Ҳиндистоннинг Ачаря институти билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди

    Таълим 29 июл 2022 2044

    Айни кунларда Деҳли шаҳрида Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида Ҳиндистон-Ўзбекистон бизнес-форуми бўлиб ўтяпти.

    Мазкур бизнес-форум турли соҳалардаги потенциал инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун майдон бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги савдо-саноат, транспорт алоқаларини ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги транзит йўлакларини кенгайтиришга хизмат қилади.

    Шу муносабат билан мазкур бизнес форум доирасида 28 июлда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ачаря институти (Ҳиндистон) ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

    Меморандумга асосан Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида Ачаря институтининг Ўзбекистондаги филиалини очилиш ҳамда келгусида мазкур олий таълим ташкилотида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида етук мутахассислар етишиб чиқарилиши кўзда тутилган.

    Эслатиб ўтамиз, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Шерматов жорий йил 19 январида Ачаря институти раҳбарияти билан учрашув ўтказиб, унда ушбу институт филиалини Ўзбекистонда очиш масалалари ҳам муҳокама қилинган эди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

    Маълумот учун:

    1990 йилда ташкил этилган Ачаря институти тармоғи Бангалордаги энг йирик хусусий таълим муассасаларидан биридир. Унинг таркибига 10 та институт ва 15 та тадқиқот марказлари киради. Ачаря институтлари тармоғида 75 мамлакатдан 15 мингдан зиёд талабалар ва 250 нафар докторант бор. Таълим 100 дан ортиқ ўқув дастурлари бўйича олиб борилади.