Ҳиндистон билан олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик янада ривожланади

    Таълим 16 октябр 2020 5111

    Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимлиги ва Ҳиндистоннинг Ражастон штатидаги Жайпур Манипал университети ўртасида видеоконференцалоқа шаклида мулоқот ташкил этилди.

    Масофавий анжумандан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз таълим соҳасига инвестицияларни янада фаол жалб қилиш ва бу борада Ҳиндистон билан ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат бўлди.

    Тадбирда Бухорода олий таълим тизимини ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор, соҳада эришилаётган ютуқлар, ёшларнинг юқори даражали билим олишга бўлган интилиши ҳамда вилоятда олий таълим муассасалари, жумладан халқаро университетлар очишга бўлган эҳтиёж ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, вилоятда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар, хорижий давлатлар билан ҳамкорлик учун яратилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Шунингдек, келгусида Бухорода Манипал университети филиалини очишнинг истиқболли йўналишлари ҳақида сўз юритилди.

    А.Шарма маълумотига кўра, Жайпур Манипал университети Манипал университетлари гуруҳи (Ҳиндистон) таркибида 2011 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда ушбу олий таълим муассасасида муҳандислик, архитектура, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, компьютер дастурлари, менежмент, тижорат, дизайнерлик, тасвирий санъат, меҳмонхона хизматлари, журналистика ва оммавий коммуникациялар, ҳуқуқшунослик ва гуманитар фанлар йўналишларида юқори малакали мутахассислар тайёрланади.

    Манипал университетлари гуруҳи таркибида Жайпур Манипал университетидан ташқари Манипал олий таълим академияси (Карнатака штати), Сикким Манипал университети (Сикким штати), Манипал халқаро университети (Малайзия), Манипал олий таълим академияси (Дубай) ва Антигуа Америка университети (Кариб ороллари) фаолият юритмоқда. Айни пайтда Индонезия ва Шри-Ланкада университетнинг филиалларини очиш бўйича музокаралар олиб бориляпти.

    Ушбу тизим хорижий давлатлар билан ҳамкорлик ўрнатиш борасида ҳам катта тажрибага эга. Жайпур Манипал университети 60 га яқин хорижий давлатларнинг 200 дан ортиқ нуфузли университети, жумладан Буюк Британиянинг Оксфорд университети, АҚШнинг Калифорния давлат университети, Чикаго университети, Германиянинг Гамбург техника университети ва Бремен университети, Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Туркиянинг Истанбул ва Карабук университетлари, Цингапур менежмент университети ва бошқалар билан яқин алоқа ўрнатган.

    Бухоро вилояти томонидан тақдим этилган маълумотлардан келиб чиқиб, А.Шарма вилоятда Манипал университетининг бўлимини очиш, ўқитувчилар малакасини ошириш ва ўзаро талабалар алмашинуви дастурлари бўйича яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди.

    Шунга кўра, ҳинд томони музокараларни давом эттириш мақсадида Манипал университети раҳбарияти, ўқитувчилари, талабалари ва Ражастон штати тадбиркорларидан иборат делегация пандемия чекловлари юмшатилгандан кейин Бухорога ташриф буюришини маълум қилди.

    Самарали ўтган тадбир сўнггида музокараларни мунтазам давом эттириш бўйича келишувга эришилди, деб хабар беради «Дунё» АА.