Ҳеч кимнинг фарзанди касал бўлмасин!

    Болам кўзини очганда, мен кўз ёшларимни тия олмасдим. У ҳали кичик, юраги нима учун оғриётганини тушунмайди. Аммо нигоҳларида яшаш, завқланиш ҳисси бор. Унга яшаш имконияти қайтариб берилди.

    Бу дунёда ҳеч кимнинг боласи касал бўлмасин. Учинчи фарзандим Сабрина туғма юрак нуқсони билан туғилганидан бери хаёлимдан шу гап кетмайди. У туғилган пайтидаёқ касаллиги ҳақида билганман. Қизим ҳозир беш ёшда. Шу беш йилда бош урмаган эшигимиз қолмади. Аксига олиб, бола катта бўлгани сайин, касалликнинг кучайиш хавфи ҳам ортаркан. Дўхтирларга олиб борсак, доим жарроҳлик амалиёти ўтказиш керак, дерди. Бунга маблағ қайда, дейсиз! Шароитимиз оғир, мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам ҳеч қаерда ишламаймиз. Қайнота-қайнонам ногирон, уларнинг нафақасига кун кечирамиз. Шундай ҳолатда операция учун маблағ ҳақида сўз бўлиши мумкинми?! Тақдирнинг бу синови олдида ожиз қолиб, кўз ёши тўкишдан бошқа чорам йўқ эди. Вақт эса ўтиб борарди.

    Шу йилнинг март ойида ҳаётимизда мўъжиза юз берди.

    Вилоятимизга пойтахтдан мутасаддилар борди. Ўшандаям қизим билан вилоят марказий шифохонасига ноумид қатнаётгандик. Масъуллар биз билан суҳбатлашди, дардимизни тинглади. Мен уларга болам кўз олдимда кундан-кун сўлиб бораётгани, уни даволатишга умуман имконим йўқлиги ҳақида айтдим. Раҳбарлар уйимизгача бориб, шароитимизни ўрганди. “Темир дафтар”га рўйхатга олишди. Ўшанда биринчи марта Тошкентдаги Болалар миллий тиббиёт маркази ҳақида эшитдим. Кўнглимда умид пайдо бўлди. Яхши инсонларнинг ёрдами билан ордер орқали шу шифохонага келдик.

    Бу ерда бизни жуда яхши кутиб олишди. Малакали, ширинсўз шифокор ва ҳамширалар бири қўйиб, бири ҳолимиздан хабар олиб турди. Бироз вақт даволангач, қизалоғимнинг юраги операция қилинди. Жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтди.

    Болам кўзини очганда, мен кўз ёшларимни тия олмасдим. У ҳали кичик, юраги нима учун оғриётганини тушунмайди. Аммо нигоҳларида яшаш, завқланиш ҳисси бор. Унга яшаш имконияти қайтариб берилди.

    Даволаниш жараёнида биздан ҳеч нарса талаб қилинмади. Ташхис, даволаш, операция жараёнлари ҳаммаси бепул ўтказилди. Уч маҳал иссиқ овқат билан таъминландик. Ҳозир қизим даволанаётган шифохона чет элникидан қолишмайди.

    Фарзандларимиз саломатлиги учун қайғургани, шундай шароит яратиб бергани учун Президентимиздан чексиз миннатдорман! Бу яхшиликни ҳаммага айтиб ўтаман, қизимнинг қулоғига қуйиб, катта қиламан.

    Муҳаббат ҲАМРОҚУЛОВА

    Шофиркон тумани