уларга эришиш стратегиясини белгилаб олган.

    Ўзбекистонда ҳам “2030 йилгача барқарор ривожланиш соҳадаги кун тартиби”ни амалга оширишнинг аниқ механизмини шакллантириш ва уларга эришиш мақсадида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан йўналишлар бўйича ишчи гуруҳлар тузилиб, ҳар бир глобал мақсад ва вазифаларни миллий устуворликлардан келиб чиққан ҳолда, мослаштириш бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди.

    Ўрганишлар натижасида жами 17 та глобал Барқарор ривожланиш мақсадларидан 16 таси бўйича Ўзбекистонда тегишли ишлар амалга оширилиши имконияти мавжудлиги аниқланди. Бунда мамлакатимиз ҳудуди океан ва денгиз билан туташмаганлиги инобатга олиниб, “Барқарор ривожланиш учун океанлар, денгизлар ва денгиз ресурсларини сақлаш ва барқарор фойдаланиш” деб номланувчи 14-мақсад ва унинг таркибига кирувчи 10 та вазифанинг юртимизда эришилиши имконияти мавжуд эмас, деб топилди.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 20 октябрдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан Ўзбекистон Республикаси учун долзарб ҳисобланган 16 та мақсад ва 125 та вазифа тасдиқланди.

    Ҳукуматнинг 2022 йил 21февралдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан белгиланган 16 та мақсадларга эришиш учун вазифалар сони 126 та кенгайтирилди ва 190 та миллий БРМ индикаторлари тасдиқланди.

    (Суҳбатнинг тўлиқ матнини “Янги Ўзбекистон” газетасининг 2023 йил 11 мартдаги ( № 48) сонида ўқишингиз мумкин)

    Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    март, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates