Ҳиндистоннинг “АCHARYA” институтлар тармоғи делегацияси Қоракўлда

    Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов Ҳиндистон Республикасининг “АCHARYA” институтлар тармоғи ижрочи директори Вишеш Чандрашекхар ҳамда корпоратив муносабатлар ва халқаро ишлар бўйича директор ёрдамчиси Саубхик Кумар Дейни қабул қилди.

    Музокара аввалида вилоят ҳокими меҳмонларга кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухорои шарифнинг бой тарихи ва маданияти тўғрисида атрофлича маълумот бериб, юртимизда илм–маърифатга қаратилаётган эътибор, қатор хорижий олий таълим даргоҳлари билан олиб борилаётган ҳамкорлик самаралари, айнан Қоракўл халқаро математика мактаби негизида рақамли инфратузилмани ривожлантиришга оид лойиҳалар хусусида тўхталди.

    Ўз навбатида Ҳиндистон делегацияси томони самимий қабул учун вилоят ҳокимлигига миннатдорлигини изҳор қилиб, “IT университет” лойиҳаси истиқболига катта ишонч билдирди. Меҳмонлар Ҳиндистонда ривожланаётган ахборот технологиялари соҳаси ва дунёда ўз мавқеига эга “АCHARYA” институтлар тармоғи тақдимотини ўтказди.

    — 1990 йилда мамлакатнинг йирик саноат ва рақамли технологиялар шаҳри Бонгалорда фаолият бошлаган “АCHARYA” институтлар тармоғи бугунга келиб, жаҳоннингг 70 та давлатидан таҳсил олаётган 15 мингдан ошиқ талабасига эга, – дейди олий таълим даргоҳи ижрочи директори Вишеш Чандрашекхар. — Халқаро талабаларига эгалиги билан институт мамлакатда иккинчи ўринда, дунё рейтингида эса кучли қирқликка кирган. Биздаги кутубхона фонди ва сўнгги русумдаги рақамли ахборот технологиялари мамлакат олий таълим тизимида биринчи ўринга кўтарилган.

    “АCHARYA” институтлар тармоғи Apple, Miсrosoft, Samsung каби дунёнинг йирик брендлари марказларига эга. Бухорода рақамли технологияларга ихтисослашган IT университет фаолиятини йўлга қўйишда яқин ҳамкорликни бошлаётганимиздан мамнунмиз. Бизга замон талабига жавоб берадиган бино жиҳозлаб берилса, ўз технологияларимиз ва сармоямизни киритиб, иш бошлашга тайёрмиз. Бу жараёнда маҳаллий кадрлар, яъни олий таълим даргоҳида дарс берадиган ўқитувчиларни саралаб, Ҳиндистонда малака ошириб қайтишларини ҳам таъминлаймиз. Қолаверса, Қоракўл туманида бўлиб, ёшлар таълимига қаратилган эътибор ва шарт-шароит билан танишдик. Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда унинг вилоят ҳудудий бошқармаси, шунингдек, Қоракўл тумани ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этган ва ҳар икки томон учун манфаатли бўлган музокара якунида томонлар ўзаро эсдалик совғаларини қабул қилдилар.

    Раббонқул МУХТОРОВ,

    Қоракўл туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари