Ҳиндистон элчиси билан учрашув

    Халқаро ҳамкорлик 14 октябр 2020 1415

    Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабҳатни қабул қилди.

    Кейинги йилларда мамлакатимизда кузатилаётган кенг кўламли ислоҳотлар суръатига ҳамоҳанг сирдарёликлар ҳаётида ҳам туб ўзгаришлар кузатилмоқда. Меҳнаткаш Сирдарё халқини рози қилиш, турмуш шароитини яхшилаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳар жабҳада кўзга ташланади. Саноат, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик ривожи, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга кўтариш, хуллас, барча жабҳада янгиланишлар гувоҳи бўласиз.

    Ўтган вақт мобайнида вилоятда бир қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди, хайрли ташаббуслар амалиётга татбиқ этилди.

    Саноати ривожланаётган воҳа

    Сирдарё туманидаги «Сирдарё универсал ойна» МЧЖ янгиланаётган вилоятнинг ёрқин кўзгусидир. «Сирдарё» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган мазкур корхона фармацевтика ва озиқ-овқат саноати учун шиша идишлар ишлаб чиқаради. Эътиборга молик жиҳати, корхона иш бош­лаганидан буён кўп вақт ўтмаган бўлсада, экспортёрлар сафига киришга улгурган. Шунингдек, ушбу мажмуа мамлакатимиздаги дори-дармон саноати учун қадоқлаш воситалари ишлаб чиқараётган ягона корхона бўлиб, хомашё сифатида фақат ўзимизнинг маҳсулотлардан фойдаланади. Лойиҳанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 102 миллион дона шиша идишни ташкил этади. Корхонада 450 киши меҳнат қилади. Экспорт қуввати 2 миллион АҚШ долларига етди.

    Кейинги йилларда йўл қурилиши соҳасига илғор лойиҳаларнинг жорий этилиши эвазига тизим самарадорлигига эришилмоқда. Албатта, соҳа ривожланишида сифатли хомашёни тезкор равишда етказиб бериш муҳим омил ҳисобланади.

    Ховос туманида Хитой технологияси асосида қурилиши бошланган асфальт-бетон заводи яқинда ўз фаолиятини бошлади. 90 минг тонна тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллиард 60 миллион сўмни ташкил этади.

    “PENG-SHENG” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонаси ишлаб чиқариш ҳажмининг катталиги билан вилоятда алоҳида ўрин тутади. Корхонада оёқ кийимлар, чармдан ишланган буюмлар, электрон қулфлар, керамик плита, сантехника жиҳозлари ишлаб чиқарилади. Хорижий мамлакатларга экспорт қилинаётган маҳсулотларга бўлган талаб ортиб бораётгани мазкур корхонанинг мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўринга эга эканини кўрсатади. Кези келганда айтиш жоизки, корхона ҳудудида Ўзбекистон — Хитой дўстлик боғи ҳамда 30 ўринли мактабгача таълим ташкилоти барпо этилган. Сўлим боғнинг ёнгинасида жойлашган мазкур МТТда машғулотлар ўзбек, хитой, инглиз ва рус тилларида олиб борилади. Шунингдек, корхонага қарашли 150 гектар ер майдонида томчилаб суғориш технологияси асосида парваришланаётган ғўзалар жуда серҳосил, ҳар гектаридан камида 50 центнер ҳосил олинади.

    Вилоятнинг Сайхунобод туманида 2020 йилда 28 йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши кўзда тутилган. Улардан 8 таси саноат, 5 таси хизмат кўрсатиш, 15 таси эса қишлоқ хўжалигига тааллуқли. Саноат йўналишидаги йирик лойиҳалардан бири Сайхунобод тумани «Фаровон» МФЙда ташкил этилган “Salar un don non” МЧЖдир. Буғдойни қайта ишлаш орқали сифатли ун маҳсулотлари тайёрлашга ихтисослашган ушбу лойиҳанинг қиймати 19,9 миллиард сўм. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, ички бозорга 5,5 миллион, экспортга 7 миллион АҚШ долларлик маҳсулот сотади.

    Гидропоника усулидаги маҳсулот ташқи бозор талабига мос келяпти

    Вилоятда ташкил этилган йирик қўшма корхоналардан бири Мирзаобод туманидаги «Бек кластер» масъулияти чекланган жамияти ҳисобланади. Ушбу корхонага вилоятдан 18 минг гектар ер берилган. Ушбу ерларда пахта, ғалла ва бошқа донли экинлар парваришланмоқда. Ерга, экинларга ишлов берадиган янги замонавий техника воситалари харид қилинган. Мазкур қўшма корхонани ташкил этишдан мақсад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, уларни халқаро талаблар асосида етиштириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва экспортбоп қилиб тайёрлаш эди. Бунинг учун қўшма корхона ҳузурида маҳсулотларни етиштириш, қайта ишлаш ва текшириш илмий-амалий маркази ташкил этилди. Марказда тупроқ таҳлили, ўсимликлар биотехнологияси, селекция ва пахта уруғчилиги, ўсимликлар генетикаси лабораториялари фаолият юритмоқда. Бошқача айтганда, «Бек кластер»да қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга илмий асосда ёндашилади.

    — Бунинг сабаблари бор. Шу пайтгача деҳқончиликда ўсимликлар селекциясига, генетикасига эътибор берилмаган, — дейди «Бек кластер» раҳбари Улуғбек Сотиболдиев. — Тўғри келган нав дала, ер қандай бўлишидан қатъи назар, экилаверган. Ҳар бир даланинг, ернинг тупроқ қатлами ўрганилмаган. Қандай бўлмасин, экин эксак, ҳосил олсак, бас, деган фикрга асосланилган. Энди эса ҳаёт деҳқончиликда экиннинг ҳосилдорлигини оширишни, сифатини яхшилашни, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни, тўйимлилигини кучайтиришни талаб қилмоқда.

    «Бек кластер»да ана шундай муаммолар илмий асосда ҳал қилинади. Энг муҳими, корхона ўзи экади, етиштиради ва сотади. Яъни, қишлоқ хўжалиги саноатлашди. Қўшма корхонада 100 гектар майдонда Жанубий Корея технологияси асосида замонавий гидропоник иссиқхона барпо қилинмоқда. Иссиқхонада йилига 50 миллион долларлик маҳсулот етиштириш ва уни 100 фоиз экспортга чиқариш режалаштирилган. Ҳозир ишлаб чиқаришнинг мазкур замонавий занжир усули туфайли корхона ихтиёрига берилган майдонлардан аввалги йиллардагига нисбатан 7 центнер кўп ҳосил олинмоқда. Бунга, аввало, ернинг унумдорлигини ошириш ва вегетация жараёнида илмий ҳамда инновацион ёндашувлар асосий мезон бўляпти. Энг муҳими, кластернинг ҳар бир аъзоси пировард натижа мўмай даромад келтиришини тўлиқ англади. Яъни, буни ҳосил етиштирувчидан уни тайёр маҳсулот ҳолига келтирувчигача бўлган мустаҳкам ришта-занжир, деб тасаввур қилиш мумкин.

    Шу ўринда таъкидлаш лозимки, вилоят ҳудудида экин майдонларининг шўрланиш даражаси юқори. Ҳатто минглаб гектар ерлар неча йилдирки, яроқсиз ҳолга келиб, бекор турибди. Давлатимиз раҳбари бевосита танишган “Gran Ruta De La Seda” корхонасининг 9 гектарлик иссиқхонаси айни ўта шўрланган майдонда барпо этилди. Яна «Бек кластер» томонидан Гулистон ва Янгиер шаҳарлари оралиғидаги йўл ёқасидаги абгор ҳолда ётган ерда ҳам ана шундай йирик иссиқхона қурилди. «Тошкент — Термиз» автомагистрали четидаги гидропоника усулидаги 35 гектарлик иссиқхона фойдаланишга топширилди. Президентимиз топшириғига биноан, уларда етиштириладиган маҳсулотлар тури ҳам ранг-баранг, энг муҳими, ташқи бозор талабига мос бўлади. Масалан, Мирзачўл қовунини плёнка остида етиштириб, қишки экспортини ҳам йўлга қўйиш режалаштирилган. Яна тупроқ ўрнини босувчи кокос чиқиндиси ёрдамида маҳаллий шароитда бамбук ўстириш ҳам мақсад қилинган.

    Янги таълим масканлари, янги истеъдодлар

    Давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг февраль ойида Сирдарё вилоятига ташрифи чоғида Ҳалима Худойбердиева ижод мактабини ташкил этиш таклифини билдирган эди. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг «Гулистон шаҳрида Ҳалима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернатни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Яхши ният билан илк пойдевори қўйилган бу мактаб ҳозир адабиёт, санъат, умуман, ижод аҳлини бир жойга тўплайдиган масканга айланди. Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактаби 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, у ерда ўқув хоналари, шоира ҳаёти ва ижоди музейи, кутубхона, музокаралар ҳамда фаоллар зали, нашриёт ва тўгарак хоналари, 100 ўринли ошхона ва ётоқхона, ёзги ва қишки спорт майдони, қишки боғлар мавжуд.

    — Бино архитектураси нафақат замонавийлиги, балки миллий руҳда жиҳозлангани билан алоҳида аҳамият касб этиб турибди, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ғайбулла Юсупов. — Ижодкор ҳаётига бағишланган музей ўқувчилар учун шоира ҳаётига оид билимлар ва хотиралар масканига айланиб улгурди. Ушбу ижод мактабида 13 та тўгарак фаолият юритиб, ёшларни мактабнинг ўзидаёқ касб эгалари қилиб тарбияламоқда. Мунтазам ўтказиб борилаётган маҳорат дарслари, ёзувчи ва шоирлар, маданият арбоблари билан ижодий мулоқотлар ўқувчилар ва устозларни янада маънавий яқинлаштиряпти. Мактабнинг барча ўқувчилари тўгаракларга қамраб олинган. Уларнинг рус, инглиз, турк ва корейс тилларини ўрганишга қизиқиши ва иштиёқи баланд. Шубҳасиз, мазкур таълим маскани ёшларимизнинг баркамол инсон бўлиб вояга етишига асрлар оша хизмат қилади.

    Муттасил ҳаёт қайнаган маскан

    Сирдарё вилояти мамлакатимизнинг марказий қисмида, минтақамиздаги энг катта дарёлардан бирининг бўйида жойлашган бўлиб, ҳудудда сайёҳликнинг айрим турлари, айниқса, экотуризмни ривожлантириш имкониятлари катта. Шуни ҳисобга олган ҳолда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан вилоятнинг мазкур йўналишдаги салоҳиятини ошириш йўлида изчил ишлар қилиняпти. Жумладан, 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида 3 та оилавий меҳмон уйи, 5 та ресторан ва кафе ҳамда туроператорлик субъектлари ташкил этилди, шунингдек, туристик тоифадаги микроавтобус ҳамда электромобиллар қатнови бошланди. Гулистон темир йўл вокзали ҳамда «Шохрух» меҳмонхонаси ҳудудида туризм ахборот марказларининг фаолияти йўлга қўйилиб, шаҳарда Wi-Fi зоналари ташкил қилингани меҳмонлар учун катта қулайлик бўлди. Сирдарё вилоятининг туристик салоҳиятини рўёбга чиқаришда меҳмон ва сайёҳларни жалб қилувчи жиҳатларга, хусусан, «Шарқ экзотикасига» алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, вилоят ҳудудидан ўтувчи автомагистраль йўл бўйларида туячиликни ривожлантириш билан шуғулланувчи тадбиркорлар ва фермерлар томонидан ўтовлар қурилиб, туя сути ва эсдалик совғалар сотуви йўлга қўйилди. Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида Гулистон шаҳрининг турис­тик хариталари, туристик буклет, флаер ва рисола ишлаб чиқилиб, бепул тарқатила бошланди. Туристик салоҳиятни тарғиб қилувчи тарғибот-реклама баннери ўрнатилди. Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида хорижий мамлакатлардан ташриф буюрувчи сайёҳлар кўрсаткичи сезиларли даражада ошди. Демак, вилоятда тарихий ёдгорликлар Сардоба обидаси, Эски Ховостепа ва бошқа бир неча археологик аҳамиятга эга манзиллар билан чеклансада, экотуризмни ривожлантириш имконияти катта. Ана шу мақсадда бугун дарё бўйида бир неча турис­тик лойиҳалар татбиқ этиш устида ишлар олиб борилмоқда.

    Хулоса қилиб айтганда, бугун нафақат навқирон Сирдарёнинг кўриниши ва кўркамлиги тубдан ўзгармоқда, балки кечмиши минг йиллик тарихга эга ҳудудларида ҳам эврилишлар, янгиланишлар юз бермоқда. Улкан бунёдкорликлар боис яйдоқ чўл деб тасаввур қилинган Сирдарё вилояти кун сайин гуллаб, яшнаб, чирой очиб бормоқда.

    Гулсум ШОДИЕВА,

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates